Осиё Кубоги 2015: Ўзбекистон 1-1 Бирлашган Араб Амирликлари

Гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг икки миллий терма жамоа ўртасида Тошкентда бўлиб ўтган якуний учрашувида дуранг натижа қайд этилди.

Сўнгги ўйин ортидан, худди ўтган галгиси каби, Ўзбекистон ўз гуруҳида 2-ўрин билан Осиё Кубогига чиқди.

Бироз аввал поёнига етган ўйин томонларнинг қарама-қарши ҳужумлари манзарасида кечди.

Ҳар икки томон ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатиш баробарида, яхши ҳимояланишди.

Якуний учрашувда ҳисоб фақат 2-бўлимнинг 67-дақиқасига келиб очилди.

Биринчи бўлимда ўзбекистонлик футболчиларда рақиб дарвозасини забт этишнинг қатор имкониятлари бўлди.

Аммо, бунга қарамай, меҳмонлар ўйинчиси Исмоил Ал-Ҳаммадий ўз жамоасини олдинга олиб чиқди.

Учрашувнинг қолган қисми ҳам анчайин жонли кечди.

84-дақиқага келиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ёш ҳужумчиларидан Игорь Сергеев ўйинда ҳисобни тенглаштирди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, бугунги икки рақиб якуний учрашувларига қолмасдан, муддатидан илгари 2015 йилги Осиё Кубогига йўлланмани қўлга киритиб бўлишганди.

Бу галги Осиё Кубоги ўйинларига Австралия мезбонлик қилади ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун олтинчиси бўлади.

Жамоа ўз тарихида турнирнинг икки бор чорак ва бир маротаба ярим финал босқичига чиқишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов яқинда Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатларидан бирида бу йил асосий эътиборларини турли халқаро ўртоқлик учрашувлари ўтказиб, Осиё Кубогига лозим даражада тайёргарлик кўришга қаратишларини айтганди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон айнан 2011 йили Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида ярим финалга чиқиб, тарихий натижа қайд этган.

"БААга қарши ўйин принципиал бўлади"

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Куни-кеча Саудия Арабистонидан қайтган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи бу ҳақда Тошкентдаги учрашув арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида билдирганди.

Миржалол Қосимов мақсадлари ўзбекистонлик футбол мухлисларини хурсанд қилиш ва араблар устидан ғалаба қозониш эканини айтганди.

Суҳбатдошимизга кўра, Бирлашган Араб Амирликларига қарши 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг якуний учрашуви Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун бу йил ҳисобидан илк расмий ўйин бўлади.

Бош мураббийнинг айтишича, худди шу боис ҳам, 5 мартга режаланган учрашув Ўзбекистоннинг рейтинги учун муҳим аҳамият касб этади ва ўзлари мезбонлик қилувчи ўйин принципиал бўлади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ҳам Ўзбекистон ва ҳам Бирлашган Араб Амирликлари 2015 йилги Осиё Кубогига муддатидан илгари йўлланмани қўлга киритишган.

Бироқ, Миржалол Қосимовнинг айтишича, аллақачон бўлажак учрашувга тайёргарликларни бошлаб юборишган ва майдонга фақат ғалаба учун тушишни мақсад қилишган.

Икковлон ўртасида ўтган йилнинг айнан март ойида бўлиб ўтган дастлабки учрашувда Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликларига 1:2 ҳисобида ютқазган.

Бу - Ўзбекистон учун гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг илк учрашуви бўлганди.

Тошкентдаги ўйин бу йилги Осиё Чемпионлар лигаси баҳслари старт олганидан қисқа вақт ўтмай бўлиб ўтмоқда.

Лига ўйинларида Ўзбекистоннинг айнан Миржалол Қосимов Бош мураббийлик қилувчи "Бунёдкор" жамоасининг якка ўзи намоён этмоқда.

Клуб куни-кеча сафарда гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг илк учрашувини ўтказган ва Саудия Арабистони чемпиони "Ал-Фотиҳ" билан 0-0 дуранг натижа қайд этганди.

Бош мураббий Миржалол Қосимовнинг биз билан худди шу суҳбатида айтишича, кескин қарама-қарши ҳужумлар остида кечган ўйин натижаси тўғри, деган фикрда.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, бирламчи мақсадлари гуруҳдан чиқиш бўлса, жамоаси ундан уёғига ҳам ўз олдига, ҳар доимгидек, олий мақсадларни қўйган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, "Бунёдкор" ўзининг қисқа тарихида икки бор Осиё Чемпионлар Лигасининг ярим финалига чиққан иккита Ўзбекистон жамоасидан биттаси бўлади.

Осиё Кубоги

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2015 йилги Осиё Кубоги ўйинлари Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун олтинчиси бўлади.

Жамоа ўз тарихида турнирнинг икки бор чорак ва бир маротаба ярим финал босқичига чиқишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги ўйинларида қайд этган энг юксак натижа эса, 2011 йилга тўғри келади.

Қатарда бўлиб ўтган беллашувларда Ўзбекистон чорак финалда Иорданияни мағлуб этиб, финалга чиқиш учун Австралияга қарши тўп сурган, бироқ ашаддий рақибларидан 0:6 ҳисобида мағлубиятга учраганди.

Бу – ҳам Ўзбекистон ва ҳам Австралия миллий терма жамоасининг ўз тарихларида илк бор Осиё Кубогининг ярим финалига чиқишлари эди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўшанда ўз гуруҳида иккинчи ўринни олиб, 2011 йилги Осиё Кубогининг якуний босқич беллашувларида тўп суриш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Улар ўйинларнинг очилиш учрашувида мезбон Қатарни, кейин бойвачча Қувайтни енгиб, Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган Хитой билан дуранг ҳисобига эришишга муваффақ бўлишганди.

Ўзбекистонлик футболчилар ўзларининг ҳужумкор ўйинлари билан Қатарда нафақат финалда тўп суриш, балки Осиё Кубогини қўлга киритишга ҳам ҳақли равишда даъвогарлик қилишганди.

Аммо финал учрашувида австралиялик рақибларини 0:1 ҳисобида мағлуб этган Япония ўз тарихида тўртинчи бор Осиё Кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик футболчиларнинг гуруҳ босқич саралаш беллашувлари 6 февралдан 2014 йилнинг 5 мартига қадар давом этади.

2015 йилги Осиё Кубоги баҳсларига Австралия мезбонлик қилади.