Оврўпо Лигаси: 'Анжи'нинг рақиблари маълум бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи anzhi

Монако шаҳрида ташланган қуръа натижасига мувофиқ, Одил Аҳмедовнинг "Анжи" жамоаси гуруҳ босқичида Англиянинг "Тоттенхэм", Молдованинг "Шериф" ва Норвегиянинг "Тромсе" жамоаларига қарши тўп сурадиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, "Анжи" ўтган мавсумда голландиялик номдор Бош мураббийи Гус Ҳиддинк бошчилиги остида ўз тарихида илк бор Оврўпо Лигасининг нимчорак финалига чиққан.

Аммо клуб раҳбариятининг жиддий ислоҳотларга оид шу ой бошидаги баёноти ортидан, "Анжи" бу йилги Оврўпо Лигаси беллашувларини ҳозирча олтита хорижлик юлдуз футболчисисиз ўтказади.

Доғистонлик миллиардер Сулейман Керимовнинг клуб бюджетини қисқартириш ва юлдуз футболчиларини сотиш қарори ортидан, "Анжи"ни ўтган уч ҳафта ичида россиялик қатор сара ўйинчилари дохил Лассана Диарра, Муборак Буссуфа, Виллиан, Жаоа Карлос, сардори Самуэль Это'О ва Кристофер Самболар ҳам тарк этишган.

Тажрибали дарвозабони Владимир Габулов ҳам Москванинг "Динамо" жамоасига ўтган.

"Анжи" бу йилги футбол мавсумини муваффақиятсиз бошлаб, Россия Олий Лигасида 6 ўйиндан бор-йўғи 2 очко тўплаб, ҳозирча турнир жадвалида қуйи икки ўриндан бирини эгаллаб турибди.

Махачқалъа жамоаси бугун 31 август куни 7-тур учрашувини Чеченистоннинг "Терек" клубига қарши сафарда ўтказади.

"Анжи" бундан аввалги икки учрашувини кетма-кет бой берганди.

Сулейман Керимов "Анжи" назоратини қўлга киритган 2010 йил якунида клубни Оврўпонинг манаман деган жамоаларига рақобатбардош қилиш истагида эканини баён қилганди.

Қатор халқарою маҳаллий оммавий-ахборот воситалари ҳам ўшанда клуб соҳибининг мураббийлар, футболчиларннг маошлари ва янги ўйинчиларни харид қилиш учун йилига ўн миллионлаб доллар маблағ сарфлаш ниятида экани ҳақида ёзишганди.

Ўтган уч йил давомида “Анжи” сафларини 2002 йилги жаҳон чемпиони Роберто Карлос, уч карра Чемпионлар лигаси ғолиби Самуэль Это’О, Англия ва Испания чемпиони, франциялик ярим ҳимоячи Лассана Диарра каби кўплаб юлдуз футболчилар тўлдиришганди.

Клубнинг жиддий ислоҳотларга оид сўнгги кутилмаган баёноти ортидан эса, айрим оммавий-ахборот воситалари бунга молиявий омиллар ҳам сабаб бўлгани ҳақида ёзишди.

Улар бунга 31 июл куни Сулейман Керимов йирик ҳиссадорларидан бири бўлган “Уралкалий” ширкати ҳиссаларининг чорак фоизга қадрсизланиб кетганини мисол қилиб келтиришди.

Таҳлилчиларга кўра, бунинг оқибатида бизнесмен қарийб ярим миллиард доллар зиён кўрган.

Би-би-сининг Москвадаги мухбирига кўра, жаноб Керимовнинг клубдан воз кечиши мумкинлиги ҳақида ҳозирча бирор бир хабар йўқ. Бироқ узоқ келажакда бундай эҳтимолни назардан соқит этиб бўлмайди.

ҚОЛГАН ҚУРЪА НАТИЖАЛАРИ ЭСА, ҚУЙИДАГИ ТАРТИБДА БЎЛДИ:

А гуруҳи: "Валенсия", "Суонси", "Кубань" , "Санкт-Галлен" B гуруҳи: ПСВ, "Динамо" Загреб, "Черноморец", "Лудогорец" C гуруҳи: "Стандард", "Зальцбург", "Эльфсборг", "Эсбьерг" D гуруҳи: "Рубин", "Виган", "Марибор", "Зюлте-Варегем" E гуруҳи: "Фиорентина", "Днепр", "Пасуш де Феррейра", "Пандурий" F гуруҳи: "Бордо", АПОЭЛ, "Айнтрахт", "Маккаби" Тель-Авив G гуруҳи: "Динамо" Киев, "Генк", "Рапид", "Тун" H гуруҳи: "Севилья", "Фрайбург", "Эшторил", "Слован" I гуруҳи: "Лион", "Бетис", "Витория Гимараэш", "Риека" J гуруҳи: "Лацио", "Трабзонспор", "Легия", "Аполлон" K гуруҳи: "Тоттенхэм", "Анжи", "Шериф", "Тромсе" L гуруҳи: АЗ, ПАОК, "Маккаби" Хайфа, "Шахтер" .