Самуэль Это'О: 'Аввалига Моуриньодан нафратланганман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Камерунлик юлдуз футболчи дунёнинг энг номдор мураббийларидан бирига бўлган муносабатини Би-би-сига берган суҳбати чоғида ана шундай очиқлади.

Ҳозир россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг бойвачча "Челси"си ҳужумчиси бўлган Это'Онинг айтишича, Жозе Моуриньо билан кейинчалик апоқ-чапоқ бўлиб кетганликларига қарамай, дастлаб бир-бирларини кўрарга кўзлари бўлмаган.

32 ёшли юлдуз ҳужумчи нега "Интер" ёки "Манчестер Юнайтед" қолиб, "Челси"га ўтишга қарор қилгани сабабини ҳам айнан португалиялик мураббий билан изоҳлаган.

Устоз ва шогирд бундан аввал 2010 йилда Миланнинг "Интер"и билан бирга Чемпионлар чемпионлигини қўлга киритишган.

Самуэль Это'Онинг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, Жозе Моуриньо билан ўзаро муносабатлари жуда қизиқ бўлган.

"Аввалига бир-биримизга тоқат қилолмаганмиз. Аммо, кейинчалик, бир-биримизга меҳр қўйиб кетганмиз", дейди у.

Самуэль Это'O яқинда эркин агент мақомида бир йиллик шартнома билан мовийлар сафига қўшилган ва яна ўзининг собиқ Бош мураббийи қўл остида тўп суришни бошлаганди.

Тўрт карра "Африканинг энг зўр футболчиси" 2011 йилда "Анжи" билан уч йилга шартнома имзоларкан, дунёнинг энг юқори маошли футболчисига айланганди.

Аммо "Челси"га ўтаркан, маоши ҳам 17 миллиондан 7 миллион фунт стерлингга тушиб қолган.

"Барибир Моуриньо билан ишлагим келади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Би-би-си эса, машҳур футболчи билан унинг ҳаётига бағишланган туркум ҳикоялар биринчисининг тақдимот маросими чоғида суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Суҳбат чоғида Самуэль Это'О "Интер"да бир неча бор жиққа-мушт бўлиб қолишганига қарамай, барибир португалиялик номдор мураббийси билан ишлашни ёқтиришини тан олган.

"Бир-биримизга оғзимиздан кўпигимизни сачратиб, бақирган, оғзимизга келган сўзни қайтармай, сан-манга борган ўйинларни ҳалиям эслайман. Кейин икковимиз ҳам қилган ишимиздан роса пушаймон бўлганмиз", дейди у.

"Бироқ менга Жозе Моуриньонинг муаммоларни қандай ҳал қилиши ёқади. У ҳақиқий эркак кишидек йўл тутади. Менга эса, унинг айнан ана шу хислати ёқади. Шунинг учун ҳам, қачон Жозе Моуриньо билан ишлаш имконияти туғилса, мен шу заҳотиёқ ундан фойдаланиб қолишга ҳаракат қиламан".

"Гапнинг дангалини гапиради"

Фото муаллифлик ҳуқуқи cfc

Самуэль Это'Онинг айтишича, собиқ ва янги Бош мураббийининг дангалчилиги, ҳақ сўзни айтишга келганда, юзинг-кўзинг деб ўтирмаслигини ҳам жуда ёқтиради.

"Жозе менга фақатгина мураббий эмас. У ҳақиқатни тап тортмай гапирадиган инсон ҳам".

"Ёнингда ҳар доим шунга ўхшаш одамнинг бўлиши жудаям муҳим. Бизнинг фаолиятимизда эса, бундайлар жуда кам учрайди".

Камерун миллий терма жамоаси сардорининг даъво қилишича, "Анжи" соҳиби клуб бюджетини кескин қисқартириш учун юлдуз футболчиларини сотиш ҳаракатига тушиб қолганига қарамай, бу ёз Россияни тарк этиш истагида бўлмаган.

Юлдуз футболчига кўра, Жозе Моуриньонинг биргина қўнғироғи ҳамма режаларини ўзгартириб юборган.

"Россиядаги ҳаётимдан нолимасдим. Лекин Лондонга учиб, қўниб келишим учун биргина собиқ мураббийимнинг қўнғироғи кифоя қилди. Мен ҳаётимнинг яна бир қувончли босқичи бошланаркан-да, дедиму, йўл тараддудини кўрдим. Бу ерга келганимдан жуда мамнунман. Чунки "Челси" ажойиб клуб".