‘Одил Аҳмедов ‘Зенит’га ўтмайди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anzhi

Ўзбекистонлик сара футболчи тўп сурувчи Россиянинг “Анжи” жамоаси матбуот хизмати вакили Александр Удальцов бу хусусда мамлакат нашрларида тарқалган хабарларни рад этди.

Унинг айтишича, бу ҳақдаги хабарлар асоссиз, Одил Аҳмедов ва Санкт-Питербург жамоаси ўртасида ҳеч қандай дастлабки музокаралар ҳам бўлмаган.

Яқинда Россияда чоп этилувчи йирик нашрлардан бири бўлган “Известия” “Зенит” Одилни қишки трансфер мавсумида сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида ёзганди.

"Известия" газетаси, ҳатто, "Зенит" Бош мураббийи Лучано Спалеттининг шахсан ўзи "меҳнаткаш ва жисмоний жиҳатдан кучли бўлган футболчига қизиқиш билдирган"ини қўшиб ўтганди.

Питерликлар мураббийси ўзбекистонлик футболчини Константин Зиряновнинг ўрнига кўзлаётганини ҳам билдирганди.

Мақолада томонлар ўртасида дастлабки музокаралар бўлиб ўтгани ва Одил Аҳмедов шу қишда "Зенит"га ўтиши мумкинлиги айтилганди.

Унинг трансфер қиймати эса, хабарда 10 миллион еврога баҳоланганди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Махачқалъанинг "Анжи"си Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг кўзга кўринган футболчиларидан бири ва ўша пайтда Тошкентнинг "Пахтакор" клуби сардори бўлган Одил Аҳмедов билан 2011 йилда тўрт йилга шартнома имзолаган.

"Зенит" бугунги кунда Россиянинг энг бойвачча ва серхарж жамоаларидан саналади.

Айрим маълумотларга қаралса, ҳозир Одил Аҳмедов тўп сураётган "Анжи"нинг ўтган йилги бюджети 180 миллион долларни ташкил этган бўлса, "Зенит"ники 280 миллион долларга тенг бўлган.

Аммо лекин

"Анжи" клуби раҳбарияти ўтган ой бошида кутилмаганда номдор ўйинчиларини сотиши, ўз бюджетини кескин қисқартириши ва бундан буёғига маҳаллий ёш футболчиларига орқа қилишини эълон қилганди.

Клуб соҳиби доғистонлик миллиардер Сулейман Керимовнинг ушбу қарори ортидан, "Анжи"ни орада кечган вақт ичида россиялик қатор сара ўйинчилари дохил сардори Самуэль Это'о, Лассана Диарра, Муборак Буссуфа, Виллиан, Жаоа Карлос ва Кристофер Самболар ҳам тарк этишган.

"Анжи" раҳбариятининг сўнгги баёноти ортидан Россиянинг турли интернет нашрлари ва оммавий-ахборот воситаларида Одил Аҳмедовга маҳаллий "Краснодар" ва "Зенит" клублари қизиқиш билдиришаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Бироқ "Анжи" матбуот воизи аввалроқ Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Одил Аҳмедов ҳозирча клубда қолиш ва жамоага ёрдам бериш аҳдида қатъий эканини билдирганди.

"Известия" газетаси шу йил июн ойида ўзбекистонлик юлдуз футболчига Лондоннинг "Арсенал" жамоаси қизиқиш билдираётгани ҳақида ёзганди.

Ушбу хабарларда Оврўпонинг энг олд жамоаларидан бўлган "Арсенал"нинг Одил Аҳмедов учун 4 миллион евро тўлашга рози" экани айтилганди.

Одил Аҳмедов 2012 йилда ўзи ҳозир тўп сураётган "Анжи" клубида ўтган мавсумнинг "Энг зўр футболчиси", деб топилганди.

Аммо бу йилги футбол мавсумини муваффақиятсиз бошлаган “Анжи” жорий пайтда 11 ўйиндан 6 очко тўплаган ҳолда Россия Олий Лигасида тўп сураётган 16 жамоа орасидан энг сўнгги ўринни эгаллаб турибди.