Саудия Арабистони: Футбол, ҳатто, подшоҳларга ҳам бас келолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳа, ишонаверинг, Буюк Британияда чоп этилувчи нуфузли “The Economist” ҳафталигида чоп этилган мақола худди шу мавзуга бағишланади.

“Футболдан бошқа ҳар қандай ҳолатда мамлакат хавфсизлик кучлари овозини баланд қўйган минглаб саудияликларни бир зумда тинчлантириб қўйишади. Аммо ҳар ҳафта подшоҳлик бўйлаб “Ал-Ҳилол” бўладими ва ёки “Ал-Насср”, маҳаллий футбол ишқибозлари ўз севимли жамоаларини қўллаб, бемалол стадионларни бошларига кўтаришади”, - деб бошланади ушбу мақола.

Агар, мақолада сўзларидан иқтибос келтирилган саудиялик профессорнинг баҳосига таянилса, “футбол подшоҳликда сўз эркинлигини ифодалашнинг камдан-кам имконияти сифатида ўртага чиққан”.

Мақолада ёзилишича, футбол – подшоҳлик оиласи омманинг босими қаршисида миқ этмай ён берувчи ягона фаолият туридир.

“Бунга 2012 йилги воқеанинг ўзи бир мисол. Ўшанда миллий терма жамоа шу йил Бразилияда бўлиб ўтувчи жаҳон чемпионатига чиқа олмайди. Бундан норози саудияликлар ўзига орқа ўгиришаркан, кимсан шаҳзода Наваф бин Файзал Саудия Арабистони Футбол Федерацияси президентлигидан истеъфо беришга мажбур бўлади”, - дея ёзилади мақолада.

Ўтган йил эса, севимли жамоаларининг кетма-кет мағлубияти ортидан, маҳаллий футбол ишқибозлари минг подшоҳнинг ўғли бўлмайдими, шаҳзода Файзал бин Туркийни “Ал-Насср” президентлигидан кетказмоқчи бўлишади.

Тўғри, алал-оқибат улар бунинг уддасидан чиқа олишмайди.

Аммо футбол ишқибозларининг ўз мақсадларига эришиш учун ижтимоий мулоқот тармоқларида олиб борган кампаниялари саудияликлар ўз норозиликларини ошкора ва эрин изҳор эта олган камдан-кам мисоллардан бири сифатида баҳо топади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

“Яна Саудия Арабистони Футбол Федерацияси президентлигига сайловларни айтмайсизми: одамлари бирор бир дурустроқ лавозимга овоз бериб, кимса сайлашга деярли имконсиз бўлган подшоҳликда энг эркини.., - дея давом этади мақола.

Дейлик, шаҳзода Навафнинг истеъфоси ортидан, Аҳмад Ийд ал-Ҳарбийнинг уюшма президенти этиб сайланиши бунга бир мисол бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Чунки собиқ дарвозабон бўлмиш Аҳмад Ийд ал-Ҳарбий ушбу лавозимни эгаллаган биринчи оддий, яъни томирида подшоҳлик қони оқмаган саудиялик бўлганди.

Устига устак, у аксарият саудияликлар у қадар назарга илмайдиган қора танли инсон эди.

Араб дунёсининг каттагина қисмини ўз забтига олган 2011 йилги оммавий намойишлар ортидан Саудия Арабистони ҳукмдорлари оддий аҳолининг бир жойга тўпланишидан юрак олдириб қўйишган.

Саудлар оиласи билан бирга подшоҳликни бошқаришда катта таъсирга эга айрим ўта анъанадор ваҳҳобий уламолари эса, спортга танқидий қарашда.

Уларга кўра, спорт одамларни диндан чалғитади.

Аммо, шунда ҳам, подшоҳлик оиласининг минтақада энг оммабопи бўлган футболга тегишга, қандайдир, ҳадди сиғмайди.

Саудияликлар ҳозирга келиб, ўзларини бироз бўлса-да, эркинроқ ҳис этишмоқда: Улар қаҳвахоналарга бориб, Twitter, Facebook ва YouTubeда кўнгилларидаги борини тўкиб солишлари мумкин.

Лекин, агар, ҳукмдорлари футболга дахл қилгудек бўлса, минглаб ашаддий ишқибоз фуқароларининг уларга қизил карточка кўрсатиб қўйишлари аниқ, дея хулоса қилади “The Economist”.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ