‘Мусулмон Лионель Месси’?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи gh

Аргентина ва Испаниянинг наҳанг “Барселона”си юлдузи “Лионель Месси мусулмончиликни қабул қилибди”, “Мессини масжидда кўришибди”, дейишса, нима деган бўлардингиз?..

Бу каби гап-сўзларга ишониб-ишонмай қараган бўлишингиз табиий.

Шошманг, бунга ўхшаш миш-мишларнинг барчасига оддийгина жўғрофия ўқитувчиси Абдул Карим сабаб экан.

Гап нимада экан десангиз, тафсилотлари билан танишинг:

Бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшаш одамларни одатда сиз матбуот хабарлари ва фильмларда учратасиз, қизиқиб ўқийсиз ва томоша қиласиз, тўғрими?

Бироқ ҳақиқий ҳаётда ўзаро қондош бўлмаса-да, қиёфадош бўлган инсонларга ҳар доим ҳам тўқнаш келавермайсиз.

Аммо яқинда Афғонистоннинг ғарбий Ҳирот вилоятида худди шунга ўхшаш бир воқеа юз бердики, ҳамма Мессини “мусулмон”га айлантириб юбориш даражасига борди.

Сўз жаҳон футболи юлдузи Лионел Мессига бир томчи сувдек ўхшаш бўлган Абдул Карим ҳақида кетмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Афғонистоннинг "бўлажак Месси"си худди мана шу базмда кашф этилган

Одатда, дунёнинг иккита турли бурчагидан бўлган одамларнинг юз қиёфаларида ўхшашлик топиш қийин бўлади.

Агар, одмигина қилиб айтадиган бўлсак, Афғонистон қаердаю Аргентина қаерда,

Устига устак, иқлими, об-ҳавоси ва ейиш-ичишлари ҳам бир-биридан буткул фарқ қилса.

Абдул Карим эса, кимсан Мессининг “ўзи” эмасми, одамларга фақат шуниси керак: машҳур юлдузларга қиёфадош бўлган кишилар ҳақидаги хабар ҳамманинг эътиборини бир зумда ўзига тортади-қўяди.

“Мусулмон Лионель Месси”

Ҳаммаси бир ой аввал бошланади: Ҳиротдаги маҳаллий шифокорлардан бири ўзи таклиф этилган базмда худди Лионель Мессига ўхшаш бир одамни учратиб қолади.

Икковлоннинг қанчалик бир-бирларига ўхшашиб кетишларидан ҳайратга тушган шифокор қўл телефонида Абдул Каримнинг суратини олади ва Facebook даги саҳифасига қўяди.

Бунинг ортидан шундай гап-сўзлар тарқаб кетадики: “Лионель Месси Ислом динини қабул қилган эмиш”, “Мессини масжидда кўришибди...”.

Ижтимоий мулоқот тармоқларидаги бунча миш-миш, сўзсиз, оммавий-ахборот воситаларининг ҳам эътиборидан четда қолмайди ва Мессининг қуйиб қўйгандек ўзи бўлган афғон йигити ҳақида хабарлар ёғилиб кетади.

Устига устак, икковлоннинг бир йил ва бир ойда дунёга келишганини айтмайсизми: 1987 йил июнь...мухбирларга эса, гап керак.

“Устод Месси”

Фото муаллифлик ҳуқуқи gf
Image caption Агар, ўзининг иқрорига таянилса, жаҳон футболи юлдузи Мессига қиёфадош бўлиш осон эмас...

Агар, Абдул Каримнинг сўзларига таянилса, маҳаллий оммавий-ахборот воситалари қолиб, ўзи ишлаётган мактабда ҳам шу аҳвол.

Мактабда ҳеч ким: над-да раҳбарият, на-да ҳамкасблари ва на-да ўқувчилари уни устод Абдул Карим, деб чақиришса, денг...

Жўғрофия ўқитувчиси бўлиб ишга кирган илк кунидан бошлабоқ барча унга “Устод Месси”, деб мурожаат қилади.

Қани энди, ҳеч бўлмаса, ўқувчилари, “Жўғрофия ўқитувчимиз келаяпти”, деб айтишса кошки, йўқ...

“Бошоғриқми ва ёки хослик?”

Кимсан, айнан жаҳон футболи юлдузи Лионель Мессига қиёфадош бўлиш осон эмас.

Абдул Каримнинг айтишича, гоҳида Мессига қиёфадошлиги ҳақиқий бошоғриққа айланади.

Айниқса, ул-бул оламан, деб бозорга тушган пайтимда бунинг яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам жуда билинади, дейди у.

Аён бўлишича, бир нарса харид қиламан деса, аргентиналик номдор футболчининг тужжор ёки дўкондор мухлислари унга арзон-гаровга тутқазишади.

Харид учун Мессини жини суймайдиганларнинг ёнига бориб қолса, унга қош-қовоқ ўйиб, кўрмаганга олишади.

“Айниқса, шуниси одамни жуда хуноб қилади”, - дейди Абдул Карим “Месси”.

Аммо, унинг айтишича, Лионель Мессига қиёфадош бўлишнинг ёқимли томонлари ҳам йўқ эмас: Ўзи билан бирга суратга тушаман деганларнинг сони ҳам озмунча эмас.

Ўхшашлик ҳам бундан ортиқ бўлмаса керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи gf
Image caption Абдул Каримнинг айтишича, ҳали "кашф" этилмасидан аввал ҳам, ҳозир ҳам Мессининг ашаддий ишқибози

Абдул Карим уйланган ва Лионел Мессига ўхшаб, унинг ҳам битта ўғли бор.

Икковлон терисининг рангги ҳам бир хил, фақат аммоси: Абдул Каримнинг бўйи Барса юлдузиникидан 3 смга узун, яъни 1.72 метрни ташкил этади.

Футбол Абдул Каримнинг ҳам жону дили: жўғрофия ўқитувчиси эканига қарамай, футбол бўйича маҳаллий терма жамоа аъзоси.

Таъкидлаш жоиз, яна устаси фаранг Лионель Мессига ўхшаб ҳужумчи – ҳужумда ўйнайди.

Агар, ўзининг сўзларига ишонилса, ҳали Мессига ўхшашлиги билан тилга тушмасидан аввал ҳам, Испаниянинг амалдаги чемпиоани, жаҳоннинг энг олд жамоаларидан бири бўлмиш наҳанг “Барселона” ва жаҳоннинг тўрт карра “Энг зўр ўйинчиси” Лионель Мессига ишқибозлик қилган ва ҳозир ҳам уларнинг мухлиси.

Бу мавзуда батафсилроқ