Ўқинг, қизиқ: Криштиану Рональду 'Дунёнинг 100 та энг қудратли инсони' рўйхатида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Энг қизиғи, 28 ёшли Португалия ва “Реал”(Мадрид) жамоаси юлдузи Американинг нуфузли “Тайм” журналининг бу йилги рўйхатида АҚШ Президенти Барак Обама, Рим Папаси Франсис ва Халқаро Валюта Жамғармаси раҳбари Кристин Лагардлар қаторидан жой олган.

Ушбу хабар Рональдунинг ҳам эътиборидан четда қолмаган, юлдуз футболчи Facebook даги саҳифасида бу – ўзи учун “катта шараф” эканини ёзган.

Америкада чоп этилувчи ушбу нуфузли журнал 1999 йилдан бошлаб, ҳар йили ўз таснифида “Дунёнинг энг қудратли” 100 одамининг рўйхатини эълон қилиб келади.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, бу каби “шараф”га, ҳатто, кетма-кет тўрт карра “Жаҳоннинг энг зўр футболчиси”, Аргентина ва Испаниянинг наҳанг “Барселона”си юлдузи Лионель Месси ҳам эриша олмаган.

Криштиану Рональду шу йил бошида ҳам Мессини ортда қолдириб, ўз карьерасида иккинчи бор “Дунёнинг энг қойилмақом ўйинчиси”, деб топилганди.

Аргентина футболи юлдузи эса, ўшанда бешинчи бор ушбу мақомга лойиқ деб топилиб, янги бир рекорд ўрнатиш имкониятидан мосуво қолганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Америкалик таниқли қўшиқчи Бейонсенинг дунёнинг манаман деган сиёсатчи, иқтисодчи ва жамоат арбобларини ортда қолдириб, биринчи ўринга чиқиши янги рўйхатнинг яна бир шов-шувли нуқтаси бўлган.

Ҳатто, АҚШ президенти ёки Рим Папаси бўлмайдими, Барак Обама ёки ҳазрат Франсис ҳам машҳурлик ёки қудратлилик бобида Бейонсега етиша олишмаган.

Кимсан Пеле тавсия қилган

Одатга мувофиқ, “Дунёнинг энг қудратли инсони” бўлишга номзодлар уларнинг ўз соҳасига яқин инсонлар томонидан тавсия қилинади.

Криштиану Рональдунинг номзодини ким илгари сурибди экан-а, деб сиз ҳам қизиқаётган бўлишингиз табиий, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг: кимсан жаҳон футболи афсонаси Пеле...

“Криштиану Рональду ҳозир дунёдаги энг машҳур спортчилардан бири. Мен унинг майдондаги курашчан руҳиятини ниҳоятда ҳурмат қиламан. Ва у бекорга ҳозир жаҳондаги энг зўр футболчи сифатида кўрилмайди”, - деб айтган буюк Пеле.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аммо, ўз ўрнида, жаҳон футболи афсонаси узр сўрашни ҳам унутмаган ҳолда, бу йилги жаҳон чемпионатида Бразилия Португалияга қарши майдонга тушиб қолса, мамлакатининг ғолиб чиқишига тарафдорлик қилишини қистириб ўтишни ҳам унутмаган.

Дунёнинг бу йилги энг қудратлилари рўйхатида оз эмас, кўп эмас 41 та ўринни забт этиб, аёллар ҳам ўзига хос рекорд ўрнатишган.

АҚШ Жосуслик Хизматининг махфий ҳужжатларини дунёга ошкор этиши билан тилган тушган собиқ жосус Эдвард Сноуден эса, бу рўйхатдан жой олган энг ёш инсонлардан бири бўлган.

Толибоннинг аввал қаҳри, кейин ўқига учраган покистонлик фаол ўқувчи қиз Малала Юсуфзай эса, бу йилги дунёнинг энг машҳурлари орасида энг кичиги бўлган.

Криштиану Рональду

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Португалиялик сара ҳужумчи бугун футболга бефарқ бўлмаган аксарият томонидан ҳақли равишда жаҳондаги иккита энг зўр ўйинчидан биттаси деб тан олинади.

Криштиану Рональдо 2009 йилда дунёдаги энг қиммат биринчи футболчи сифатида ҳам тарихга кирган.

Испаниянинг наҳанг "Реал"(Мадрид) жамоаси уни Англиянинг қизил иблисларидан ўша пайтда рекорд - 80 миллион АҚШ долларига сотиб олганди.

"France Football" эса, 2010 йил барча тушумларини назарда тутиб, юлдуз футболчини Дэвид Бекҳем ва Лионель Мессидан кейин жаҳондаги энг кўп ҳақ олувчи учта футболчидан биттаси, деб топганди. Унинг бойлигини 160 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳолаганди.

Аён бўлишича, Криштиану Рональдо ижтимоий мулоқот тармоқларида ўрнатган ўзига хос рекордлари билан ҳам жаҳоннинг манаман деган футболчиларини ортда қолдирган.

Дейлик, 2010 йилда португалиялик футбол юлдузи "Фейсбук"даги дўстларининг сони 10 миллионга етаркан, у ижтимоий мулоқот тармоқларида бу каби муваффақиятга эришган америкалик бўлмаган биринчи таниқли шахс айланган.

Орадан икки йил ўтиб эса, "Реал"(Мадрид) юлдузининг "Фейсбук"даги дўстлари сони 50 миллион кишига чиқади ва у бунча дўст орттиришга муваффақ бўлган жаҳондаги илк спортчи бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Америкада чоп этилувчи нуфузли "Форбес" журнали эса, ўтган йили Криштиану Рональдони Леди Гага, Рианна, Жастин Бибер ва Кэти Перридан кейин энг машҳур шахс, деб топганди.

Криштиану Рональдо бир боланинг отаси ва россиялик машҳур модел Ирина Шейк билан юради.

Португалиялик футбол юлдузи ўзининг Ғазо Бўлгасидаги хайрияпарварлик ишлари билан ҳам араб дунёсида анча ном чиқарган.

Собиқ жамоадоши ва ҳозирда Лондоннинг "Арсенал" клуби ўйинчиси Месут Ўзил яқинда берган суҳбатида Криштиану Рональдога "Қуръони Карим" сураларини ўргатгани ҳақида ҳам айтиб ўтганди.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002.

Бу мавзуда батафсилроқ