Жаҳон чемпионати: Ўзбекистонлик икки боксчи камида бронза медалини кафолатлади

Пайшанба куни бўлиб ўтган чорак финал жанглари ортидан, Жасурбек Латипов (-52 кг) ва Ойбек Мамазулунов (-81 кг)лар Қозоғистонда бўлиб ўтаётган жаҳон биринчилигининг ярим финалига чиқишди.

Эришган бу каби ютуқлари ўзбекистонлик икки боксчи учун аллақачон биринчиликнинг бронза медалини кафолатлади.

Қозоғистоннинг Олма ота шаҳрида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни 10 нафар боксчиси намоён этган ва улардан тенг ярми чорак финалга чиқишга муваффақ бўлишганди.

Аммо Санжарбек Раҳмонов (-64 кг), Азизбек Абдуғофуров (-75 кг) ва Рустам Тўлаганов (-91 кг)лар шу ҳафта чоршанба куни бўлиб ўтган чорак финал беллашувларини рақибларига бой беришди.

Айни ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, Андижон бокс мактаби вакили Ойбек Мамазулунов ўзининг жаҳон чемпионатидаги илк иштирокидаёқ ярим финалга чиқишга муваффақ бўлди.

Ҳаваскор боксда жаҳон ва Олимпиада Ўйинлари чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Ойбекнинг ютуғи ортидан, ҳозир Андижонда ҳамма хурсанд эканини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Ҳамма Ойбек худди чемпион бўлгандек хурсанд бўлишяпти. Умидлари ҳам сўнгани йўқ. Ҳамма ярим финал ва финалдаги жангига омад тилаб, ўша янгилик кайфиятида юришибди", - дейди у.

"Худо хоҳласа, мен ишонаман, шу бола юзимизни ёруғ қилади деб, Марс Қўчқоров ва Ўткирбек Ҳайдаровлар биргаликда Ойбекни таваккал қилиб олиб кетишганди. Мана ҳозирнинг ўзида юзларини ёруғ қилди".

Ойбек ярим финалга қадар мўғулистон, баҳрайн ва голландиялик боксчиларни мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Финал босқичга чиқиш учун жангда Ойбек энди ўзининг собиқ рақиби қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетовга қарши рингга чиқади.

Жасурбек Латипов эса, 2011 йилги жаҳон чемпионати бронза медали совриндори бўлган боксчидир.

Жасурбек бу йилги ярим финал беллашувида ҳам сўнгги жаҳон чемпионатида ўзини финал босқичида жанг олиб бориш ҳуқуқидан маҳрум этган британиялик рақиби Эндрю Селби билан жанг ўтказади.

Қозоғистонда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг ярим финал жанглари 25 октябр куни ўтказилади.

Марказий Осиё давлатларидан фақат мезбон Қозоғистон ва Ўзбекистондан бўлган боксчилар ярим финалга чиқишга муваффақ бўлишди.

МДҲ давлатлари вакиллари орасидан фақат Россия, Озарбайжон ва Украина вакиллари бу каби ҳуқуқни қўлга киритишди.

Барча иштирокчи давлатлар орасидан ярим финалга чиққан саккиз нафар боксчиси билан Қозоғистон илдамлик қилмоқда.

Қолган ярим финалчилар Куба, Италия, Олмония, Бразилия, Ирландия, Коста-Рика, Венесуэла, Жазоир, Мўғулистон, Англия, Аргентина, Уэльс ва Таиланд ҳиссасига тўғри келади.

Расмий хабарларда бу галги жаҳон чемпионатида дунёнинг 116 давлатидан олти юзга яқин боксчининг иштирок этиши айтилганди.

Улар 10 вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришмоқда.

Бунгача катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бунча кўп сондаги боксчи иштирок этмаган.

Энг кўп боксчининг Оврўпо қитъасидан эканликлари айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ