Футбол: Ислом Каримов икки Бош мураббийни давлат мукофоти билан тақдирлади

Image caption Бу - Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг халқаро майдонларда эришган ютуқлари учун турли ёшдаги Ўзбекистон миллий терма жамоалари Бош мураббийлари ва аъзоларини илк бор тақдирлаши эмас

Ўзбекистон президенти мустақилликнинг 22 йиллиги муносабати билан Ёшлар миллий терма жамоаси Бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев ва Ўсмирлар миллий терма жамоаси Бош мураббийи Дилшод Нуралиевларга "Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган спорт устози" унвонини берди.

Ўзбекистон миллий терма жамоалари техник директори Рустам Акрамов ва Ўзбекистон Ёшлар терма жамоаси катта мураббийи Алексей Евстафеевлар эса, "Дўстлик" ордени билан тақдирланишди.

Президент Ислом Каримов бу хусусдаги фармонни кеча 23 август куни имзолади.

Жаноб Каримовнинг янги фармони "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий-ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш"ни кўзда тутади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси ўз тарихида кетма-кет икки бор тарихий натижа қайд этиб, шу йил Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг нимчорак ва чорак финал босқичларига чиққан.

Сўнгги Осиё чемпионатида эса, ярим финалгача кўтарилиб, жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон Ўсмирлар терма жамоаси Бош мураббийи Дилшод Нуралиев бошчилигида ўтган йили Осиё чемпиони бўлган.

Бунинг ортидан, бу йилги жаҳон биринчилигида иштирок этиш шарафига муяссар бўлган.

Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса, шу йилнинг 17 октябр куни Бирлашган Араб Амирликларида старт олиб, 18 ноябргача давом этади.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси Миржалол Қосимов бошчилиги остида шу йилнинг 6 ва 10 сентябр кунлари 2014 йилги жаҳон чемпионатига сўнгги йўлланмани олиш учун Иорданияга қарши плей-офф беллашувларини ўтказади.

Миллий терма жамоага халича ўз тарихида жаҳон биринчилиги финал беллашувларига чиқиш насиб этмаган.

Аммо бу гал илк бор ана шу мақсадини уддалашига жуда яқин қолган, бироқ сўнгги босқич саралаш беллашувларининг якуний учрашувлари натижасига мувофиққина тўртта нақд йўлланмадан бирини бой берганди.

Бироқ, таъкидлаш жоиз, шу пайтгача Ўзбекистондан бошқа бирор бир Марказий Осиё давлатига жаҳон чемпионати плей-офф босқич беллашувларигача кўтарилиш насиб этмаган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида эришган сўнгги тарихий ютуқ 2011 йилги Осиё Кубогига тўғри келади.

Жамоа Қатарда бўлиб ўтган сўнгги нуфузли турнирнинг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Ўзнинг қисқа тарихида эришган энг улкан ютуғи эса, 1994 йилги Осиё Ўйинлари чемпионлигини қўлга киритиши бўлган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич беллашувларини 15 октябр куни давом этдириб, Вьетнамга қарши майдонга тушади.

“Е” гуруҳида 2015 йилги Осиё Кубоги финал босқич беллашувларига чиқиш учун кураш олиб бораётган Ўзбекистон жорий пайтда 2 ўйиндан 1 очко тўплаган ҳолда Бирлашган Араб Амирликлари ва Гонгконгдан кейин 3-ўринни эгаллаб турибди.

Тарихча ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff
Image caption Ўзбекистон раҳбари 2011 йилда ҳам Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоасини Мексикада эришган тарихий ютуғи боис тақдирлашга қарор қилганди

Бу - Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг халқаро майдонларда эришган ютуқлари учун турли ёшдаги Ўзбекистон миллий терма жамоалари Бош мураббийлари ва аъзоларини илк бор тақдирлаши эмас.

Ўзбекистон раҳбари 2011 йилда ҳам Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоасини Мексикада эришган тарихий ютуғи боис тақдирлашга қарор қилганди.

Ўшанда Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоаси кетма-кет тарихий натижалар қайд этиб, ўзининг кўрсатган ўйини билан Мексикада катта шов-шувларга сабаб бўлганди.

Кўплаб футбол танқидчилари эса, майдонда қанчалик ҳужумкорликларини кўриб, ўзбекистонлик футболчиларга "довюрак" сифатини ҳам беришганди.

Мексикада Ўзбекистон Ўсмирлар миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқишини башорат қилаётганлар ҳам озмунча эмасди.

Уругвайлик рақибларига бой бериб қўйишларига қарамай, ўзбекистонлик футболчилар бир мағлубият ва уч ғалаба билан чемпионатнинг чорак финалига чиқишганди.

Ўшанда президент Каримов фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Ўсмирлар терма жамоаси раҳбарияти, мураббийлари ҳамда аъзолари фахрий нишон ва автомобиллар билан тақдирланишганди.

Миллий терма жамоа Бош ва катта мураббийлари Алексей Евстафеев ва Аҳмаджон Мусаевларга "Ласетти" (Lacetti) русумидаги енгил машиналар берилганди.

Ўзбекистон раҳбари, ўз ўрнида, Ўсмирлар миллий терма жамоасининг 13 аъзосига "Спарк" (Spark) русумидаги автомобил берилишига ҳам фармойиш берганди.

Фармойишда президент Каримовнинг, "Мексикада бўлиб ўтган сўнгги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшишгани учун уларни тақдирлашга қарор қилгани" айтилганди.