Футбол, жаҳон чемпионати: 'Бизга ҳайвонлардек муносабат қилишди'

2022 йилги жаҳон чемпионатига мўлжалланган стадионларни қуришга киришган муҳожир ишчилар хўрланмоқда.

Бундай хавотир ва огоҳлик билан "Амнести Интернешйнл" халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти чиққан.

Халқаро ташкилотга кўра, Қатардаги қурилиш сатҳлари таҳқиру хўрликларга тиқилиб кетган.

Ташкилотнинг текширувларидан аён бўлишича, ишчиларга ойликлари берилмайди, ҳаётлари учун хавфли шароитларда ишлашади ва тиқилиб кетган жойларда яшашади.

Бошқарувчилардан бири эса, ҳатто, ишчиларга худди "ҳайвонлар"га қарагандек қараган.

Аммо қатарлик мулозимлар бундан аввал янграган шу хусусдаги хавотирларни рад этиб чиқишганди.

Уларнинг айтишларича, жаҳон чемпионати учун лозим бўлган иншоотларни қураётган ишчиларга лозим шарт-шароитларни яратиб беришган.

Лекин сўнгги ҳисоботга ҳозирча ўз муносабатларини билдиришмаган.

Ким ҳақ?

"Амнести Интернешйнл" ташкилотининг айтишича, якуний хулосага келишдан аввал 200 дан ортиқ ишчи, хизматчи ва ҳукумат мулозимлари билан сўзлашишган.

Янги ҳисоботнинг ўзи эса, "Муҳожирликнинг қоронғу томони: Жаҳон чемпионати арафасида Қатар қурилиш сатҳларидаги ойдинлик", деб номланади.

Ҳисоботда ФИФА билан бирга режаланган қурилиш лойиҳасини таъминлаш билан машғул ширкат непаллик ишчиларининг иқрорликлари келтирилган.

Ишчиларнинг айтишларича, ўзларига худди "молдек" муносабат қилишган.

Қатарнинг жазирама иссиғида ҳафтасига етти кун, кунига 12 соатлаб ишлатишган.

"Амнести Интернешйнл" ташкилотининг айтишича, Қатар қурилиш сатҳларидаги айрим таҳқирлашлар "эксплуатация"га тенг.

Айрим ишчиларни текинга ишлаб беришмаса, жаримага тортиш, депортация қилиш ёки топган-тутганларидан мосуво қилиш билан қўрқитишган.

Халқаро ташкилотга кўра, ўтган йили баландда ишлаётган жойидан йиқилиб, жароҳат олган мингдан ортиқ ишчи Доҳанинг асосий касалхонасига келтирилган.

"Улардан 10 фоизи бир умрга ногирон бўлиб қолган, ўлим ҳоллари ҳам озмунча эмас", - дейилади янги ҳисоботда.

"Кечириб бўлмайди"

"Амнести Интернешйнл" ташкилоти Бош котиби Салил Шеттининг айтишича, "бу - дунёнинг энг бадавлат давлатларидан бири учун кечириб бўлмас ҳолат"дир.

Халқаро ташкилотга кўра, Қатардаги муҳожир ишчиларнинг эксплуатацияси чидаб бўлмас даражага етган.

"ФИФА Жаҳон чемпионати билан боғлиқ қурилиш лойиҳаларида инсон ҳуқуқларининг бу тариқа топталиши мумкин эмаслигини ошкора англатиб қўйиши шарт. Бу - унинг зиммасидаги вазифаси".

Қатардаги бу каби аҳвол шу йил сентбяр ойида Британияда чоп этилувчи нуфузли "Гардиан" газетасининг ҳам ўз тадқиқотларини олиб боришига сабаб бўлганди.

Газета ўз текширувлари ортидан, ишчиларнинг аҳволларини "замонавий қулчилик"ка тенглаштирганди.

Уларнинг бу каби хулосаси Жаҳон профессионал футболчилар уюшмасининг жиддий эътиборига ҳам сабаб бўлганди.

20 миллион ишчининг манфаатларини намоён этувчи Uni Global Union иттифоқи билан ҳамкорлик қилувчи мазкур уюшма "Қатар ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши шарт"лигини талаб қилганди.