Футбол: Вадим Абрамов 'Остона'дан кетди

  • 13 Декабр 2013
  • изоҳлар

Қозоғистон интернет нашрларида пайдо бўлган бу каби хабарларни Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ Бош мураббийининг шахсан ўзи тасдиқлади.

Вадим Абрамовнинг Қозоғистон пойтахтидан берган суҳбатида бизга айтишича, бунга "Остона" клуби президенти Есмухамет Спановнинг истеъфога чиққани сабаб бўлган.

"У мени Бош мураббийликка таклиф этгани учун ҳам, клубда қолишим ноўрин бўлади, деб ўйладим. Чунки бошқа президент келади. Балки у ўзининг одамларини олиб келар. Шунинг учун, мен ҳам кетишга қарор қилдим", - дейди у.

Вадим Абрамовга кўра, бу - ўзининг қарори бўлган: "Чунки президент кетгач, клубда қолишимнинг маъниси бўлмасди".

Ўзбекистонлик мураббий ҳаммаси кутилмаганда юз бергани учун ҳам, бундан кейинги режалари ҳақида ҳозир аниқ бир нарса дея олмаслигини ҳам айтди.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, ҳатто, кеча ҳам клуб президентининг истеъфоси ҳақида гап бўлмаган ва ҳаммаси бугун эрталаб юз берган.

Олдиндан башорат қилишга ҳожат йўқ, деб ўйлашини айтган Вадим Абрамовга кўра, энди нима иш билан шуғулланишини вақт кўрсатади.

"Остона" футбол клуби расмий веб саҳифасида чоп этилган хабарда айтилишича ҳам ўзбекистонлик мутахассис ва клуб президенти ўртасида оғзаки келишув бўлгани боис, унинг истеъфоси ортидан ўзаро ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилинган.

"Есмухамет Спановнинг ўз вазифасидан кетиши боис, мураббий билан шартнома имзоланмади", - дейилади ушбу хабарда.

Аён бўлишича, ҳозирча "Астана" клуби билан илк ўқув-машғулотини қозоғистонлик мутахассис Григорий Бабаян давом эттиради.

Тарихча ўрнида

Вадим Абрамов бир йиллик шартнома билан Қозоғистоннинг "Астана" жамоаси Бош мураббийлигига ўтганини ўтган ой охирида Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида шахсан ўзи маълум қилганди.

51 ёшли мутахассиснинг клубнинг яқинда истеъфо берган чехиялик Бош мураббийси Мирослав Беранекнинг ўрнини эгаллаши айтилганди.

Вадим Абрамов 2010-2012 йиллар оралиғида Ўзбекистон миллий терма жамоасига мураббийлик қилган.

Шунинг баробида Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасини ҳам бошқарган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бирга тарихий натижа қайд этиб, илк бор Осиё Кубогининг ярим финалигача кўтарилган.

Жамоани 2014 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларининг якуний босқичига олиб чиққан.

Вадим Абрамов ўз мураббийлик фаолиятини Фарғонанинг "Нефтчи" клубида Бош мураббий ёрдамчиси сифатида бошлаган.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг "НБУ-Осиё", "Трактор" ва "Локомотив" клубларида ишлаган.

Ташкил топганига бор-йўғи 4 йил бўлган "Остона" жамоаси эса, бу йил Қозоғистон миллий чемпионатини кумуш медал билан якунлаган.

Қозоғистоннинг анчайин серхарж жамоаларидан бири саналади.

Вадим Абрамов, "Осиё жамоаларидан кейин Оврўпо клубида ишлаш истаги бўлгани, ўз олдига юксак мақсадларни қўйгани ва ўзига анча мос тушгани учун ҳам айнан "Остона" клуби Бош мураббийлигини танланган"ини айтганди.