Миллий терма жамоа бошқарувига хориждан мутахассис таклиф этилиши мумкин

  • 19 Сентябр 2013
Image caption Расмий хабарда федерация президенти Мираброр Усмоновнинг қайд этишича, терма жамоа бошқарувига хориждан тажрибали мутахассисларни жалб этиш режаси ҳам бор

Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерацияси расмий веб саҳифаси хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи масаласи 2014 йил январ ойига қадар ҳал этилади.

Аммо, Ўзбекистон Футбол Федерацияси вакилига кўра, ҳозирча танловлар ҳақида гапиришга эрта.

Унинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу келаси йилнинг январ ойида аён бўлади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов ўтган ҳафта Иорданияга қарши Осиё қитъаси плей-офф босқич беллашувларидаги мағлубиятлари ортидан Тошкентда берган расмий матбуот анжумани чоғида "барча айбни ўз бўйнига олиб, истеъфо сўраши"ни баён қилганди.

"Жаҳон чемпионатига чиқишни истаган эдик. Аммо вазифа бажарилмади. Барча айбни ўз бўйнимга олган ҳолда истеъфо сўрайман. Жамоага янги қон керак", деб айтганди Миржалол Қосимов.

Жамоа сўнгги ютқизиғи ортидан, жаҳон чемпионатига чиқишнинг сўнгги имкониятини ҳам бой берганди.

Истеъфо ва раддия

Image caption Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2011 йилда Осиё Кубогида ўз тарихидаги энг юксак натижани қайд этиб, ярим финалга чиққан

Шу ҳафта сешанба куни Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов миллий терма жамоа Бош мураббийи истеъфосини рад этгани расман тасдиқланганди.

Аммо федерация қарорига расман изоҳ берилмаган ва истеъфога оид аризасининг рад этилишига Бош мураббий Миржалол Қосимов муносабати ҳам маълум эмасди.

Сўнгги янгилик ортидан федерация матбуот воизи Санжар Ризаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида, "ҳамма нарса тарозида ўлчаниб, ҳозирча Миржалол Қосимовнинг терма жамоада қолиши энг яхши ва энг тўғри қарор экани тушуниб етилгач, унинг истеъфоси қабул қилинмаган"ини билдирганди.

Футбол федерацияси тарқатган бугунги хабардан аён бўлишича, ҳозир Ўзбекистон миллий терма жамоаси олдига 2015 йилги Осиё Кубогининг финал босқичига чиқиш вазифаси қўйилган.

Ҳамда Вьетнамга қарши 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувлари 3-тур учрашувига жуда оз вақт қолганини назарда тутиб, "уюшма президенти Мираброр Усмонов Бош мураббий истеъфоси бироз кечиктирилиши"ни айтган.

"Ҳозир эса, кайфиятни туширмай, бўлажак масъулиятли ўйинларга жиддий ҳозирлик кўриш зарур"лигини таъкидлаган.

“Е” гуруҳида навбатдаги Осиё Кубоги финал босқич беллашувларига чиқиш учун кураш олиб бораётган Ўзбекистон жорий пайтда 2 ўйиндан 1 очко тўплаган ҳолда Бирлашган Араб Амирликлари ва Гонгконгдан кейин 3-ўринни эгаллаб турибди.

Пайшанба кунги расмий хабардан аён бўлишича, ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи лавозимига маҳаллий мутахассислар орасидан муносиб номзодлар кўриб чиқилмоқда.

Аммо, хабарда федерация президенти Мираброр Усмоновнинг қайд этишича, терма жамоа бошқарувига хориждан тажрибали мутахассисларни жалб этиш режаси ҳам бор.

Бош мураббий

Image caption Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоасига 2012 йил июн ойидан буён Бош мураббийлик қилиб келади

Агар, айрим маълумотларга таянилса, 1994 йилдан буён Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси 16 бор ўзгарган.

Орада жамоага бразилия, россия, олмония ва англиялик футбол мутахассислари ҳам мураббийлик қилишган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг қисқа тарихида айнан истеъфоси рад этилган Бош мураббийи Миржалол Қосимов бошчилиги остида икки бор жаҳон биринчилигининг дастлабки плей-офф босқичига чиққан.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Миржалол Қосимов Бош мураббийлиги остида 2014 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишига ҳам жуда яқин қолган ва "А" гуруҳида бўлиб ўтган сўнгги босқич саралаш беллашувлари якуний натижасига мувофиққина, ундан мосуво қолганди. Фақат тўплар нисбатидаги фарққина уларга панд берганди.

Аммо Миржалол Қосимовнинг истеъфога оид аризасини Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов томонидан рад этилганига оид хабар интернет оламида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Бу хусусда ўз мулоҳазаларини билдирган маҳаллий футбол ишқибозларининг аксарияти, "Ўзбекистон Футбол Федерацияси ўзларининг фикрлари билан ҳисоблашмаганлиги" ва "миллий терма жамоада бошқа Бош мураббийни кўриш истагида эканликлари"ни изҳор этишаётганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу каби изоҳларга Ўзбекистон Футбол Федерациясининг муносабати қандай бўлаётгани саволига Санжар Ризаев, "Биласизми, биз мағлубиятдан кейин эмоциялар ёки ҳис-туйғулар асирига айланиб, одатда шунга ўхшаш гаплар кўпайиб кетади. Лекин Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти алоҳида раҳбарлар, тегишли мутасаддилар ва дахлдор шахслар билан маслаҳатлашган ҳолда мана шу қарорга келган"ини айтганди.

Федерация матбуот воизи, "Бу нарсани қўллаб-қувватлаши, ҳозирги вазиятда Миржалол Қосимовга ишониш - миллий терма жамоада у бошлаган ишни охирига етказиши учун замин яратиб бериши ва буни энг тўғри қарор, деб билиши"ни таъкидлаганди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоасига 2012 йил июн ойидан буён Бош мураббийлик қилиб келади.

Бу мавзуда батафсилроқ