38 ёшли ўзбек гимнасти олтин медалини олди

Image caption .... Сурат Ўзбекистон Гимнастика Федерациясидан олинди

Ўзбекистонлик гимнаст Оксана Чусовитина Мексика чемпионатида олтин ва бронза медалларга сазовор топилган.

Туркистон-пресс миллий хабар агентлиги хабар қилишича, 38 ёшли машҳур гимнаст япон гимнасти Кожи Уематсу билан жуфт чиқиши учун олтин медал, кўпкурашдаги чиқиши учун бронза медалини олди.

Акапулко шаҳрида ўтказилган Мексика очиқ чемпионатида 11 мамлакат вакиллари иштирок этганлар.

Бу йил илк марта қуръа йўли билан аниқланган жуфтликлар ҳам беллашганлар.

Ўзбекистон Гимнастика Федерациясидан Би-би-сига билдиришларича, Оксана Чусовитина Олмонияда истиқомат қилишига қарамай, бу сафар Ўзбекистон терма жамоаси номидан иштирок этган ва ҳозирда жисмоний тайёргарликларни Тошкентда ўтаяпти.

Чусовитинанинг гимнастикадаги карьераси 20 йилдан ошиқ давом этмоқда.

У қаторасига олтита Олимпик ўйинларда иштирок этган жаҳондаги ягона аёл спортчидир.

Чусовитина 2008 ва 2012 йилларда Олмония терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган.

У 2002 йилда ўғли Алишернинг лейкемия касаллиги билан оғриши ортидан тиббий муолажа учун Олмонияга оиласи билан кўчиб ўтганди.

"Ҳозирда у Олмонияда ҳам яшаяпти, Тошкентда ҳам. Тайёргарликларни Тошкентда қилаяпти," - деди Ўзбекистон Гимнастика Федерацияси воизи.