Рональду бойваччалик бобида Мессини ҳам ортда қолдириб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳа, ишонаверинг, Девид Бекҳэмнинг истеъфоси жаҳон футболида янги бойваччаларнинг пайдо бўлишига йўл очди.

Бунинг учун Goal.com интернет нашрининг бу йилги бойлар рўйхатига кўз ташлашнинг ўзи кифоя.

Янги рўйхатда бойваччалик бобида Португалия ва Мадриднинг наҳанг "Реал"и юлдузига дунёнинг манаман, деган номдор футболчилари ҳам бас келишолмаган.

Ҳатто, ўзининг, "Худо берган иқтидори" билан жаҳоннинг исталган бурчида каттаю кичик футбол аҳлини бирдек тан олдирган Лионель Месси ҳам "ашаддий рақиби" Криштиану Рональдуга етолмаган.

"Тўрт карра жаҳоннинг энг зўр футболчиси" бу йилги бойлар рўйхатида иккинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлиб турган бир пайтда, қолган бешликни кимлар тўлдирганини айтсам, балки кўзларингизга ишонмассиз:

Самуэль Это'О, Уэйн Руней ва Кака...

Агар, Goal.com тўплашга муваффақ бўлган маълумотларга таянилса, дунёнинг энг бойвачча футболчиси бўлган Рональдунинг соф бойлиги бугун нақ 122 миллион фунт стерлингга етибди.

Лекин, холислик ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бу - истеъфода экани сабаб, бойваччаларнинг янги рўйхатига киролмаган Англия футболи юлдузи Девид Бекҳэмнинг умумий бойлигидан 43 миллион фунт стерлингга кам.

Лионель Мессининг бойваччалик бобида Рональдуга етишига эса, бор-йўғи икки миллион фунтча етмаган, холос.

Бойлик манбаи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мақолани ўқир экансиз, хаёлингизда Рональду бунча бойликни қандай тўплаган экан-а, деган савол ўтаётган бўлса:

Бунга, бир томондан, Португалия юлдузининг ўтган йили "Реал"(Мадрид) билан яна 5 йилга имзолаган 76 миллион фунт стерлинглик янги шартномаси имкон берган бўлса, бошқа тарафдан, маҳсулотларини реклама қилиш учун Nike ширкати билан эришган жуда даромадли келишуви ҳам ўз сўзини айтмай қолмаган.

Олмониянинг Adidas ва Турк Ҳаво Йўллари ширкатлари эса, "Барселона"дан олаётган маошу мукофот пулларидан ташқари, Мессининг бойлигига бойлик қўшаётган даромад манбалари экан.

Goal.com ўзининг йиллик бойлар рўйхатини тузишда мутахассислар гуруҳи билан иш олиб боради ва ҳали майдонда тўп сураётган номдор футболчиларнинг барча кўринишдаги тушумларини эринмай ҳисоб-китоб қилиб чиқади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Шундан сўнг, 200 дан ортиқ футболчи орасидан, даромадининг чўғига қараб, 10 нафар энг бойваччасини тартиб билан саралаб олади.

Уэйн Руней қандай қилиб дунёнинг энг бой тўртта футболчисидан бирига айланди экан, десангиз, ҳаммасига амалдаги Англия чемпиони қизил иблислар билан имзолаган янги шартномаси сабаб: Бунақаси Британия футболи тарихида бўлмаган - ҳафтасига 300.000 фунт стерлинг ишласа-я!...

Бразилия футболининг янги юлдузларидан Неймар эса, Испаниянинг наҳанг "Барса"си билан ҳозир катта машмашаларга сабаб бўлаётган шартномаси ва клуб ота-онасига тўлаб қўйган қарийб 40 миллион фунт стерлинглик товон пули билан бирга бойларнинг янги рўйхатидан олтинчи ўринни эгаллабди.

Ҳафсалангиз пир бўлмасин, юқори ўнликни Ўзбекистонда ҳам номи барчага бирдек таниш ва дунёнинг энг олд лигаларида тўп суриб, тилга тушган ва шунга яраша кармонлари ҳам яхшигина қаппайган Рональдиньо, Златан Иброҳимович, Жанлуижи Буффону Тьерри Анрилар тўлдиришган.

Яқинда Мадриднинг "Реал"и билан имзолаган 80 миллион фунт стерлингдан ортиқ шартномаси билан дунёнинг энг қиммат футболчисига айланган Гарет Бейл эса, ҳозирча уларга етолмабди.