Президент Каримов 2015 дан кейин ҳам ҳокимиятда қолишига ишора қилди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов яқин келажакда истеъфога кетиш нияти йўқлигини билдирган.

Пайшанба куни ўзи туғилиб ўсган Самарқанддаги халқаро анжуманда гапирган 76 ёшли Каримов олий лавозимдан кетишга шошилмаётганини айтган.

У ўзининг узоқ вақт ҳокимиятда қолаётгани билан боғлиқ танқидларни рад этган.

"Мени узоқ ўтирганим учун танқид қилишади", - деган жаноб Каримов хорижлик дипломатлар ва меҳмонларга қарата.

"Аммо мен ишлашни хоҳлайман. Бунинг нимаси ёмон?", дея хитоб қилган Президент Самарқанднинг Исломий уйғониш даври илмий меросига бағишланган анжуманда.

Бу Ўзбекистонни чорак асрдан буён бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг 2015 йилдан кейин ҳокимиятда қолиш-қолмаслик борасида ҳозирга қадар қилган биринчи баёнотидир.

Шу йил бошида соғлиги билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги хабарлар Каримов ҳокимиятни топширишга тайёрланаётгани ҳақидаги фаразларга сабаб бўлган эди.

Эҳтимолий номзодлар қаторида унинг ҳозирда назардан тушган тўнғич қизи Гулнора Каримова, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовлар тилга олинган.

'Кутилган' баёнот

1991 йилдаги биринчи президентлик сайловларида жаноб Каримовнинг рақиби бўлган таниқли шоир ва мухолифатчи Муҳаммад Солиҳга кўра, Президент Каримовнинг баёноти нафақат унинг ўзи, балки кўпчилик учун кутилган бўлган.

"Мен ҳамма вақт Каримов токи ҳаёт экан, ҳеч қачон ҳокимиятни бировга бериб қўймаслигини айтиб келганман. Бу унинг табиатига зиддир", -дейди мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари.

Айни пайтда жаноб Солиҳ Каримовнинг яна бир муддат президентликда қолишини бу каби "жўн бир шаклда" эълон қилиши ўзи учун кутилмаган бўлганини айтади.

"Шунча йилдан буён давлатни Конституцияга амал қилмаган ҳолда бошқариб келаётган одам, 25 йилдан кейин яна ҳокимиятда қолиш учун ҳеч бўлмаса, биронта жиддийроқ сабаб уйдириши керак эди. Аммо Каримов шуни ҳам қилмади", - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Шу ҳафта бошида Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси навбатдаги парламент сайловларининг шу йил 21 декабр куни бўлиб ўтишини эълон қилган.

Президент сайловларининг аниқ санаси эълон қилинмаган, аммо таҳлилчилар мамлакат Конституциясига таянган ҳолда, президентлик сайловларининг 2015 йил мартида бўлиб ўтишини башорат қилишмоқда.

Ўтган йили Сенат президент сайловларини 2014 йил декабридан 2015 йилнинг биринчи ярмига қолдириш ҳақидаги ўзгаришни маъқуллаган.

Ўзбекистон Сенати шунингдек, Президент ваколатларининг бир қисми Бош вазирга берилишини назарда тутувчи конституциявий ўзгаришларни ҳам қабул қилган.

Кузатувчилар "конституциявий ислоҳотлар" дая тақдим этилган бу ўзгаришларнинг амалда Ўзбекистондаги яккаҳокимлик бошқарувига таъсир кўрсатишини савол остига оладилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002