Футбол: Вадим Абрамов Қозоғистонга ишга ўтди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ Бош мураббийи "Остона" клуби билан расман бир йилга шартнома имзолади.

Бу ҳақда Вадим Абрамов Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида маълум қилди.

51 ёшли мутахассис клубнинг яқинда истеъфо берган чехиялик Бош мураббийси Мирослав Беранекнинг ўрнини эгаллайди.

Вадим Абрамов 2010-2012 йиллар оралиғида Ўзбекистон миллий терма жамоасига мураббийлик қилган.

Шунинг баробида Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасини ҳам бошқарган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бирга тарихий натижа қайд этиб, илк бор Осиё Кубогининг ярим финалигача кўтарилган.

Жамоани 2014 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларининг якуний босқичига олиб чиққан.

Вадим Абрамов ўз мураббийлик фаолиятини Фарғонанинг "Нефтчи" клубида Бош мураббий ёрдамчиси сифатида бошлаган.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг "НБУ-Осиё", "Трактор" ва "Локомотив" клубларида ишлаган.

Ташкил топганига бор-йўғи 4 йил бўлган "Остона" жамоаси эса, бу йил Қозоғистон миллий чемпионатини кумуш медал билан якунлаган.

Қозоғистоннинг анчайин серхарж жамоаларидан бири саналади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги янгилик ортидан Вадим Абрамов билан боғланиб, ундан нега айнан "Остона"га ўтишга қарор қилганини сўради:

Вадим Абрамов: Мен Остонага буткулга кетганим йўқ. Фақат бир йил, бир ярим йилча ишсиз юрганим боис, "Остона" жамоаси Бош мураббийлигини қабул қилдим. Бунгача ҳам менга бошқа клублардан таклифлар бўлганди. Аммо Осиё жамоаларидан кейин Оврўпо клубида ишлаш истагим бўлгани учун уларга қизиқиш билдирмагандим. Ўз олдига юксак мақсадларни қўйгани ва менга анча мос тушгани учун айнан "Остона" клубига Бош мураббийликни танладим.

Би-би-си: Қозоғистон клуби билан шартномангиз қанчага энди? Неча йил у клубга Бош мураббийлик қилмоқчисиз?

Вадим Абрамов: Ҳозирча расман 1 йилга шартнома имзоладик. Уёғи эришилган натижага боғлиқ бўлади. Чунки мураббийлик иши шундай.

Би-би-си: У ҳолда бирламчи режаларингиз қандай? "Остона" жамоаси билан қандай ютуқларга эришмоқчисиз? Клуб олдига қандай вазифа қўйилган?

Вадим Абрамов: Агар, режаларга келадиган бўлсак, клуб олдига энг аввало Қозоғистон чемпиони бўлиш ва Оврўпо лигасида муваффақиятли иштирок этиш вазифаси қўйилган. Устига устак, клуб сўнгги мавсумда Оврўпо лигасида тўп суриш ҳуқуқини қўлга киритган. Шу боис ҳам, мақсад - келаси йилги мавсумда ушбу турнирда муносиб ўйин кўрсатиш.

Би-би-си: Вадим ака, энди янги жамоангиз ҳақида нима дея оласиз?

Вадим Абрамов: Мен жамоани эндигина қабул қилиб олдим. Ўйинчилар билан яқиндан танишгач, шу бир ойлар ичида клубнинг кучли ва ожиз жиҳатлари ҳақида аниқ бир тўхтамга келишим мумкин бўлади. Ҳозир бу хусусда қатъий бир нарса дейиш қийин.

Би-би-си: Агар, яна Ўзбекистонда ўз фаолиятингизни давом эттириш имконияти бўлса, ортга қайтасизми?

Вадим Абрамов: Албатта. Чунки Ўзбекистон менинг Ватаним. Ўзбекистондан жуда миннатдорман. Ҳар жиҳатдан. Энди, футбол шунақа нарсаки, бир кун у ерда, эртаси куни бошқа ерда ишлашингизга тўғри келади. Бу - футбол учун нормал бир ҳолат. Ҳозир мен нафақат ўзимни, балки барча ўзбекистонлик мураббийларни намоён этаман. Шунинг учун ҳам, ўзимни муносиб кўрсатишни истайман.