La Liga: Наҳанг “Барса” Испания чемпионлигидан ҳам маҳрум қолди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ва 1996 йилдан буён илк бор Мадриднинг “Атлетико” жамоаси Испания чемпионлигини қўлга киритди.

Бу йилги ғолиб миллий чемпионатнинг якуний ва ҳал қилувчи учрашуви ортидангина маълум бўлди, холос.

Бунинг учун "Барса"га қарши сўнгги ўйинида турнир пешқадами бўлиб турган Мадрид жамоасининг 1:1 дуранг натижаси қайд этишининг ўзи кифоя қилди.

Шундай қилиб, жаъми очколари сонини 90 тага етказган “Атлетико” уч очко фарқ билан жаҳон футболи юлдузи Лионель Мессининг жамоасини ортда қолдирди.

Амалдаги Испания чемпионининг бу йилги ўйини кўплаб футбол экспертларининг танқидларига ҳам сабаб бўлиб келаётганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Энди, Каталония жамоаси кумуш медаллар билан кифояланадиган бўлди.

Ўзининг амалдаги мақомини сақлаб қолиши учун эса, “Барселона”нинг бугун фақат ғалаба қозониши тақозо этиларди.

Ғолиб чиққан тақдирда, бу - наҳанг “Барса”нинг кетма-кет олтинчи бор Испания чемпионлигини қўлга киритиши бўларди.

Каталонияликлар яқинда бу йилги Испания Кубогини ҳам ашаддий рақиблари – Мадриднинг “Реал”ига бой беришганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оврўпо Чемпионлар лигасида эса, “Барса” айнан бугунги рақибига енгилиб, чорак финалдан пастга қулаганди.

Бу йилги футбол мавсумида кимсан "Барселона"ни доғда қолдирган бу икки жамоа 24 май куни Оврўпо Чемпионлари чемпионлиги учун майдонга тушишади.

"Барса" жорий мавсумни номдор Бош мураббийси Хосеп Гвардиоласиз ўтказганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Гвардиола эса, бу йилдан бошлаб Олмониянинг амалдаги чемпиони "Бавария" жамоасига Бош мураббийлик қилмоқда.

Бу - "Барселона" 2007/2008 йилги футбол мавсумидан буён қайд этган энг ёмон натижа бўлади.

Испаниядан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, жамоанинг сўнгги мағлубияти ортидан, Бош мураббийси Херардо Мартино истеъфога чиқарилмоқда.

Маълум бўлишича, бундай қарорга ҳар икки томоннинг ҳам розилиги билан келинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

58 ёшли Херардо Мартино ўтган йили яқинда томоқ саратонидан вафот этган Тито Виланованинг ўрнига "Барса" Бош мураббийси этиб тайинланганди.

Жаноб Мартино жамоа билан икки йилга шартнома имзолаганди.

Энди унинг ўрнини ўз собиқ ўйинчилари ва ҳозирда "Сельта Вига" жамоаси Бош мураббийи Луис Энрике эгаллаши мумкинлиги айтилмоқда.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, бу - ўтган 10 йил ичида Испания чемпионлиги мақоми “Барселона” ва “Реал”дан ортиб, ўзга бир жамоага тегиши бўлади.

Мадриднинг “Атлетико”сидан аввал бу каби ютуқни “Валенсия” жамоаси қайд этганди.

Қисқача маълумот ўрнида: Оврўпода бу йилги футбол мавсуми поёнига етиб бораркан, "Бенфика" Португалия, "Ювентус" Италия, "Манчестер Сити" Англия ва "Пари Сен-Жермен" Франция чемпионлигини қўлга киритишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ