Россиялик спортчи олтин медали шубҳа остига олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жаҳон оммавий ахборот воситалари кеча Сочида аёллар ўртасида фигурали учиш бўйича мусобақаларда олтин медални қўлга киритган россиялик спортчи Аделина Сотникованинг ғалабасига турли муносабат билдирмоқда.

Аделина Сотникова аёллар ўртасида фигурали учиш бўйича Россия тарихида Олимпия медалини қўлга киритган илк спортчи бўлди. Шу боисдан Сотникованинг ғалабаси Россияда катта хурсандчилик билан кутиб олинди, бироқ баъзи хорижий мутахассислар ва журналистлар ғалабанинг ҳаққонийлигига шубҳа билан қарашмоқда.

Уларнинг фикрига кўра, ҳакамлар россиялик спортчининг баҳоларини атайлаб кўтаришган.

USA Today сайтининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, ҳакамлар ҳайъати таркибида Россия фигурали учиш федерацияси директори Валентин Писеевнинг рафиқаси Алла Шеховцова бўлган.

Ундан ташқари, Шарқий Оврўпо вакиллари бўлган ҳакамлар ҳам Сотниковага ён босишган, деб ёзади Америка нашри.

Айни пайтда Change.org сайтида Сотникова кўрсатган натижаларни қайта кўриб чиқишни талаб қилган акция бошланган.

Шу пайтга қадар бу талабни ёқлаб 1 миллион 350 минг киши имзо чеккан.

Бироқ Халқаро Олимпия қўмитаси Аделина Сотникованинг баҳолари қайта кўриб чиқилмаслигини билдирди.

Қўмита матбуот воизи Марк Адамсга кўра, Халқаро Олимпия ташкилоти Аделина Сотникованинг ғалабасига шубҳа қилмайди ва бу борада ҳеч қандай текширув ўтказмайди.

Шунингдек, Марк Адамс ҳакамлар Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тасдиқлангани ва уларнинг номи ҳеч кимга сир эмаслигини айтди.

Спортчининг ғалабаси борасида эса бирор бир миллий федерация расман шикоят билдирса, текширув бошлаш мумкин, ҳозирча бундай ариза Халқаро Олимпия қўмитасига келиб тушмади, дейди Марк Адамс.

Сотникова қисқа ижродан кейин кореялик спортчи, Ванкувер Олимпиадаси ғолиби Ким Ю Надан кейин иккинчи ўринни эгаллаганди.

Мажбурий учиш дастурида Ким Ю Нани ортда қолдириб, Сочи Олимпиадаси чемпиони бўлди.

Учинчи ўрин италиялик Каролина Костнерга насиб қилди.

USA Today сайти бундан олдин россиялик бошқа спортчи Юлия Лепницкаянинг Олимпиада чемпиони бўлиш имкониятларини паст баҳолаган эди.