Ахбор Имомхўжаев: 'Ўзбекистоннинг ғалабаси ҳаммамизни хушнуд этди'

  • 20 Ноябр 2013

Тошкентдан таниқли футбол эксперти Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сафардаги қўшалоқ ғалабаси ортидан, муддатидан илгари 2015 йилги Осиё Кубогига чиқишига ана шундай муносабат билдирди.

Жамоа гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг ғалаба қозониши шарт бўлган сўнгги икки тур жавоб учрашувида аввал Вьетнам, сўнгра Гонгконгни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси дастлабки плей-офф босқичида 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини буткул бой бериши ортидан бу каби ютуққа эришди.

Жамоа айнан шундан кейин ўтказган Осиё кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг барча уч учрашувини ҳам кетма-кет ғалаба билан якунлади.

"Ўша сиз айтган ғалабадан кейин Ўзбекистонда ҳамма, ҳамма, етиш ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳамма хурсанд. Айниқса, жамоа жаҳон чемпионатининг якуний босқич беллашувларига йўл ололмаганидан кейин кўпчиликнинг кайфияти тушиб кетган эди. Терма жамоа ҳақида гапирадиган бўлсак, "Қўйинглар, гапирманглар шу терма жамоани. Бўлди, дабдала қилди. Ош оғзида бўлиб турганида фойдалана олмади, деб кўпчилик хафа бўлганди. Тўғри, бундай бир қараганда, Вьетнам ҳам, Гонгконг ҳам Осиёда грандлар қаторига кирмайди. Лекин, барибир, шу иккаласини уларнинг майдонида ўйнаб туриб, ютиб чиқиши ва 2015 йилги Осиё Кубогига йўлланма олганлиги, албатта, ҳаммамизни хушнуд этди", - дейди Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Ахбор Имомхўжаев.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2011 йилда Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида тарихий натижа қайд этиб, ярим финалга чиққан. Қитъанинг энг кучли тўртта жамоасидан бирига айланганди.

Бу – Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида олтинчи бор Осиё Кубоги учун беллашиши бўлади.

Жамоа 2004 ва 2007 йилларда қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли турнирнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистонлик футболчилар бу галги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг якуний жавоб учрашувини келаси йил 5 март куни Тошкентда Бирлашган Араб Амирликларига қарши ўтказишади.

Миллий терма жамоанинг сўнгги ютуғига Ўзбекистон футбол аҳлининг муносабатини билиш учун таниқли футбол эксперти Ахбор Имомхўжаев билан суҳбатимизни тингланг.

Бу мавзуда батафсилроқ