Дилшод Нуралиев: 'Панамага қарши ўйин осон бўлмайди'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки учрашувида Панамани 2:0 ҳисобида мағлуб этди.

Панама дарвозасига киритилган ҳар икки тўп ҳам учрашув 2-бўлимига тўғри келди.

68-дақиқада Шоҳжаҳон Аббосов ўйинда ҳисобни очган бўлса, орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас Рустамжон Ашурматов ҳисобни 2:0 га етказди.

Жамоа дастлабки ғалабаси ортидан, худди шу куни Хорватияни енгишга муваффақ бўлган Марокаш билан бирга "С" гуруҳи пешқадамига айланди.

Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси Бош мураббийси жума куни ўйин олдидан жаҳон чемпионати гуруҳ босқич саралаш беллашувининг Панамага қарши дастлабки учрашуви ҳар икки миллий терма жамоа учун ҳам осон кечмаслигини айтганди.

Ўйин пайшанба куни жаҳон биринчилиги старт олган Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида Тошкент вақти билан кеч соат 21:00 бошланди.

"Биз жаҳон чемпионатига ўтган бир йил давомида тайёргарлик кўрдик. Мен ўйлайманки, гуруҳимиздаги тўртта миллий терма жамоа ҳам бир хил даражадаги жамоалар. Бу ерда фаворит ёки аутсайдер йўқ. Бизларнинг ҳар бир ўйинимиз кучли жамоаларга қарши бўлади", - деб айтди Дилшод Нуралиев ўйинолди матбуот анжуманида.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси амалдаги Осиё чемпиони сифатида жаҳон кубоги учун ўз курашини бошлайди.

Жамоа ўзи тушган "С" гуруҳидан кейинги босқичга чиқиш учун яна Марокаш ва Хорватия билан куч синашади.

Ўзбекистонлик ўсмирлар кейинги учрашувларини 21 октябр куни Марокаш ва орадан уч кун ўтиб, Хорватияга қарши ўтказишади.

Барча учрашувлар Фужайра шаҳрида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси Мексикада бўлиб ўтган 2011 йилги жаҳон чемпионатида тарихий натижа қайд этиб, чорак финалга чиққан.

ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ: ЎЗБЕКИСТОН - ПАНАМА, ЎЙИН ОЛДИДАН СЎНГГИ ҲОЗИРЛИКЛАР, ФОТОРЕПОРТАЖИМИЗДА, ЭКСКЛЮЗИВ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff

Жаҳон чемпионлиги учун эса, жаъми 24 миллий терма жамоа кураш олиб боради. Уларнинг орасида Бразилия ва Аргентина каби жаҳон футболининг наҳанглари ҳам бор.

Бош мураббий Дилшод Нуралиев ҳар бир миллий терма жамоа учун жаҳон чемпионатида тўп суриш шараф экани, улардан ҳеч бири ўз олдига биринчиликка шундоқ келиб, қатнашиб кетиш вазифасини қўймаслигини алоҳида таъкидлайди.

"Менимча, битта ҳам жамоа ўзининг олдига бунақа вазифа қўймайди. Қолаверса, ҳар бир жамоанинг ҳам ўз олдига қўйган мақсади бор. Шулар қатори жамоамизнинг ҳам олдида мақсади бор. Бизларнинг болаларимиз ҳам, Худо хоҳласа, ўз Ватани, ўз юрти, қолаверса, Осиё чемпиони сифатида қитъани ҳам муносиб намоён этишга қўлларидан келганча ҳаракат қилишади", - дейди Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси Бош мураббийи.

Агар, расмий хабарларга таянилса, миллий терма жамоа олдига Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиқиш вазифаси қўйилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff

Бош мураббий Дилшод Нуралиевнинг таъкидлашича, қайси бир миллий терма жамоа алоҳида бир ўйинга, айниқса, дастлабки учрашувга руҳан тўғри тайёргарлик кўра олса, ўша жамоада устунлик, ғалаба қозониш имкониятлари кўпроқ бўлади.

"Барибир, Осиё чемпиони бўлиб, жаҳон чемпионатида қатнашиш мураббийлар ва футболчиларнинг бўйнига катта масъулият юклайди. Биз болаларни биринчи ўйинга руҳан тўғри тайёрлашга ҳаракат қилаяпмиз. Энди бу нарса 18 октябрги биринчи ўйинда кўринади", - дейди у.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, шу йил ёз ойида Туркияда ёшлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси кетма-кет тарихий натижа қайд этиб, биринчиликнинг нимчорак ва чорак финалларига чиқишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик ўсмирлар жаҳон биринчилигига қадар қатор халқаро ўртоқлик учрашувлари ўтказган, Аргентина, Мексика, Фил Суяги қирғоғи, Эрон ва Австрия каби миллий терма жамоалар билан куч синашиб кўрганди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот воизи Санжар Ризаевнинг Фужайра шаҳридан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, миллий терма жамоанинг жисмоний тайёргарлиги аъло даражада ва футболчилар жаҳон биринчилигига тайёр.

Санжар Ризаев ҳам Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси тушган гуруҳдаги ҳар уччала рақибни ҳам жиддий қабул қилиш, энг аввало Панмага қарши биринчи учрашувни ғалаба билан бошлаш жуда ҳам муҳимлигини алоҳида таъкидлайди.

"Сабаби, биринчи ўйинга кейинги ўйинлар натижаси ва, умуман, болаларнинг кайфиятлари ҳам боғлиқ бўлади. Ўйлайманки, Панама миллий терма жамоасига қарши ўйинга Ўзбекистон ҳеч қандай йўқотишларсиз, яхши тайёргарлик билан боради", - дейди у.

Суҳбатдошимиз, "футболда ҳеч қачон қулай рақиб бўлмаслиги, ким 90 дақиқалик ўйинга кучли тайёргарлик кўрган бўлса, ўша ғалаба қозониши"ни айтади.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котибининг таъкидлашича, "Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси ана шундай тайёргарлик ва хоҳиш-истак, ирода, ғайратга эга".

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff

Энг сўнггида Санжар Ризаевнинг билдиришича, "жамоанинг салоҳиятидан келиб чиқиб, бунга қодир эканига ишониб, уларнинг олдига жаҳон чемпионатининг ярим финалига йўлланмани қўлга киритиш вазифаси қўйилган".

"Фақат ана шу ишонч ва қўллаб-қувватловни ҳис қилган ҳолда Панамага қарши учрашувини ғалаба билан бошлайдиган бўлса, менимча, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу вазифани шараф билан уддалайди", - дейди Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби Бирлашган Араб Амирликларидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида.

Бу йилги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Осиё қитъасини Ўзбекистондан ташқари яна Япония, Эрон ва Ироқ намоён этишмоқда.

МДҲ вакиллари орасидан эса, ёлғиз Россия Ўзбекистон билан бирга жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боради.