‘Анжи’ сардори Самуэль Это’О ‘Челси’ га ўтади

Image caption "Анжи” сардори “Челси”га ўтаётганидан ўз мамнуниятини изҳор этиб, тезроқ ўйнаш иштиёқида эканини” билдирган.

Россиялик миллиардер Роман Абрамович жамоаси камерунлик юлдуз ҳужумчи билан бир йилга расман шартнома имзолаган.

32 ёшли номдор футболчининг “Челси”га эркин агент мақомида ўтиши айтилмоқда.

Аммо, ҳозирча, янги имзоланган шартноманинг молиявий жиҳатлари тўлиқ аён эмас.

Қатор британ нашрларининг ёзишларича, Самуэль Это’О “Челси”га 7 миллион фунт стерлингга тушмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Самуэль Это'О - шу ой бошида "Анжи" раҳбарияти бюджетини кескин қисқартириши ва юлдуз футболчиларини сотишини эълон қилиши ортидан клубдан кетаётган бешинчи номдор футболчиси бўлади.

Унинг 2011 йилда уч йиллик шартнома билан асли доғистонлик миллиардер Сулейман Керимовнинг “Анжи”сига ўтиб, дунёнинг энг катта маошли футболчисига айлангани айтилганди.

Хабарларга кўра, Это’О “Анжи”да ҳафтасига £ 167.825 ишлаган.

Би-би-сига маълум бўлган хабарларда эса, ушбу шартнома тақдири: ўйинчи уни сотиб олганми ёки бекор қилгани тафсилотлари маълум эмас.

Сўнгги янгилик ортидан, Анжи” сардори “Челси”га ўтаётганидан ўз мамнуниятини изҳор этиб, тезроқ ўйнаш иштиёқида эканини” билдирган.

Бундан аввал Камерун миллий терма жамоаси сардорига Италиянинг “Интер” ва Англиянинг “Манчестер Юнайтед” жамоалари қизиқиш билдиришаётганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

Это’Онинг ўзи эса, Италиянинг бошқа бир жамоаси – “Наполи”ни кўз остига олаётгани айтилганди.

Яқинда Роман Абрамович жамоаси “Анжи”нинг бразилиялик номдор футболчиси 25 ёшли Виллианни ҳам 30 миллион фунт стерлингга сотиб олганди.

Бундан аввал Махачқалъа жамоасини тарк этган яна уч юлдуз хорижлик ўйинчилари эса, Россия Олий Лигасининг “Зенит” ва “Спартак” жамоаларига ўтишганди.

Тўрт карра “Африканинг энг зўр футболчиси” деб топилган Самуэль Это’О “Интер”(Милан)да тўп сурган пайтда “Челси” жорий Бош мураббийи Жозе Моуриньо бошчилиги остида Чемпионлар чемпиони бўлган.

“Анжи” Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг кўзга кўринган футболчиларидан бири ва ўша пайтда Тошкентнинг “Пахтакор” клуби сардори бўлган Одил Аҳмедов билан ҳам 2011 йилда тўрт йилга шартнома имзолаган.

Аммо Одил Аҳмедов ҳозирча “Анжи”да қолиш ва жамоага ёрдам бериш аҳдида қатъий экан.

Бу ҳақда яқинда Би-би-си Ўзбек Хизматига “Анжи” клуби матбуот воизи Мурод Латипов билдирганди.

“Анжи”ни буткул тарк этажак юлдуз футболчиларининг якуний рўйхати эса, шу ой охиригача маълум бўлади.

Россия Олий Лигаси 6-тур учрашуви ортидан, "Анжи" олти ўйиндан бор-йўғи 2 очко тўплаб, ҳануз турнир жадвалининг энг қуйи икки поғонасидан бирини эгаллаб турибди.

Сўнгги хабарлардан маълум бўлишича, юлдуз футболчиларининг клубни тарк этаётгани манзарасида "Анжи" "Краснодар" жамоасидан нигериялик ҳимоячиси Айоделе Аделейени "узоқ муддат"га деб, сотиб олган.

Шу мавсум якунига қадар Москванинг "Динамо"сидан тўрт ўйинчисини ҳам ижарага олган.

Одил Аҳмедов жамоаси 7-тур учрашувини 31 август куни сафарда "Терек"ка қарши ўтказади.

Бу мавзуда батафсилроқ