Осиё чемпионати (U-22): 'Биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бугун Уммонда бошланган биринчилик арафасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сардор Собирхўжаев худди шундай қарашни изҳор этди.

Унга кўра, терма жамоа олдига ярим финалга чиқиш вазифаси қўйилган эса-да, мақсадлари Осиё чемпиони бўлиб қайтишдир.

"Биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз, лекин майдонга ҳаммани ҳурмат қилиб тушамиз", - дейди Сардор.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, бу 22 ёшлилар тоифасида илк бор уюштирилаётган жаҳон биринчилиги ўйинларидир.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси "Д" гуруҳидан кейинги босқичга чиқиш учун Хитой, Ироқ ва Саудия Арабистонига қарши тўп суради.

Ўзбекистонлик футболчилар илк учрашувларини эртага якшанба куни Хитойга қарши ўтказишади.

11 январ куни старт олган Осиё чемпионати икки ҳафта давом этади ва ғолиб 26 январ куни аниқланади.

Агар, расмий хабарларга таянилса, Бош мураббийи Шуҳрат Мақсудов миллий терма жамоага Ўзбекистон Олий лигасида тўп сурувчи 23 нафар иқтидорли футболчини жалб қилган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, турли ёш тоифасида Ўзбекистон миллий терма жамоалари Осиё чемпионатларида муваффақиятли иштирок этиб келишган.

Жумладан, Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси Осиё чемпиони бўлиб, ёшлар терма жамоаси эса, ярим финалчиси сифатида ўтган йилги жаҳон биринчиликларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишганди.

Чемпионатолди сўнгги ўқув-машғулот йиғини учун Дубайга жўнаб кетмасларидан аввал Тошкентдан берган суҳбатида Сардор тайёргарликларидан кўнгли тўқ эканини айтади.

"Бу йил ҳам миллий терма жамоа олдига ярим финалга чиқиш вазифаси қўйилди. Лекин, Худо хоҳласа, биз болалар билан у ердан чемпион бўлиб қайтишни мақсад қилганмиз", - дейди у.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, 22 ёшда Осиё чемпионлиги учун курашини бошлайдиган таркибнинг ярмидан кўпроғи ўтган йил ёшлар ўртасида Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати иштирокчиларидир.

Улар эса, кетма-кет тарихий натижа қайд этиб, илк бор жаҳон биринчилигининг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлишган.