Осиё Кубоги 2015: Санжар Ризаев 'Ўлим' гуруҳи ҳақида нима дейди?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Австралиянинг Сидней шаҳрида ташланган қуръа натижасига ана шундай муносабат билдирди.

Бугун чоршанба куни бўлиб ўтган расмий маросим ортидан, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг "В" гуруҳида Саудия Арабистони, Хитой ва Шимолий Кореяга қарши тўп суриши маълум бўлди.

Осиё қитъасининг 16 миллий терма жамоаси ўз рақибларини билиб олган тадбир "Sydney Opera House" саройида бўлиб ўтди.

Қуръа ташлаш маросимида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳам иштирок этди.

Суҳбатдошимиз Санжар Ризаевнинг айтишича, Ўзбекистон тушган "В" гуруҳи - "Ўлим" гуруҳи, деган фикрларга қўшилмайди.

Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоасини ўз гуруҳида фаворитлардан, деб билади ва кейинги босқичга чиқишига қатъий ишонади.

Санжар Ризаевга кўра, бугун Сиднейдан боғланганларида, миллий терма жамоа Бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳам худди шундай фикрларни изҳор этган.

Ўз ўрнида, таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон илк бор 2011 йилда Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогининг ярим финалига чиқиб, тарихий натижа қайд этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Санжар Ризаевнинг билдиришича, бу гал ҳам олдиларига имкон қадар максимал натижага эришиш мақсадини қўйишган.

"Камида 2015 йилги Осиё Кубогининг ярим финалига етиб бориш вазифаси кўрилаяпти. Умуман, биздан ишқибозлар, бутун Осиё камида ўша 2011 йилдаги ютуқни кутишаяпти. Лекин биз бундан кўпига умид билдирамиз ва бу нарсани миллий терма жамоадан кутиб қоламиз", - дейди Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2015 йилги Осиё Кубогига муддатидан илгари йўлланмани қўлга киритган.

Бу – Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида олтинчи бор Осиё Кубоги учун беллашиши бўлади.

Жамоа 2004 ва 2007 йилларда қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли турнирнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

Қуйида қуръа натижалари билан батафсил танишишингиз мумкин бўлади:

A - Гуруҳи 1. Австралия 2. Жанубий Корея 3. Уммон 4. Кувайт

B - Гуруҳи

1. Ўзбекистон 2. Саудия Арабистони 3. Хитой 4. Шимолий Корея

C - Гуруҳи 1. Эрон 2. БАА 3. Қатар 4. Баҳрайн

D - Гуруҳи 1. Япония 2. Иордания 3. Ироқ 4. 2014 Осиё Чақирув кубоги ғолиби

2015 йилги Осиё Кубоги келаси йил январ ойида старт олади ва унга бу гал Австралия мезбонлик қилади.