Футбол: Юлдуз Лионель Месси яна маҳкамага тортилади

Тўрт карра "Жаҳоннинг энг зўр футболчиси" ва унинг отаси Хорхе Месси Испания маҳкамаси томонидан солиқ фирибгарлигида айбланишмоқда:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Агар, маҳкама томонидан илгари сурилаётган даъволарга қаралса, икковлон қаллоблик йўли билан 4 миллион евродан ортиқроқ солиқни масъуллардан яширишга муваффақ бўлишган.

Гумон қилинишича, улар Лионель Мессининг суратидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиш учун четдаги: Белиз ва Уругвайдаги ширкатлардан фойдаланишган.

Аммо икковлон ҳам тарихи 2077-09 йилларга бориб тақалувчи ушбу айбларни тан олишмаётир.

ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЮЛДУЗИ ЛИОНЕЛЬ МЕССИНИНГ БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ҲИКОЯЛАРИ:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Яна қанақа маҳкама?

Дунёнинг энг сара ҳужумчиси ва унинг отасини Гава тумани маҳкамаси сўроқ қилади.

Лионель Мессининг ўзи яшовчи Барселонанинг энг бой мавзеъларидан биридаги жума кунги маҳкама жараёнининг ёпиқ ўтиши айтилмоқда.

Улар уч банд бўйича Испания Солиқ тизимини чув туширишда айбланишмоқда.

Мессининг суратини босиш ҳуқуқидан тушган даромад "Banco Sabadell", "Danone", "Adidas", "Pepsi-Cola", "Proctor and Gamble" ва Қувайт Озиқ-овқат ширкати билан имзоланган шартномалар билан боғлиқ.

Шу йил август ойида бу икки судланувчи тўламай юрганликлари айтилган 4.16 миллион евро миқдоридаги солиқни фоизи билан бирга қўшиб, беш миллион евро қилиб қайтаришганди.

Бироқ давлат прокурорлари уларни ҳануз тинч қўйишмаётир.

Мадриддаги мухбиримизнинг айтишича, Испаниядаги иқтисодий инқироз сабаб, солиқ мулозимлари Месси ва отасига бунчалик "қаттиқ кетаётган" бўлишлари мумкин.

"Бизнинг айбимиз йўқ"

Аввалроқ юлдуз футболчи ўзи ва отаси "ҳеч қачон ҳеч қандай қаллобликларга қўл уришмагани, солиқларни доимо ўз вақтида тўлаб келишгани"ни таъкидлаганди.

Лионель Месси дунёнинг энг кўп маош олувчи спортчиларидан бири саналади.

Унинг "Барселона"даги соф йиллик даромади 16 миллион евро атрофида экани айтилади.

Устига устак, тужжорий ҳомийлик қилиш билан шуғулланувчи дунёнинг кўплаб ширкатлари билан бир неча миллион долларлик шартномалар ҳам имзолаган.

Яъни, футбол майдонидаги санъати ва ютуқлари бизнесда ҳам унинг бозорини чаққон қилган.

Аргентинанинг камбағалгина оиласидан чиққан ва болалигидан жиддий хасталикка чалинган Месси 13 ёшида "Барселона"нинг назарига тушади.

Орадан уч йил ўтиб, соғлиғи тиклангач, илк бор жамоа сафида майдонга тушади.

Дунёнинг энг юлдуз футболчилари орасида энг камтарларидан бири саналиши назарда тутилса, бу каби айбловлар Лионель Мессининг обрўсига жиддий зарба бериши мумкин.