Бразилия 2014: Иордания 1-1 Ўзбекистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

2014 йилги жаҳон чемпионатига сўнгги йўлланмани қўлга киритиш учун ўз курашини давом эттираётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси дастлабки плей-офф босқичининг илк учрашувида сафарда дуранг натижа қайд этди.

Учрашувнинг 1-бўлими Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яққол устунлиги остида кечди.

Жамоа сардори Сервер Жепаров, Баҳодир Насимов, Жасур Ҳасанов ва Виталий Денисовларда рақиб дарвозасини нишонга олишнинг бир эмас, бир неча имконияти бўлди.

Лекин, шунга қарамай, ўйинда ҳисобни мезбон Иордания миллий терма жамоаси очди.

Учрашув 1-бўлимининг 30-дақиқасида Мусаб ал-Лаҳам жамоасини олдинга олиб чиқди.

Аммо орадан бор-йўғи 5 дақиқа ўтиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров ўйинда ҳисобни тенглаштирди.

1:1 дуранг ҳисоби учрашув 1-бўлими якунига қадар ўзгармади.

2-бўлим

Аммандаги “Қирол Абдуллоҳ” стадионида кечган ўйиннинг 2-бўлими Иордания миллий терма жамоасининг устма-уст ҳужуми билан бошланди.

Мезбон жамоада ўзбекистонликларнинг дарвозасини бир неча бор нишонга олишнинг яққол имконияти бўлди.

Аммо иорданиялик футболчиларнинг ҳужумларида аниқлик етишмади. Бошқа томондан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимояси ва дарвозабони Мурод Зуҳуров ҳам панд бермади.

Орада ўзбекистонлик футболчилар, жумладан, жамоа сардори Сервер Жепаров ва Виталий Денисовларда ҳисобни ўз фойдаларига ҳал қилишнинг бир қанча имконияти бўлди.

Аммо иорданияликлар дарвозабони ҳар гал хавфни бартараф этишнинг уддасида чиқди.

Мезбон Иордания миллий терма жамоаси сўнгги сонияларгача босимини сусайтирмаган эса-да, ҳар икки миллий терма жамоа учун муҳим бўлган учрашувда ҳисоб ўзгармади.

Икки Осиё вакили ўртасидаги дастлабки плей-офф босқичининг илк учрашуви 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал олган жиддий жароҳатлари туфайли миллий терма жамоанинг тажрибали дарвозабони Игнатий Нестеров дохил қатор синашта ўйинчилари Иорданияга қарши ўйинда майдонга туша олишмаганди.

Жавоб учрашуви эса, 10 сентябр куни Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бўлиб ўтади.

Буёғи нима бўлади?

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, ҳар икки миллий терма жамоага ҳам ҳозирча ўз тарихларида жаҳон биринчилигининг финал босқичида тўп суриш насиб этмаган.

Худди шу омил назарда тутилса, дастлабки плей-офф босқичи беллашувларида мағлуб бўлган жамоа бу йил ўз тарихида бу каби шарафга эришишнинг охирги имкониятини ҳам бой беради.

Ҳар икки учрашув натижасига мувофиқ ғолиб чиққан миллий терма жамоа эса, Осиё қитъасидан жаҳон чемпионатига сўнгги йўлланмани қўлга киритиш учун навбатдаги плей-офф босқич беллашувларида Жанубий Америка саралаш баҳсларида 5-ўринни эгаллаган жамоани ҳам енгиши шарт бўлади.

Ушбу тур беллашувлари шу йилнинг 15 ва 19 ноябр кунларига режаланган ва бу миллий терма жамоанинг энг катта эҳтимол билан Уругвай бўлиши кутилмоқда.