Руслан Чагаев: 'Мен фақат ғалаба учун рингга тушаман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистонлик донгдор боксчи бу ҳақда икки камар соҳиблиги тикилган бўлажак жангги олдидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида билдирди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Руслан Чагаев 5 октябр куни WBA Intercontinental ва PABA камари учун сербиялик боксчи Йово Пударга қарши рингга тушади.

"Ўзим ҳам ҳозир шунга ҳаракат қиламан. Жудаям қаттиқ тайёргарлик кўраяпман. Жангда фақат ютишга ҳаракат қиламиз", дейди ўзбекистонлик номдор боксчи.

Руслан Чагаев ўз олдига қўйган якуний мақсади ҳали-ҳануз профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камарини қайтариб олиш эканини айтади.

"Буни олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман: Ҳозир фақат жаҳон чемпионлиги камарини олишга ҳаракат қилаяпмиз, Худо хоҳласа," - дейди у.

Руслан Чагаев, "ҳозир бўлажак жангига тайёргарликлар яхши кетаётгани, жорий пайтда Артур Григорян ўзига мураббийлик қилаётгани, тез орада америкалик мураббийи ҳам ўзларига қўшилиши"ни айтади.

34 ёшли Руслан Чагаев профессионал рингда 34 та жанг ўтказган бўлса, шунинг 31 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва яна бир жангида дуранг натижа қайд этган.

Унинг 42 ёшли бўлажак рақиби Йово Пудар профессионал рингда 30 та жанг ўтказган бўлса, шунинг учтасида мағлубиятга учраган.

Бўлажак режалар

Ўзбекистонлик номдор боксчига кўра, 5 октябр куни сербиялик рақибини енгса, WBA рейтингида 1-ўринга кўтарилиш учун кубалик боксчи Луиз Ортиз билан рингга тушиш ниятида.

Бу мавқеъга кўтарилиш эса, боксчига биринчи даъвогар мақомини беради ва амалдаги жаҳон чемпиони у билан жанг ўтказиши шарт бўлади.

Эслатиб ўтамиз, профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камари ҳозир россиялик боксчи Александр Поветкинда.

Украиналик донгдор боксчи Владимир Кличко эса, худди шу таснифда жаҳоннинг суперчемпиони саналади.

Бу икковлон эса, 5 октябр куни Руслан Чагаев - Йово Пудар жангидан кейин рингга чиқишади.

Владимир Кличко - Александр Поветкин ўртасидаги жангга IBF, WBO, IBO, WBA таснифларида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камари тикилади.

Ҳар икки жанг ҳам 5 октябр куни Россия пойтахти Москва шаҳридаги 14.000 кишилик "Олимпийский" спорт мажмуасида бўлиб ўтади.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган.

Руслан Чагаев ўтган ва шу йил ҳисобидан ўтказган ҳар тўрт рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

Руслан ўтган йил август ойида Олмониянинг ўзи қарийб 10 йилдан буён шуғулланиб келган Universum Box-Promotion клуби билан шартномасини бузган ва сўнгги жангларини эркин агент мақомида ўтказган.

Руслан Чагаев бир неча ойдан буён янги мураббийси Шугар Ҳилл қўл остида Американинг Детройт шаҳрида шуғулланиб келган ва яқинда Олмонияга қайтганди.