Жаҳон чемпионати 2014: Юлдузлар ниманинг хаёлида?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ягона кубок учун кураш арафасида дунё футбол оламининг юлдузлари нималарни хаёл қилишмоқда? Худди шу савол бугун футболга бефарқ бўлмаган барчани бирдек қизиқтираётган бўлиши табиий. Би-би-си ҳам худди шу мақсадда махсус лойиҳага қўл уриб, ўзбекистонлик футбол ишқибозларига ҳам жуда яхши таниш Вейн Руней, Дидье Дрогба, Яхё Туре, Сеск Фабрегас, Тим Кэхилл, Пол Погба, Кевин-Принс Боатенг ва Диего Форлан каби машҳур футболчиларга микрофон тутган. Улардан ҳар бири учун Бразилия майдонларида тўп суриш нимани англатиши, финал учрашувида бирваракайига учта тўп уришми ва ёки гуруҳдан кейинги босқичга чиқишми - жаҳон чемпионати арафасида чин дилдан қилаётган орзулари нима экани билан қизиққан. Жаҳоннинг манаман деган футболчилари иқрорлари билан сиз ҳам танишинг:

Вейн Руней

Англиялик сара ҳужумчи Вейн Рунейнинг айтишича, жаҳон чемпионатидаги орзуси ишқибозларнинг кўнгилларини хушнуд қилиш ва мамлакатининг обрўсини кўкларга кўтаришдир.

Сеск Фабрегас

Агар, испаниялик номдор ярим ҳимоячининг иқрорларига таянилса, яккаю ягона истаги – Бразилиядаги жаҳон чемпионатининг финал учрашувида ҳал қилувчи тўпни киритиб, мамлакатини қайта чемпион қилиш.

Яхё Туре

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Кот-д'Ивуа́р (Фил Суяги қирғоғи)лик амалдаги “Африканинг энг зўр футболчиси”га кўра, орзуси – ўз қитъасидан бўлган бирор бир миллий терма жамоани бу йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичида кўриш.

Дидье Дрогба

Яхёнинг ватандоши бўлган юлдуз футболчининг айтишича, орзиқиб қилаётган нияти – Бразилияда ҳаммани доғда қолдириб, жаҳон кубогини она Ватани Кот-д’Ивуарга келтириш.

Диего Форлан

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги умидини ҳам йўққа чиқариб, қитъалараро плей-офф босқичига чиққан Иорданияни мағлуб этиб, Бразилияга йўл олган уругвайлик футбол юлдузига кўра, орзуси жамоадошлари билан бирга жаҳон чемпионатининг финалигача бориш.

Тим Кэхилл

Австралиялик сара ҳужумчининг анчайин камтарлик билан эътироф этишича, ҳозирча яккаю ягона истаги – гуруҳ босқич саралаш беллашувларидаги ҳар бир учрашувни ўз фойдаларига ҳал қилиш.

Кевин-Принс Боатенг

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Гана ва Африка футболи юлдузининг азалий орзуси эса, жаҳон чемпионатининг финал учрашувида уч карра кубок соҳиби, Оврўпонинг энг пешқадам жамоаларидан бири саналувчи Германияга қарши тўп суриш экан.

Пол Погба

Франция ва дунё футболининг бўлажак юлдузларидан бири саналаётган ярим ҳимоячининг айтишича, орзуси хет-трикни қойиллатиб, жамоадошлари билан жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш.

Карлош Кейруш

Фото муаллифлик ҳуқуқи isna

Бразилияда Осиё қитъасини намоён этувчи тўртта миллий терма жамоадан бири бўлган Эрон Бош мураббийининг эътироф этишича, мақсадлари – жаҳон чемпионатида мардонавор ўйин намойиш этиб, гуруҳдан кейинги босқичга чиқиш.

Дирк Кёйт

Жанубий Африкада Испанияга енгилиб, жаҳон чемпионатининг олтин медалларидан қуруқ қолган голландиялик номдор футболчи Дирк Кёйтнинг айтишича, ҳозирги яккаю ягона истаги – Бразилияда ҳам турнирнинг финал босқичигача кўтарилиш.

Асмир Бегович

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Босниялик тажрибали дарвозабон эса, камтарлик бобида қолган ҳаммадан ўтиб тушибди. Унинг айтишича, ягона тилаги – Бразилияда мамлакатини муносиб намоён этиш.

Саломон Калу

Кот-д'Ивуа́рлик яна бир номдор ҳужумчи жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиқа олган биринчи Африка миллий терма жамоасининг таркибида бўлсам, қанийди, дейди.

Лука Модрич

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хорватиялик машҳур ҳимоячи Лука Модрич эса, бу галги жаҳон чемпионатида миллий терма жамоамизнинг 1998 йилги ютуғини такрорлай олсак қанийди, дейди. Хорватия миллий терма жамоаси ўша йили жаҳон биринчилигининг бронза медалларини олишга муваффақ бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002