'Ўзбекистон таэквондочилари жаҳон чемпионлиги учун курашга тайёр'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бу ҳақда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида таэквонда (ITF) бўйича жаҳон биринчилиги старт олган Испаниянинг Бенидорм шаҳридан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шаҳзод Қодиров билдирди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ўзи ҳам чемпионатнинг олтин медалига даъвогарлик қилмоқда:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Жудаям кучли болалардан йиғиб келганмиз Ўзбекистондан. Ҳамма спортчилар жудаям кучли, яхши мартабаларга эга, совриндор. Ғурур билан шуни айта оламанки, жаҳон чемпионатига жудаям тайёрмиз", - дейди ўзбекистонлик таэквондочи.

"Иккита йўналиш бўйича иккита олтин медалга ҳаракат қилаяпмиз Худо хоҳласа. Биринчиси якка кураш бўйича, иккинчиси жамоавий кураш бўйича", - дейди у.

Суҳбатдошимиз бу йилги жаҳон чемпионатида ҳам дунё миқёсида жуда яхши натижаларга эришиб келаётган мезбон Испания, Аргентина ва Польшани ўзларининг асосий рақиблари сифатида кўришларини айтади.

Аммо, унга кўра, Испаниядаги жаҳон биринчилигига қаттиқ тайёргарлик кўришгани боис, рақибларидан устун келишларига ишончи комил.

Ўзбекистонлик таэквондочи Испаниянинг жаҳон биринчилигига қандай ҳозирлик кўрганидан ҳам жуда қониқиш ҳосил қилганликларини айтади.

"Жудаям зўр. Гап бўлиши мумкин эмас. Биз ҳар йилги жаҳон чемпионатининг худди шундай мақомда бўлишини хоҳлардик".

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, ўзбекистонлик таэквондочилар жаҳон чемпионлиги учун беллашувларини бугун 23 октябрдан бошлашади.

Испаниядаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни 20 нафар таэквондочиси намоён этмоқда. Улардан учтаси аёл таэквондочилардир.

Ўсмирлар ва катталар ўртасида бўлиб ўтаётган ушбу жаҳон биринчилигида 60 дан ортиқ давлатлар вакилларининг беллашишлари кутилмоқда.

Шу пайтгача Халқаро Таэквондо Федерацияси таснифида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида бунча катта сондаги мамлакат таэквондочиларининг иштирок этмаганликлари айтилади.

Мусобақалар Бенидормдаги энг йирик ва энг замонавий "El Palau d'esports llla Benidorm" спорт залида бўлиб ўтади ва 27 октябр куни ниҳоя топади.

Таэквонда Ўзбекистонда мустақиллик йилларида кенг оммалашган спорт турли ҳисобланади.

Аммо, шунга қарамай, ўзбекистонлик таэквондочилар орасида жаҳон чемпионати, жаҳон кубоги, Осиё чемпионати ва турли халқаро турнирлар ғолиби бўлган таэквондочилар оз эмас.

Ўтган 20 йилдан ортиқроқ вақт давомида Тошкент ҳам таэквондо бўйича қатор нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилган.

Қисқа вақтда оммалашиб улгурганига қарамай, Ўзбекистон таэквондочилари бугунги кунда дунёдаги энг кучли ўн жамоадан бири сифатида эътироф этилади.