Месут Ўзил Олмонияда яна зўрларнинг зўри

Фото муаллифлик ҳуқуқи All Sport

Олмония миллий терма жамоаси ва Лондоннинг "Арсенал" клуби ўйинчиси Месут Ўзил кетма-кет учинчи бор ўз мамлакатида "Йилнинг энг яхши футболчиси", деб топилди.

Олмония Футбол Уюшмаси томонидан ўтказилган сўровда ишқибозлар бу йил ҳам устунликни қолган барча юлдуз футболчиларини ортга суриб, Месут Ўзилга беришди.

Месут овозларнинг 30 фоиздан ортиқроғини қўлга киритган бир пайтда, Олмония миллий терма жамоаси сардори Филипп Лам 17% ва Томас Мюллерга 13% фоизгина овоз насиб этди, холос.

Ўзи ҳам Олмониядан бўлган Би-би-си муҳаррири Йоханнес Делл Месут Ўзилнинг бу каби ютуғини Оврўпонинг энг зўр лигаларида муваффақиятга эришган саноқли олмон футболчиларидан бири экани билан изоҳлайди.

"Месут Ўзил аввал Испания, ҳозир эса, Англия премьерлигасида тўп сурмоқда. Бу эса, уни бошқа олмон футболчиларидан ажратиб туради. Аммо, бундан ҳам муҳим бўлган омил борки, Ўзил Олмония миллий терма жамоаси янги авлодининг рамзига ҳам айланиб улгурган. Техникаси олиймақом, ақлли ва ҳужумкор ўйин кўрсатишга қодир ўйинчи. Сўнгги жаҳон чемпионатида ҳаммани олмон футболига маҳлиё этган жиҳатлар ҳам худди шулар бўлади. Ўшанда ҳам Месут Ўзил барчанинг кўзига тушган футболчилардан бири бўлганди. Агар, таъбир жоиз бўлса, Месут Ўзил ўзининг футболчилик иқтидори билан Олмония миллий терма жамоасининг ўйинида ҳам ўзига хос ўзгариш ясади ва менимча, маҳаллий ишқибозлар ҳам бунинг қадрига етишмоқда", - дейди у.

Асли ўзбекистонлик миллиардер ҳамсоҳиблик қилувчи "Арсенал" жамоаси ярим ҳимоячиси ҳам , "айнан ишқибозлар бу каби хулосага келишгани учун мағрур ва бахтиёр" эканини айтмоқда.

Месут Ўзилнинг умид қилишича, жорий йилда ҳам ажойиб ўйин кўрсатишда давом этади.

Унинг, ҳатто, шу йил ёз мавсумида Бразилияда бўлиб ўтажак жаҳон чемпионатида миллий терма жамоаси билан кубокни қўлга киритиш иштиёқи ҳам йўқ эмас.

"Бу мукофот мени 2014 йил, жумладан, Жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этишга масъуллайди", - дейди Ўзил.

25 ёшли юлдуз футболчи ўтган йил Мадриднинг "Реал"идан қарийб 43 миллион фунт стерлингга Лондоннинг "Арсенал" жамоасига ўтганди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу - "Арсенал" тарихидаги энг қиммат харид бўлганди.

Месут Ўзилнинг Лондон жамоаси сафига қўшилиши эса, қисқа вақтнинг ичида ўз самарасини бериб улгурган.

Жорий пайтда турнир жадвалида пешқадамлик қилиб турган "Арсенал" бу йил Англия чемпионлигига ҳам жиддий кўз тиккан.

Месут Ўзил янги Бош мураббийи Арсен Венгер қўл остида 15 учрашув ўтказган бўлса, рақиблари дарвозасини тўрт бор ишғол этишга муваффақ бўлган.

Бундан ташқари, саккизта голга узатма ҳам берган.

"Йилнинг энг зўр футболчиси" Олмония миллий терма жамоаси сафида ўтган йил 10 бор майдонга тушган бўлса, учта тўпга муаллифлик қилган ва гол билан якунланган учта тўпга узатма берган.