'Анжи' ўзига келдими ёки навбат Оврўпо Лигасига

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anzhi

Ўзбекистонлик сара футболчи Одил Аҳмедов тўп сурувчи Махачқалъа жамоаси кетма-кет икки мағлубияти ортидан, "Терек"ка қарши 7-тур учрашувида дурангга эришди.

Кеча 31 август куни Чеченистон пойтахти Грознийда бўлиб ўтган ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди.

Бу - "Анжи" клуб раҳбариятининг жиддий ислоҳотларга оид шу ой бошидаги баёноти ортидан Россия Олий Лигаси ўйинларида қайд этаётган илк дуранг натижасидир.

Жамоа, ҳатто, Австрияда ҳозирлик кўрганига қарамай, бундан аввал "Зенит" ва "Краснодар"га қарши икки учрашувини кетма-кет бой берганди.

"Краснодар"га қарши сўнгги учрашувида бўлгани каби бу гал ҳам ўйинда ҳисобни биринчи бўлиб (33-дақиқа)да "Анжи" очди.

Одил Аҳмедов жамоаси шундан сўнг 51 дақиқа ҳисобни тутиб турганига қарамай, 84-дақиқада мезбон "Терек" 11 метрлик жарима тўпи ёрдамида ҳисобни тенглаштирди.

Бугунги ўйинда ҳам ўзбекистонлик сара футболчи майдонда тўлиқ тўп сурди.

Бироқ "Терек"ка қарши ўйинда асли доғистонлик миллиардер Сулейман Керимовнинг жамоаси майдонга аксарият хорижлик футбол юлдузларисиз тушди.

Клуб раҳбариятининг ўз бюджетини кескин қисқартириш қарори ортидан, ўтган уч ҳафта ичида Лассана Диарра, Муборак Буссуфа, Виллиан, жамоа сардори Самуэль Это'О ва Кристофер Самболар "Анжи"ни тарк этиб улгуришди.

Тажрибали дарвозабони Владимир Габулов дохил қатор россиялик номдор ўйинчилари ҳам Россия Олий Лигасининг бошқа клубларига ўтиб кетишди.

"Терек"ка қарши ўйинда "Анжи"нинг хорижлик футболчиларидан фақат Эвертон Алмейда, Жусилей Да Силва ва Ласина Траореалар майдонга тушишди, холос.

Сўнгги натижаси ортидан, Одил Аҳмедов жамоаси турнир жадвалида бир ўрин юқорилаб, 16 жамоа орасидан 14-ўринга кўтарилиб олди.

Қуйи икки ўринларни эса, "Терек" ва "Томь" клублари эгаллаб туришибди.

"Анжи" энди навбатдаги учрашувини 19 сентябр куни ўтказади ва Оврўпо Лигаси гуруҳ босқич беллашувларининг илк учрашувида сафарда Молдованинг "Шериф" жамоасига қарши тўп суради.

Эслатиб ўтамиз, "Анжи" ўтган мавсумда голландиялик номдор Бош мураббийси Гус Ҳиддинк бошчилиги остида ўз тарихида илк бор Оврўпо Лигасининг нимчорак финалига чиққан.

Нимчорак финали беллашувини эса, ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, Англиянинг "Ньюкасл" жамоасига бой берганди.

Аммо клуб раҳбариятини ўзининг янги ва кутилмаган стратегиясини эълон қилишидан сал аввал Гус Ҳиддинк "Анжи"дан кетганди.

Шу боис ҳам, "Анжи" бу йилги Оврўпо Лигаси учрашувларини доғистонлик янги ва собиқ Бош мураббийи Гажи Гажиев бошчилиги остида ўтказади.

Куни-кеча Монако шаҳрида ташланган қуръа натижасига мувофиқ, Одил Аҳмедовнинг "Анжи" жамоаси гуруҳ босқичида Англиянинг "Тоттенхэм", Молдованинг "Шериф" ва Норвегиянинг "Тромсе" жамоаларига қарши тўп суради.