Бразилия 2014: Илк учрашувга Равшан эмас, бошқа ҳакам танланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи GOALCONTROL

ФИФА расмий веб саҳифасининг хабар беришича, 12 июн кунги мезбон Бразилия ва Хорватия ўртасидаги илк учрашувга Ўзбекистон футбол аҳлига яхши таниш япониялик Юичи Нишимура ҳакам этиб тайинланган.

42 ёшли Нишимура ўз карьераси давомида икки бор жаҳон чемпионатида иштирок этаётган япониялик учинчи ҳакам бўлади.

Аммо бу – Юичи Нишимуранинг илк маротаба футбол бўйича жаҳон кубоги мусобақаларининг очилиш беллашувига ҳакамлик қилишидир.

2010 йил Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатида Нишимура Голландия ва Бразилия ўртасидаги чорак финал учрашуви дохил жаъми тўрт ўйинга ҳакамлик қилганди.

Ўзбекистонлик ҳакамлар орасидан илк бор бундай шараф худди ўша йили таниқли ҳакам Равшан Эрматовга насиб этганди.

Ўша пайтда бор-йўғи 32 ёшда бўлган Равшан 1934 йилдан буён жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувини бошқарган энг ёш ҳакам бўлганди.

Унинг сўнгги жаҳон чемпионатидаги ҳакамлик маҳорати катта олқишларга сазовар бўлган ва Равшан Эрматовга ярим финал ўйинини бошқариш ҳам ишониб топширилганди.

Дунё бўйлаб кўпчилик футбол мутахассислари ва футбол ишқибозлари сўнггига қадар Равшан Эрматовнинг бу галги жаҳон чемпионатининг илк учрашувига ҳам ҳакамлик қилишига умид қилишаётганди.

Чунки 2010 йилги турнирнинг илк учрашувини очиб бериш билан “Тўрт карра Осиёнинг энг зўр ҳаками” бўлган Равшан танимаганга ҳам ўзини танитган, бир биринчиликнинг ўзида беш беллашувга ҳакамлик қилиш билан эса, номи халқаро рекордчилар рўйхатига ҳам кирганди.

Юичи Нишимура Бразилиядаги жаҳон чемпионатида Равшан билан бирга Осиё қитъасини намоён этаётган тўртта бош ҳакамдан бири бўлади.

Бу икковлондан ташқари Бенжамин Вильямс (Австралия) ва Абдулла Шукралла (Баҳрайн)лар бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи ҳам Бразилиядаги жаҳон кубоги ўйинларини бошқаришади.

ФИФА томонидан эълон қилинган дастлабки тўрт учрашув ҳакамлари орасида, ҳозирча, Юичи Нишимурадан бошқа Осиё қитъаси вакиллари йўқ.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Равшан жаҳон чемпионатида кетма-кет иккинчи бор бутун собиқ Шўролар Иттифоқини намоён этаётган ягона ҳакам бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ