Бразилия 2014: 'Биз Ўзбекистон миллий терма жамоасига ишонамиз'

  • 6 Сентябр 2013
  • изоҳлар

Иорданияга қарши илк плей-офф босқичи учрашуви олдидан Ўзбекистон Футбол Уюшмаси вакили ана шундай ишонч изҳор қилди.

Иордания ва Ўзбекистон ўртасидаги Аммандаги учрашув эса, бугун 6 сентябр куни Тошкент вақти билан 21:00да "Қирол Абдулла" стадионида бошланади.

Уюшма матбуот воизи Санжар Ризаевга кўра, жамоа сўнгги имкониятдан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилади ва ўз кучларига ишонишади.

Ўзбекистон ҳам, Иордания ҳам 2014 йилги жаҳон чемпионати сўнгги босқич беллашувларида Осиё қитъасига ажратилган тўғридан-тўғри тўртта йўлланмани бой беришганди.

Аммо қитъанинг 10 миллий терма жамоаси ичидан ўз гуруҳларида 3-ўринни эгаллаб, плей-офф босқич беллашувлари орқали ўз курашларини давом эттириш имкониятини сақлаб қолишганди.

Икки Осиё вакили ўртасидаги плей-офф босқичи беллашувларининг дастлабки учрашуви 6 сентябр куни Иордания пойтахти Амманда бўлиб ўтади.

Ўзбекистон бу йил ушбу босқичга етиб келган ягона Марказий Осиё давлати бўлса, Иордания ҳам қолган араб давлатлари орасидан фақат ўзи бундайин ҳуқуқни қўлга киритган.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, икковлонга ҳам ҳозирча ўз тарихларида жаҳон биринчилигининг финал босқичида тўп суриш насиб этмаган.

Худди шу омил назарда тутилса, дастлабки плей-офф босқичи беллашувларида мағлуб бўлган жамоа бу йил ўз тарихида бунга эришишнинг сўнгги имкониятини бой беради.

Эртанги учрашув арафасида ҳар икки томон ҳам бу каби курашга ҳозир эканликлари ва ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилиш учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишларини таъкидлашмоқда.

Агар, рақамларга қаралса, Ўзбекистон ва Иордания турли халқаро турнирлар доирасида бир-бирларига қарши етти бор майдонга тушишган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу ўйинларни учта ғалаба, учта дуранг ва битта мағлубият билан якунлаган.

Икковлон бир-бирларига қарши тўп сурган сўнгги нуфузли турнир эса, сўнгги Осиё Кубоги бўлади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтган беллашувларнинг чорак финалида Иорданияга қарши тўп сурган ва рақибини 2:1 ҳисобида мағлуб этганди.

Иорданияга қарши плей-офф босқичининг жавоб учрашуви эса, 10 сентябр куни Тошкентда бўлиб ўтади.

Ҳар икки учрашув натижасига мувофиқ ғолиб чиққан миллий терма жамоа эса, Осиё қитъасидан жаҳон чемпионатига сўнгги йўлланмани қўлга киритиш учун Жанубий Америка саралаш баҳсларида бешинчи ўринни эгаллаган рақибини ҳам енгиши шарт бўлади.

Ушбу тур беллашувлари шу йилнинг 15 ва 19 ноябр кунларига режаланган ва бу жамоанинг эса, энг катта эҳтимол билан Уругвай бўлиши кутилмоқда.

'Кўнглимиз тўқ'

Учрашув арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида Ўзбекистон Футбол Уюшмаси матбуот воизи Санжар Ризаев миллий терма жамоанинг Иорданияга қарши ўйинга ҳозирлигидан кўнгиллари тўқлигини айтди.

"Албатта кўнгил тўқ бўлади. Биз ишонамиз. Лекин хавфсираш ҳам, албатта, бор. Сабаби - Иордания саралаш мусобақаларида иштирок этган ва шу босқичга етиб келган ягона араб жамоаси ҳисобланади. Иордания плей-офф учрашувларига олдиндан тайёр эди. Яъни, ўз гуруҳида учинчи ўринни олиши нисбатан аниқроқ эди. Бизлар эса, ўша тўғридан-тўғри йўлланмага умид қилиб турган эдик. Лекин ҳозир футболчилар ва мураббий ҳам имконият ҳали ҳам борлигини ҳис қилишади ва ана шу сўнгги имкониятдан ҳам унумли фойдаланиш учун ҳаракат қилишади. Яъни, рақибга ҳурматни сақлаган ҳолда, биз ўз кучимизга ишонамиз", дейди у.

Ўзбекистон Футбол Уюшмаси матбуот воизи Иорданияга қарши плей-офф босқичи беллашувлари олдидан ҳам ўз олдларига қўйган мақсадлари имкон қадар жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш бўлиб қолавериши ва бунга ишонишларини таъкидлайди.

"Албатта, биз жамоага ишонамиз. Сабаби - бунинг учун футбол уюшмаси бир неча йиллар давомида ишлади. Яъни, қаердадир хатолар бўлди, қаердадир қоқилишлар бўлди ва ўзимизга хулосалар чиқардик. Ва шу сабабли ҳам, ҳозир ана шу ишимизнинг самарасини кўришни истаймиз", дейди Санжар Ризаев.

Суҳбатдошимиз суҳбатимиз сўнггида Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида бироз йўқотишлар борлигига қарамай, уларга ишонишларини алоҳида таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал олган жиддий жароҳатлари туфайли миллий терма жамоанинг тажрибали дарвозабони Игнатий Нестеров ва етакчи ярим ҳимоячиларидан бири Шоҳруҳ Гадоевлар Иорданияга қарши ўйинда майдонга туша олмасликлари хабар қилинганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг "InterFutbol" газетасига берган сўнгги суҳбатида таъкидлашича, терма жамоа сафида жароҳат олган футболчиларнинг борлиги унинг кўнглини бироз хира қилган.

"Кетма-кет беш нафар футболчимиз жароҳат олиб, сафдан чиқишди. Азиз Ҳайдаровнинг жароҳати бор эди. Тошкентга келганидан сўнг шамоллаб қолди. Нестеров, Гадоев, Мусаев ва Тожиевнинг жароҳатлари хуруж қилди. Улар қаторига Ҳайдаров қўшилди. Лекин майдонга 11 нафар футболчи тушади. Қолган ўйинчилар жароҳат олганларнинг йўқлигини билдирмаслик учун астойдил ҳаракат қилишлари керак. Ўзларига берилаётган имкониятдан максимал даражада фойдаланишлари талаб этилади", - деб айтган Бош мураббий ўз суҳбатида.

Аммо, "InterFutbol" газетасига берган худди шу суҳбатига таянилса, Миржалол Қосимов Иорданияга сафарлари олдидан ўтказилган машғулотлардан кўнгли тўлган.

"Йигитлар олдинда қандай ўйин кутиб турганини жуда яхши англашяпти. Буни уларга алоҳида уқтириш ҳам керак эмас", - деб айтган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи.

Бўлажак ўйинларга ҳозирлик

Image caption Бу - Ўзбекистоннинг ўз тарихида иккинчи бор жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига чиқишидир

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, Иордания Ўзбекистонга қарши плей-офф беллашувларидан олдин учта халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказган.

Август ойининг ўзида Фаластин ва Ливияга қарши иккита халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, ҳар икковида ҳам ғалаба қозонган.

Яқинда 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-турида сафарда Сурия билан 1:1 дуранг ўйнаган.

Ўзбекистон эса, Иорданияга қарши эртанги ўйинида майдонга бирор бир халқаро ўртоқлик учрашувисиз тушади.

Миллий терма жамоанинг 14 август куни Туркияга қарши режаланган ўртоқлик ўйини бекор қилинган, аммо 2014 йилги жаҳон чемпионати плей-офф босқичи беллашувларига ҳозирлик сифатида шу куни Тошкентда ўзаро ўртоқлик-назорат учрашуви ўтказган.

Август ойи охири ва сентябр ойининг дастлабки ҳафтасида аввал легионерларисиз, сўнгра эса, улар иштирокида кетма-кет иккита йиғин уюштирганди.

Бунинг сабабини изоҳларкан, Ўзбекистон Футбол Уюшмаси матбуот воизи Санжар Ризаев, "менда бор маълумотга кўра, Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун рақиб топилмаган ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда иккига бўлиниб, ўзаро назорат учрашувини ўтказди", дейди.

Аммо, уюшма вакилининг таъкидлашича, "бу - ўзларининг тайёргарликларига путур етказа олмайди".

Бўлажак плей-офф босқичи беллашувлари арафасида Осиё Футбол Конфедерацияси президенти шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа ҳам ҳар икки миллий терма жамоага омад тилаган.

Иордания ва Ўзбекистон ўртасидаги Аммандаги учрашув эса, Тошкент вақти билан 21:00да "Қирол Абдулла" стадионида бошланади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртанги рақибидан фарқли тарзда 2005 йилда ҳам жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичигача кўтарилган.

Аммо япониялик ҳакамнинг хатоси туфайли миллий терма жамоанинг Тошкентдаги 1:0 ҳисобидаги ғалабаси бекор қилинган ва ана шу можаролар ортидан, сафарда урилган голлар ҳисобига Баҳрайн плей-офф босқич беллашувларида ғолиб чиққанди.

Осиё қитъасидан 2014 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини эса, ҳозирча Япония, Эрон, Жанубий Корея ва Австралия қўлга киритишган.