Эксклюзив, Миржалол Қосимов: ‘Ҳар икки ўйинда ҳам биз учун ғалаба муҳим’

Вьетнам 0-3 Ўзбекистон: Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларида навбатдаги ғалабасига эришди.

Жамоа сафарда ўтказган 4-тур учрашувида мезбон Вьетнамни йирик ҳисобда мағлуб этди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ўйинда ҳисоб 41-дақиқадагина очилди.

Ўзбекистонлик футболчилар 1-бўлимда бир қанча яхши имкониятларга эга бўлишди. Аммо берган зарбаларида аниқлик етишмади.

Аммо Вьетнамга қарши ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида илк бор майдонга тушган Воҳид Шодиев қатор уринишлари ортидан рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди.

0:1 ҳисоби билан жавоб учрашувининг 1-бўлими ўз ниҳоясига етди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2-бўлимни жуда ҳужумкор руҳда бошлади.

Воҳид Шодиев, жамоа сардори Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Игорь Сергеев ва Жамшид Искандеровларнинг кетма-кет ҳужумлари бесамар кетмади.

Учрашув 2-бўлимининг 46-дақиқасида Игорь Сергеев ҳисобни 0:2 га етказди.

Бунинг ортидан ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасида вьетнамликлар дарвозасини аниқ нишонга олишнинг қатор яхши имкониятлари бўлди.

Аммо 90-дақиқага келиб майдонга тушганига унча кўп бўлмаган Сардор Рашидов Вьетнам миллий терма жамоаси дарвозасига киритилган 3-тўпга муаллифлик қилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу йил октябр ойи бошида Тошкентда бўлиб ўтган 3-тур учрашувида бугунги рақибларини 3:1 ҳисобида мағлуб этганди.

Ўзбекистонлик футболчилар энди навбатдаги беллашувларини 19 ноябр куни Гонгконгга қарши яна сафарда ўтказишади.

Ҳар икки учрашувдаги ғалабаси Ўзбекистон миллий терма жамоасига 2015 йили Австралияда бўлиб ўтажак Осиё Кубогининг финал босқичига чиқиши учун муҳим.

Бугунги ғалабаси ортидан Ўзбекистон 4 ўйиндан 7 очко тўплаб, "Е" гуруҳида Бирлашган Араб Амирликларидан кейин эгаллаб турган мавқеини янада мустаҳкамлаб олди.

Уч ўйиндан 9 очко жамғаришга муваффақ бўлган гуруҳ пешқадами Бирлашган Араб Амирликлари эса, яна бироздан сўнг ўз майдонида Гонгконгни қабул қилади.

Ханойдан эксклюзив...

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи бугунги учрашувлари арафасида Ханойдан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида Вьетнам ва Гонгконгни ютишса, 2015 йилги Осиё Кубогининг финал босқичига чиқишлари ва шогирдлари бунга тайёр эканини айтганди.

“Миллий терма жамоамиз Осиё Кубогининг финал беллашувларида мунтазам равишда иштирок этиб келган. Ҳақиқатан ҳам, олдинда бизни иккита муҳим ўйин кутаяпти. Албатта, мана шу иккита ўйинда ютишимиз керак. Бу – муҳим. Нимагаки, агар, ҳар икки ўйинда ҳам ғалаба қозонсак, Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари билан 2015 йил Австралияда бўлиб ўтажак Осиё Кубоги финал босқичида иштирок этади”, - дейди Миржалол Қосимов.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг навбатдаги икки учрашувини ҳам бор-йўғи тўрт кунлик танаффус билан сафарда ўтказади.

Жамоа 15 ноябр куни Вьетнам, 19 ноябр куни эса, Гонгконгга қарши майдонга тушади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийининг айтишича, миллий терма жамоанинг бўлажак ўйинларга ҳозирлиги ғалаба қозониш даражасида ва шогирдлари бўлажак жангга шай.

“Албатта, бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Йигитлар тайёр. Ханойга 22 та футболчи етиб келишди. Улардан уч нафари дарвозабон. Ҳамма тайёр. Мен ўйлайманки, яхши кайфиятда етиб келинди. Узоқ парвоз қилганимизга қарамай, келган кунимизоқ Ханойда ўз машғулотларимизни ўтказдик. Йигитлар жудаям яхши кайфиятда эди. Машғулотлар жараёнида эса, йигитларнинг ҳам руҳан ва ҳам жисмонан тайёргарликлари яхши экани кўриниб турибди”, - дейди Миржалол Қосимов.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи ўзлари учун муҳим бўлган бу икки учрашув орасидаги фарқ бор-йўғи 4 кун экани ҳам ўзларини чўчитмаётганини таъкидлайди.

“Йўқ, йўқ, йўқ. Бу ерда ҳеч бир хавотир оладиган ери йўқ. Нимагаки, 15 ноябрда Ханойда ўйнаб бўлганимиздан кейин болаларни жисмонан тиклаб олишимиз учун вақтимиз бор. Эртасига, 16 ноябр куни Гонгконгга парвоз қиламиз ва менимча, 19 ноябргача тайёргарлик кўриш учун вақтимиз етарли”, - дейди у.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг сўнггисини шу йил 15 октябр куни Тошкентда Вьетнамга қарши ўтказган ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Image caption Ўзбекистон жорий пайтда ўзи тушган "Е" гуруҳида Бирлашган Араб Амирликларидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди

Эришган ғалабаси ортидан, жамоа 3 ўйиндан 4 очко тўплаган ҳолда киритилган тўплар ҳисобидаги фарқ билан Бирлашган Араб Амирликлари пешқадамлик қилиб турган "Е" гуруҳида иккинчи ўринга кўтарилиб олганди.

3-тур учрашувларигача гуруҳда 2-ўринни эгаллаб турган Гонгконг эса, ўз майдонида Бирлашган Араб Амирликларидан йирик ҳисобда мағлубиятга учраб, учинчи ўринга тушиб қолганди.

Ўзбекистоннинг бугунги рақиби Вьетнам эса, уч ўйиндан бирорта ҳам очко қозона олмаган ҳолда “Е” гуруҳида энг сўнгги ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистон гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки икки учрашувидан биринчисини Бирлашган Араб Амирликларига бой берган ва кейингисида Гонгконг билан дуранг ўйнаганди.

Ўзбекистон 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини буткул бой берганидан икки ойча ўтиб, Вьетнамга қарши Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш учрашувларининг навбатдагисида майдонга тушганди.

Миллий терма жамоа Бош мураббийи Тошкентда Вьетнам устидан йирик ҳисобда қозонилган ғалаба футболчиларнинг кайфиятларига ижобий таъсир қилганини айтади.

“Ҳақиқатан ҳам, Вьетнамга қарши Тошкентда бўлиб ўтган ўйиннинг 1-бўлими кўнгилдагидек бўлмади. Бунинг бир нечта сабаблари бор. Қолаверса, жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимизни сабаб деб кўраман. Нимагаки, бу нафақат мураббий ва ишқибозларга, балки ўйинчиларга ҳам жудаям катта таъсир қилди. Лекин, мен ўйлайманки, футболда ютуқ ва ютқизиқ ёнма-ён юради. Шунинг учун ҳам, тўхтаб қолиш керак эмас. Ҳаракат қилиш керак. Ва, албатта, ҳозир терма жамоада ўзгаришлар бўлаяпти. Босқичма-босқич янги ўйинчилар жалб қилинаяпти. Ёшларни жалб қилинаяпти ва шулардан бир жамоа тикланаяпти”, - дейди Миржалол Қосимов.

“Шунинг учун ҳам, мен ўйлайманки, бу ерда ёшлар ҳам бўлади, катталар ҳам ўйнайди. Ўйлайманки, чиққан ёшлар ҳам, жамоага янги қўшилган ўйинчилар ҳам, менимча, майдонда йўқолиб қолишмайди ва қўлларидан келганча ҳаракат қилиб, миллий терма жамоанинг ютуғига ўз ҳиссаларини қўшишади”.

Вьетнамга қарши 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг жавоб учрашуви 15 ноябрь куни пойтахт Ханойдаги “Май Дин” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 17:00да бошланади.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, миллий терма жамоа 2011 йил Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубоги ўйинларининг ярим финалигача кўтарилиб, тарихий натижа қайд этган ва қитъанинг энг кучли тўртта жамоасидан бирига айланганди.

Бу – Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўзининг қисқа тарихида Осиё Кубоги учун олтинчи бор беллашиши бўлади.

Жамоа 2004 ва 2007 йилларда қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли турнирнинг чорак финали, Қатарда 2011 йили бўлиб ўтган сўнггисида эса, ярим финалига қадар кўтарилишга муваффақ бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ