Миржалол Қосимов: 'Истеъфо сўрайман'

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Осиё қитъаси плей-офф босқич беллашувларидаги мағлубиятлари ортидан, "барча айбни ўз бўйнига олиб, истеъфо сўраши"ни айтган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Уюшмаси расмий веб саҳифасида чоп этилган ўйин орти матбуот анжумани тафсилотларидан аён бўлган.

"Жаҳон чемпионатига чиқишни истаган эдик. Аммо вазифа бажарилмади. Барча айбни ўз бўйнимга олган ҳолда истеъфо сўрайман. Жамоага янги қон керак", деб айтган Миржалол Қосимов.

Кеча 10 сентябр куни Тошкентда бўлиб ўтган жавоб учрашуви ортидан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, дастлабки плей-офф босқичи беллашувларини Иорданияга ютқазиб, 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқишнинг сўнгги имкониятини ҳам бой берганди.

"Пахтакор" стадионида кечган ва ҳар икки Осиё вакили учун ҳам ҳал қилувчиси бўлган учрашув тақдирини пенальтилар серияси ҳал қилганди.

11 метрлик жарима тўпларини амалга оширишда Иордания омадлироқ чиқиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасини 8:9 ҳисобида мағлуб этганди.

Икковлон ўртасида ўтган ҳафта Амманда кечган дастлабки учрашув 1:1 дуранг ҳисоби билан якунлангани боис, ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, Осиё минтақаси плей-офф босқичи беллашувлари Иордания фойдасига ҳал бўлганди.

Бразилия 2014: Ўзбекистон жаҳон чемпионати билан хайрлашди

Аммо, айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Иорданияни мағлуб этган тақдирда ҳам, жаҳон чемпионатига сўнгги йўлланмани қўлга киритиш учун Ўзбекистон Жанубий Америка вакилига қарши қитъалараро плей-офф босқичида ҳам ғалаба қозониши шарт эди.

Ўз тарихида илк бор Осиё минтақаси плей-офф босқичига чиқиб, унда зафар қучган Иордания миллий терма жамоаси Бош мураббийи Ҳусам Ҳасан ҳам, "Тошкентда бўлган ўйиннинг қийин ва асабий бўлгани"ни тан олиб, "Ўзбекистонга фақат омад етишмаганлиги"ни таъкидлаган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, ўзининг қисқа тарихида айнан кеча "истеъфо сўраши"ни айтган Бош мураббийи Миржалол Қосимов бошчилиги остида икки бор жаҳон биринчилигининг дастлабки плей-офф босқичига чиққан.

2005 йилда эса, фақатгина япониялик ҳакамнинг хатоси ва бунинг ортидан келиб чиққан можаролар туфайли, қитъалараро якуний плей-офф босқичига чиқиш имконини бошқа бир араб давлати - Баҳрайнга бой берганди.

Икки бор Осиё минтақаси плей-офф босқичига кўтарилиш эса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон биринчилиги саралаш босқич беллашувларида қайд этган энг юксак натижа ҳисобланади.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Миржалол Қосимов Бош мураббийлиги остида 2014 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишига жуда яқин қолган ва "А" гуруҳида бўлиб ўтган сўнгги босқич саралаш беллашувлари якуний натижасига мувофиққина, ундан мосуво қолганди. Фақат тўплар нисбатидаги фарққина уларга панд берганди.

Вадим Абрамов эса, ўзи Бош мураббийлик қилган 2011 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоасини ўз тарихида илк бор Осиё Кубогининг ярим финалига олиб чиққан.

Бош мураббий

Image caption Орада жамоага бразилия, россия, олмония ва англиялик футбол мутахассислари ҳам мураббийлик қилишган

Миржалол Қосимов ўтган йил июн ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз майдонида Эронга қарши сўнгги босқич саралаш беллашувлари дастлабки учрашувини бой бериши ортидан, Вадим Абрамовнинг ўрнига иккинчи бор Бош мураббий этиб тайинланганди.

Ўз вақтида ҳақли равишда юлдуз футболчилардан бири деб тан олинган Миржалол Қосимов миллий терма жамоа баробарида Тошкентнинг "Бунёдкор" клубини ҳам бошқариб келади.

Миржалол Қосимов дастлаб 2006 йилда Рауф Инилеев билан бирга миллий ва Олимпия терма жамоаларига ҳаммураббийлик қилишни бошлайди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги жаҳон чемпионати якуний босқич саралаш беллашувларидаги кетма-кет мағлубияти ортидан, 2008 йилда жамоага Бош мураббий этиб тайинланади.

Аммо йил ўтиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2011 йилги Осиё Кубоги саралаш босқич учрашувларидаги муваффақиятсизлиги сабаб, ўз вазифасини топширади.

Унинг ўрнига Вадим Абрамов Бош мураббий этиб тайинланади.

Вадим Абрамов унгача Тошкентнинг "Локомотив" клубига бошчилик қилиб келган.

Ўзининг порлоқ футболчилик карьераси давомида Миржалол Қосимов "Пахтакор", "Динамо" (Минск), "Алания" (Владикавказ) каби жамоаларда тўп суриш қаторида собиқ СССР Олимпия терма жамоаси аъзоси ҳам бўлган.

Россия чемпиони, уч бор "Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси" саналади.

12-Осиё Ўйинлари ғолиби, Ўсмирлар ўртасида жаҳон (1987) ва Оврўпо чемпиони (1988) бўлган.

Ўтган йил эса, Андижон вилоятида Миржалол Қосимов номида футбол мактаби ҳам очилганди.

Бу - Ўзбекистонда машҳур футболчи шарафига очилган илк мактаб бўлади.

Миржалол Қосимов ўтган йил Ўзбекистонда "Йилнинг энг яхши мураббийи", деб тан олинган.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, 1994 йилдан буён Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси 16 бор ўзгарган.

Орада жамоага бразилия, россия, олмония ва англиялик футбол мутахассислари ҳам мураббийлик қилишган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида эришган энг катта ютуғи эса, 1994 йилга тўғри келади.

Жамоа ўшанда Биродар Абдураимов ва Рустам Акрамовлар ҳаммураббийлиги остида Японияда бўлиб ўтган Осиё Ўйинлари ғолиби бўлганди.