Футбол: Вадим Абрамов яна ‘Локомотив’га қайтмоқчи

Бу ҳақда таниқли мураббий ҳозиргина Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида билдирди.

Вадим Абрамовнинг айтишича, Тошкент жамоасининг худди шундай таклифига, "Ҳа", деб жавоб берган.

Унга кўра, ҳозир "Локомотив" билан бу хусусдаги музокаралари давом этмоқда ва ҳалича расман шартнома имзоланмаган.

Агар, томонлар расман бир тўхтамга келишса, бу – Вадим Абрамовнинг Тошкент жамоасига иккинчи бор Бош мураббий этиб тайинланиши бўлади.

Вадим ака бундан аввал 2006-2010 йиллар оралиғида "Локомотив"га бошчилик қилган.

"Локомотив" жорий пайтда Ўзбекистоннинг энг олд жамоаларидан бири саналади ва сўнгги мавсумни совринли иккинчи ўрин билан якунлаган.

"Мен шу клубдан Ўзбекистон миллий терма жамоасига Бош мураббийликка кетганман. Шу сабабдан ҳам, бу жамоа менга бегона эмас. Ўйинчиларини ҳам яхши биламан. Клуб ҳаётида фаол иштирок этганман", - дейди Вадим ака Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Суҳбатдошимиз, "қадрдон жамоасига қайтаётганидан мамнун экани, чунки "Локомотив" ўз олдига барча турнирларда ғалаба қозониш каби жиддий вазифа қўйгани, ўзини жорий пайтда айнан худди шу нарса қизиқтираётгани»ни айтади.

"Мен миллий терма жамоага кетган пайтимда, "Локомотив" биринчи ўринда эди. Яна ўша ўринга қайтишни хоҳлардик, албатта. Яъни, футбол ишқибозларини хурсанд қилиш учун қўлимдан келган ишни қилардим".

Суҳбатдошимиз "Локомотив"да яхши ўйинчилар йиғилгани, жамоа таркиби яхши экани, ўтган йилги мавсумда Ўзбекистон миллий чемпионатида иккинчи ўринни олиб, катта меҳнат қилган ўзидан аввалги инсонлардан миннатдор эканини ҳам таъкидлайди.

Вадим Абрамов ўтган йил ноябр ойида Қозоғистоннинг учта кучли жамоасидан биттаси бўлган "Остона"га Бош мураббий этиб тайинланган, аммо клуб президентининг кутилмаган истеъфоси ортидан, орадан икки ҳафта ўтиб, ўз вазифасидан кетишга қарор қилганди.

Тошкентнинг "Локомотив" жамоаси расмий веб саҳифасида чоп этилган расмий билдиришномада айтилишича эса, "Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиқиш вазифаси бажарилмагандан сўнг, клуб раҳбарияти амалдаги Бош мураббий Ҳаким Фузайловни ўз лавозимидан озод этишга қарор қилган".

“Локомотив” шу ҳафта бошида Осиё Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқич учрашувини Қувайт жамоасига йирик ҳисобда бой берганди.

Муносабат

Вадим Абрамовнинг Тошкентнинг "Локомотив" жамоасига қайтиши Твиттер ижтимоий мулоқот тармоғида жуда қизғин кутиб олинган.

Авлиё Валентин куни, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд айёми қолиб, сўнгги янгилик қилинаётган твитларнинг бош мавзусига айланган.

Аксарият Вадим Абрамовнинг катта футболга мураббий сифатида қайтишидан хурсанд эканлиги ҳақида ёзган.

"Абрамов-Қосимов дуэтини кўрамиз, миллий чемпионат қизиши мумкин", деган умидбахш фикрлар билдирилган.

Бошқалари эса, Вадим Абрамовнинг Бош мураббий бўлиши "Локомотив"нинг ҳозир деярли йўқ бўлган мухлислари сонини ошириб юборади, деган ўйда.

Тарихча ўрнида

Вадим Абрамов 2010-2012 йиллар оралиғида Ўзбекистон миллий терма жамоасига мураббийлик қилган.

Шунинг баробида Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасини ҳам бошқарган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бирга тарихий натижа қайд этиб, илк бор Осиё Кубогининг ярим финалигача кўтарилган.

Жамоани 2014 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларининг якуний босқичига олиб чиққан.

Вадим Абрамов ўз мураббийлик фаолиятини Фарғонанинг "Нефтчи" клубида Бош мураббий ёрдамчиси сифатида бошлаган.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг "НБУ-Осиё", "Трактор" ва "Локомотив" клубларида ишлаган.