'Миржалол Қосимов истеъфоси масаласида ҳар тарафлама қарор қабул қилинди'

  • 17 Сентябр 2013

Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот воизи Санжар Ризаевнинг айтишича, "ҳамма нарса тарозида ўлчаниб, ҳозирча Миржалол Қосимовнинг терма жамоада қолиши энг яхши ва энг тўғри қарор экани тушуниб етилгач, унинг истеъфоси қабул қилинмаган".

"Бу ерда, биласизми, уларга эътироз билдираётган ёки омад тилаётган ишқибозларнинг гапларини кўриб чиқиб, инобатга олган ҳолда, тегишли мутасадди шахслар билан бу қарорга келинди", дейди Санжар Ризаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов куни-кеча миллий терма жамоа Бош мураббийнинг истеъфога оид аризасини унинг ўзи билан юзма-юз мулоқоти чоғида муҳокама қилган ва рад этган.

Миржалол Қосимовнинг бунга расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.

Федерация вакили биз билан суҳбатида раддия тафсилотлари сабаби ўзига маълум эмаслиги, бу - юзма-юз мулоқот бўлгани боис, Бош мураббийнинг терма жамоада қолган ёки қолмаганлигига оид хабар билан чекланишини билдирди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов ўтган ҳафта Иорданияга қарши Осиё қитъаси плей-офф босқич беллашувларидаги мағлубиятлари ортидан Тошкентда берган расмий матбуот анжумани чоғида "барча айбни ўз бўйнига олиб, истеъфо сўраши"ни баён қилганди.

"Жаҳон чемпионатига чиқишни истаган эдик. Аммо вазифа бажарилмади. Барча айбни ўз бўйнимга олган ҳолда истеъфо сўрайман. Жамоага янги қон керак", деб айтганди Миржалол Қосимов.

Жамоа сўнгги ютқизиғи ортидан, жаҳон чемпионатига чиқишнинг сўнгги имкониятини ҳам бой берганди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Уюшмаси расмий веб саҳифасида чоп этилган матбуот анжумани тафсилотларидан маълум бўлганди.

Янгилик ва муносабат

Image caption "Жаҳон чемпионатига чиқишни истаган эдик. Аммо вазифа бажарилмади. Барча айбни ўз бўйнимга олган ҳолда истеъфо сўрайман. Жамоага янги қон керак", деб айтган эди Миржалол Қосимов

Миллий терма жамоа Бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг истеъфога оид аризаси Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан рад этилганига оид хабар кеча душанба куни мамлакатдаги қатор футболга ихтисослашган интернет нашрларида пайдо бўлганди.

Веб саҳифалар ушбу хабарни тарқатишаркан, бу ҳақда “Бунёдкор” клуби матбуот хизмати ходими Аброр Имомхўжаев твиттердаги саҳифасида маълум қилган"ини айтиб ўтишганди.

Миржалол Қосимов миллий терма жамоа билан ҳамоҳангликда Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасига ҳам Бош мураббийлик қилиб келади.

Веб саҳифалар Аброр Имомхўжаевнинг твиттердаги саҳифасидан олинганини айтиб, “ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов МТЖ Бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг истеъфосини қабул қилмади ва аввалдан белгиланган стратегия – миллий терма жамоа асосини Жаҳон чемпионатида тобланган иқтидорли ёшлар билан тўлдириб бориш вазифасини давом эттиришга чақирди”, деган сўзларини иқтибос ўлароқ келтиришганди.

Сўнгги янгилик ушбу интернет нашрлари ўқувчилари орасида турли муносабатларга сабаб бўлган ва бўлмоқда. Қолдирилган изоҳларнинг сони эса, бир неча юзга етган.

Изоҳларни ўқир экансиз, уларнинг аксариятида, ўқувчиларнинг "Ўзбекистон Футбол Федерацияси ўзларининг фикрлари билан ҳисоблашмаганлиги"дан норозилик руҳи яққол сезилади.

Дейлик, stadion.uz интернет нашрида қолдирилган ана шундай изоҳларнинг бирида, "Энди футболни унутиб, бошқа бир соҳага қизиқамиз шекилли. Бошқа гапиришга гап қолмади, 3 ойдан бери, менимча, айтилмаган гаплар қолмадиёв. Яхшиси ҳам, ёмонлари ҳам айтилиб бўлинди", дейилади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу каби изоҳларга Ўзбекистон Футбол Федерациясининг муносабати қандай бўлаётгани саволига Санжар Ризаев, "Биласизми, биз мағлубиятдан кейин эмоциялар ёки ҳис-туйғулар асирига айланиб, одатда шунга ўхшаш гаплар кўпайиб кетади. Лекин Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти алоҳида раҳбарлар, тегишли мутасаддилар ва дахлдор шахслар билан маслаҳатлашган ҳолда мана шу қарорга келган", - дейди.

"Бу нарсани қўллаб-қувватлайман. Чунки ҳозирги вазиятда Миржалол Қосимовга ишониш - миллий терма жамоада у бошлаган ишни охирига етказиши учун замин яратиб беради ва бу энг тўғри қарор, деб биламан".

Бош мураббий

Image caption Жамоа сўнгги ютқизиғи ортидан, жаҳон чемпионатига чиқишнинг сўнгги имкониятини ҳам бой берганди

Миржалол Қосимов ўтган йил июн ойидан буён Ўзбекистон миллий терма жамоасига бошчилик қилиб келади.

У миллий терма жамоа билан бирга Тошкентнинг "Бунёдкор" клубини ҳам бошқаради.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, ўзининг қисқа тарихида айнан истеъфоси рад этилган Бош мураббийи Миржалол Қосимов бошчилиги остида икки бор жаҳон биринчилигининг дастлабки плей-офф босқичига чиққан.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Миржалол Қосимов Бош мураббийлиги остида 2014 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишига жуда яқин қолган ва "А" гуруҳида бўлиб ўтган сўнгги босқич саралаш беллашувлари якуний натижасига мувофиққина, ундан мосуво қолганди. Фақат тўплар нисбатидаги фарққина уларга панд берганди.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, 1994 йилдан буён Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси 16 бор ўзгарган.

Орада жамоага бразилия, россия, олмония ва англиялик футбол мутахассислари ҳам мураббийлик қилишган.

Жамоа шу йилнинг 15 октябр куни Вьетнамга қарши 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш учрашувларининг навбатдагисида майдонга тушиши керак.

“Е” гуруҳида навбатдаги Осиё Кубоги финал босқич беллашувларига чиқиш учун кураш олиб бораётган Ўзбекистон жорий пайтда 2 ўйиндан 1 очко тўплаган ҳолда Бирлашган Араб Амирликлари ва Гонгконгдан кейин 3-ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистон Қатарда бўлиб ўтган сўнгги 2011 йилги Осиё Кубоги беллашувларида тарихий натижа қайд этиб, илк бор турнирнинг ярим финалига чиққан.

Бу мавзуда батафсилроқ