Муҳаммадқодир Абдуллаев: 'Барча боксчиларимизни финалда кўришни истаймиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўзбекистон бокс аҳлининг ўз боксчиларидан умиди катта

Қўшни Қозоғистондаги жаҳон биринчилигида Ўзбекистонни турли вазн тоифаларида намоён этаётган 10 нафар боксчидан тенг ярми чорак финалга чиқишди.

Жасурбек Латипов (-52 кг), Санжарбек Раҳмонов (-64 кг), Азизбек Абдуғофуров (-75 кг), Ойбек Мамазулунов (-81 кг) ва Рустам Тўлаганов (-91 кг)лар жаҳон чемпионлиги учун ўз курашларини давом эттирадиган бўлишди.

Чорак финал баҳслари 23 ва 24 октябр кунлари бўлиб ўтади.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бу - Ойбек Мамазулунов ва Азизбек Абдуғофуровларнинг жаҳон чемпионатидаги илк иштироклари бўлади.

Ҳаваскор боксда жаҳон ва Олимпиада чемпиони бўлган ўзбекистонлик донгдор боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида камида 8 нафар боксчиларининг чорак финалга чиқишини кутганликларини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Мана, Ҳасанбой Дўстматов, кейин Шаҳриёр бор, ютган бўлгандаям, ғалабани ноҳақ бошқаларга бериб юборди", - деркан Муҳаммадқодир Абдуллаев ҳакамларнинг қароридан мамнун эмаслигини таъкидлайди.

Муҳаммадқодир Абдуллаев ўзбекистонлик боксчиларнинг чорак финалгача ўтказган жанглари ўзига ёққанини ҳам алоҳида урғулайди.

"Ойбек Мамазулунов, мана, Азизбек 75 кг вазн тоифасида, бу уларнинг илк бор жаҳон чемпионатида қатнашиши, аммо биринчи иштирокларидаёқ чорак финалгача етиб боришди. Худо хоҳласа, улар финалгача боришади", - дейди ўзбекистонлик донгдор боксчи.

Суҳбатдошимиз чорак финалга чиққан боксичлардан умидлари катта экани, улар барчасининг ярим финалга чиқишларига умид қилишаётганини айтади.

"Энг аввало спортда ҳамма нарса омад кулиб боқишига боғлиқ. Шак-шубҳасиз, "фалончи кучли", дейиш, албатта, қийин. Лекин, омад кулиб боқса, ҳеч кам бўлмаймиз", - дейди у.

"Қўлимиздан келган барча шароитларни яратиб бердик, энди, буёғи боксчиларимизнинг ўзлари қўлларидан келганча ҳаракат қилишса, Худо хоҳласа, чемпионлар бўлади деган умиддаман".

Ўзбекистонлик боксчилардан Санжарбек Раҳмонов (-64 кг) ва Азизбек Абдуғофуров (-75 кг)лар биринчи бўлиб чорак финал жангларини ўтказишади.

23 октябр куни Санжарбек мўғулистонлик боксчи Эрден Уранчимег, Азизбек эса, россиялик рақиби Артем Чеботаревга қарши рингга чиқади.

Рустам Тўлаганов ҳам оғир вазн тоифасида россиялик боксчи Евгений Тишенко билан куч синашади.

Жасурбек Латипов ва Ойбек Мамазулуновлар эса, 24 октябр куни ярим финал йўлланмаси учун жанг олиб борадилар.

Ҳаваскор боксчилар ўртасидаги бу йилги жаҳон чемпионати 14 октябр куни Олма ота шаҳрида старт олган ва 28 октябрга қадар давом этади.

Қўшни Қозоғистондаги жаҳон биринчилигида Ўзбекистонни турли вазн тоифаларида 10 нафар боксчиси намоён этаётганди.

Уларнинг орасида сўнгги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари иштирокчилари, қатор минтақавий ва халқаро турнирлар совриндорлари бўлган Санжарбек Раҳмонов, Жасурбек Латипов, Фазлиддин Ғоипназаров ва Ойбек Мамазулунов каби номдор боксчилар бор.