Бразилия 2014: Женнифер Лопес фикридан қайтиб қолди

Фото муаллифлик ҳуқуқи g

ФИФА - Халқаро Футбол Уюшмалари Федерациясининг расман маълум қилишича, америкалик машҳур актриса ва хонанда жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида иштирок этишга қарор қилган.

Женнифер Лопес 12 июн куни таниқли рэппер Pitbull ва мезбон бразилиялик машҳур хонанда Клаудия Лейтте билан бирга биринчиликнинг расмий - "We Are One"(Ole Ola) қўшиғини ижро этиши лозим.

Аммо куни-кеча ФИФА расмий баёнот билан чиқиб, қўшиқчининг очилиш маросимида иштирок этмасликка қарор қилгани ва бунга унинг "ижодий муаммолари" сабаб бўлганини билдирганди.

Қўшиқчининг кутилмаган қарори Бразилияда 12 июн куни старт олажак жаҳон чемпионатига саноқли кунлар қолган бир пайтда ўртага чиққан ва дунё бўйлаб кўплаб футбол ишқибозларининг таажжубларига сабаб бўлганди.

ФИФА мулозимларига кўра, Женнифер Лопес ўз қарори сабабини тўлиқ изоҳлаб ўтирмаган ва фақат бунинг "ижодий муаммолар" билан боғлиқ эканини айтиш билан чекланган, холос.

Аммо машҳур қўшиқчининг нега яна кутилмаганда ўз фикридан қайтиб қолгани сабаби маълум эмас.

"Халқаро Футбол Уюшмалари Федерацияси ва Маҳаллий Ташкилий Қўмита юлдузларнинг барчаси сафда эканини мамнуният билан изҳор қилади", - дейилади уларнинг сўнгги расмий баёнотида.

"Pitbull, Клаудия Лейтте, Женнифер Лопес ва Olodum гуруҳининг чиқиши очилиш маросимининг нақ қиёмига етган нуқтаси бўлади".

Аммо Женнифер Лопеснинг дастлабки қарор ортидан ҳам, Pitbull ва Лейтте албатта очилиш маросимида иштирок этиб, Olodum ноғорачилар гуруҳининг ҳамоҳанглигида бутун стадионни тўлдириб, "Биз биттамиз" ашуласини айтиб бермоқчи бўлишганди.

Сан-Паулуда бўлиб ўтажак 25 дақиқалик очилиш маросимида акробатлар, трамполинчи, шарқона кураш усталари ва чўп оёқчилар дохил 600 нафар санъаткорнинг ўз маҳоратларини намойиш этишлари кутилмоқда.

Мезбон Бразилия ва Хорватия ўртасидаги жаҳон чемпионатининг илк учрашувига уланиб кетувчи Сан-Паулудаги очилиш маросимини эса, "Corinthians Arena" стадионида 60.000 дан зиёд киши томоша қилади.

Ўша куни телевизор экранлари қаршисидаги томошабинларнинг сони бутун дунё бўйлаб бир миллиардга етиши тахмин этилаётир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ