Профессионал бокс: Руслан Чагаев WBA Intercontinental камари учун рингга тушмоқчи

  • 1 Сентябр 2013
  • изоҳлар
Фото муаллифлик ҳуқуқи rt.com
Image caption Бўлажак жанг ғолиби WBA Intercontinental ва PABA камарлари соҳибига айланади

Ўзбекистонлик донгдор боксчи 5 октябр куни сербиялик рақиби Йово Пудар билан жанг ўтказмоқчи.

Ушбу жанг ғолиби WBA Intercontinental ва PABA камарлари соҳибига айланади.

Бўлажак жанг тафсилотлари ҳақида боксга ихтисослашган қатор халқаро интернет нашрлари хабар тарқатишган.

Руслан Чагаев профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони саналади.

Унинг бўлажак рақиби Йово Пудар эса, PABA (Pan Asian Boxing Association) камарининг амалдаги соҳибидир.

Аён бўлишича, икковлон Владимир Кличко ва Александр Поветкинлар ўртасидаги жангдан аввал рингга тушишади.

Украиналик донгдор боксчи Владимир Кличко профессионал бокснинг IBF, WBO, IBO таснифларида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони, WBA таснифида эса, суперчемпиондир.

Унинг россиялик бўлажак рақиби, WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони Александ Поветкин ана шу тўртта камар соҳиблигини қўлга киритиш учун рингга чиқади.

Ҳар икки жанг ҳам 5 октябр куни Россия пойтахти Москва шаҳридаги 14.000 кишилик "Олимпийский" спорт мажмуасида бўлиб ўтади.

Бўлажак рақиблар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Руслан ашаддий рақибининг навбатдаги жангидан олдин рингга чиқади

34 ёшли Руслан Чагаев профессионал рингда 34 та жанг ўтказган бўлса, шунинг 31 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва яна бир жангида дуранг натижа қайд этган.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи учраган ана шу икки мағлубият эса, айнан Владимир Кличко ва Александр Поветкинлар билан жангларига тўғри келади.

Унинг 42 ёшли бўлажак рақиби Йово Пудар профессионал рингда 30 та жанг ўтказган бўлса, шунинг учтасида мағлубиятга учраган.

Хабарларга кўра, икковлон ўртасидаги жанг ғолиби Александр Поветкиннинг WBA таснифидаги жаҳон чемпионлиги камари учун бемалол кубалик боксчи Луис Ортиз билан жанг ўтказиши мумкин бўлади.

Агар, Кличко-Поветкин жангги дуранг натижа билан якунланадиган бўлса, ғолиб муваққат жаҳон чемпионлиги камари учун Луис Ортиз билан беллашиб, сўнгра доимийсини қўлга киритиш учун Александр Поветкинга қарши рингга тушиши керак бўлади.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган.

Режалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Руслан бундан аввал имконият бўлиши билан Владимир Кличко билан ҳам рингга тушиш нияти борлигини айтганди

Ўзбекистонлик донгдор боксчи қатор жанглар ўтказиш билан WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, шу йил охирларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушишни режалаган.

Руслан Чагаев ўтган ва шу йил ҳисобидан ўтказган ҳар тўрт рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

Агар 2012 йил ноябр ойидаги маълумотларга қаралса, Руслан Чагаев сўнгги жанггига қадар WBA рейтингида 3-ўринни эгаллаб турганди.

Руслан ўтган йил август ойида Олмониянинг ўзи қарийб 10 йилдан буён шуғулланиб келган Universum Box-Promotion клуби билан шартномасини бузган ва сўнгги жангларини эркин агент мақомида ўтказган.

Руслан Чагаев бир неча ойдан буён янги мураббийси Шугар Ҳилл қўл остида Американинг Детройт шаҳрида шуғулланиб келган ва яқинда Олмонияга қайтганди.

Унинг аввалроқ биз билан суҳбатида айтишича, бундан кейинги машғулотларини ҳар икки мамлакатда ҳам давом этдириш режасидадир.

Ҳаваскор боксда ҳам бир неча бор Осиё ва Жаҳон чемпионлари бўлган Руслан Чагаев профессионал боксда ҳам энг оғир вазн тоифасида дунёдаги энг кучли боксчилардан бири саналади.