Бразилия 2014: Қуръа ташланди, Осиё вакилларидан кимга қийин бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тошкентдан таниқли футбол эксперти Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, гуруҳ босқич беллашувларида Испания ва Голландияга қарши тўп суришига тўғри келаётгани учун ҳам энг қийини Австралияга бўлади.

"Энди, Чили билан тенг келиши мумкин. Аммо Испания ва Голландияга, менимча, кучи етмайди", - дейди у киши Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Ахбор Имомхўжаевнинг наздида, Осиё вакилларидан орасидан энг осони Жанубий Кореяга бўлиши мумкин.

"Агар, биз Жанубий Корея футболчиларининг ҳимоядан ҳужумга тезкорлик билан ўтишда дунёдаги энг кучли жамоалардан бири эканини ҳисобга оладиган бўлсак, у ҳар учала рақибини ҳам доғда қолдириши мумкин", - дейди тажрибали футбол мутахассиси.

Ахбор Имомхўжаев, ўз ўрнида, Уругвай, Италия, Коста Рика ва Англия тушган "Д" гуруҳининг "Ўлим" гуруҳи бўлганига оид бошқа хорижлик мутахассисларининг фикрларига қўшилишини ҳам айтади.

"Уларнинг айтганида жон бор. Ҳозирнинг ўзида, менимча, инглизлар маълум бир даражада чўчишаётган бўлса керак. Бундай дейишимизга сабаб нима - тўртта жамоадан учтаси: Уругвай, Италия ва Англия ўз вақтида жаҳон чемпионлари бўлишган. Менимча, Коста Рика уларга, энди, нима дейди, бир "гўшт" бўлиши мумкин. Бу, энди, бизнинг башоратимиз".

Суҳбатдошимиздан сўзларидан аён бўлишича, жума куни Бразилиянинг Баия штати оромгоҳ Коста-ду-Саупе шаҳарчасида бўлиб ўтган қуръа ташлаш маросими Ўзбекистонга ҳам тўғридан-тўғри олиб узатилган.

"Тадбирнинг ойнаи жаҳон орқали тўғридан-тўғри олиб берилганлиги бутун қитъа, бутун курраи заминимизнинг футбол мухлислари учун катта бир ўзига хос байрам бўлди. Ҳамма тўғридан-тўғри ана шу қуръанинг қандай ўтгани, ким қайси гуруҳга тушганлигига оид маълумотларни билиб олишди", - дейди у киши.

Ўзбекистонлик таниқли футбол эксперти Ахбор Имомхўжаевнинг суҳбатимиз сўнггида башорат қилишича, футбол бўйича янги жаҳон чемпиони Испания эмас, мезбон Бразилия бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилги жаҳон чемпионати 12 июн куни старт олади, финал учрашуви эса, 13 июл куни Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтади.