Бразилия 2014: ‘Равшан Эрматов қойилмақом қарор берди’

Ўзбекистонлик номдор ҳакамнинг бу йилги жаҳон чемпионатидаги илк учрашуви футболга ихтисослашган турли халқаро интернет нашрлари ва Ғарбнинг етакчи футбол шарҳловчилари томонидан ана шундай баҳога сабаб бўлмоқда.

Равшан кеча якшанба куни Швейцария ва Эквадор ўртасидаги “F” гуруҳининг дастлабки учрашувига ҳакамлик қилиш билан жаҳон чемпионатидаги фаолиятини бошлаганди.

Ўйин 2:1 ҳисобида Швейцариянинг ғалабаси билан поёнига етган ва айнан иккинчи голга сабаб бўлган ҳолатдаги қарори учун Равшан бугун дунё футбол оламидаги кўпчиликнинг олқишларига сазовар бўлган.

Ҳаммаси 1:1 дуранг ҳисоби қайд этилиб турган ўйиннинг ҳакам томонидан қўшиб берилган сўнгги тўрт дақиқаси ичида юз беради.

Учрашувнинг 93-дақиқасида Равшан Эрматов Эквадор ўйинчиси томонидан қўполлик билан ўйин қоидаси бузилганига қарамай, ҳуштагини чалишнинг ўрнига, оёғидан чалиб йиқитилган швейцар футболчиси Валон Беҳрамийга ўйинини давом эттиришга рухсат беради.

Худди шу нуқтадан бошланган ҳужум Ҳарис Сеферовичнинг Эквадор дарвозасини забт этиши билан ниҳояланади ва Бразилияда биринчи дуранг натижа сифатида қайд этилиши кутилаётган учрашув Швейцариянинг ғалабаси билан якун топади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўйиннинг худди шу лаҳзасида Равшаннинг берган қарорига баҳо бераркан, британиялик етакчи футбол шарҳловчиларидан Жон Ҳартсон Би-би-сининг 5-радиоси учун қилган жонли шарҳи чоғида “ўзбекистонлик ҳакам ўйинни жуда яхши бошқарганини” эътироф этади.

“Валон Беҳрамий чалиб йиқитилган пайтда ҳакам учрашувни тўхтатмай, унга ўйнашга рухсат берди ва бу ажойиб натижа билан якун топди. Бу – Эквадорга нисбатан шафқатсизлик бўлиши мумкин. Бироқ футболда аяб ўтириш деган нарса йўқ”, - дейди Жон Ҳартсон.

Худди ана шу онлайн матнли жонли шарҳ чоғида ўз фикрини қолдирган британиялик футбол ишқибозларидан бирига кўра, “Бу – жаҳон чемпионатида ўзи гувоҳи бўлган энг яхши ҳакамликдир”.

Айни шундай баҳо кечаги ўйин ортидан футбол ва спортга ихтисослашган worldsoccertalk.com, sportsmole.co.uk, www.worldsoccer.com каби қатор халқаро интернет нашрларидаги таҳлилларда ҳам ўз ифодасини топган.

“Биз қатор ҳакамларнинг янглиш қарорлари учун қанчалик танқидларга тутилганликларига гувоҳ бўлдик. Шу боис ҳам, улар яхши ҳакамлик қилишган пайтда буни олқишлаш ҳам адолатдан бўлади. Жумладан, Равшан Эрматовнинг қарори ҳам мислсиз бўлди”, - деб ёзади worldsoccertalk.com веб саҳифаси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Айрим Ғарб интернет нашрларидаги таҳлилларга қаралса, Бразилиядаги жаҳон чемпионатининг Швейцария ва Эквадор ўртасидаги у қадар катта эътибор топмаган ўйини айнан Равшаннинг ҳакамлик қарори билан биринчиликнинг энг қизиқарли учрашувларидан бирига айланган.

Баъзи бир спорт нашрлари эса, учрашувнинг 70-дақиқасида Йосип Дрмич томонидан Эквадор дарвозасига киритилган, бироқ швейцар футболчисининг ўйиндан ташқари ҳолатда экани айтилиб, бекор қилинган голлик нуқтани савол остига олишган.

Уларда иддао этилишича, ҳакам ёрдамчисининг қарорига зид тарзда ўйиндан ташқари ҳолат бўлмаган.

Аммо, worldreferee.comда эълон қилинган маълумотларга таянилса, Равшан Эрматов ҳакамлик қилган илк учрашув 7.6 балл билан жаҳон биринчилигида шу пайтгача ўйналган 9 ўйин орасидан энг юқори баҳога лойиқ деб топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kevin C Cox Getty Images

Энг қуйи баҳо эса, бошқа бир Осиё қитъаси вакили, Бразилиядаги жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувини бошқарган япониялик ҳакам Юичи Нишимурага берилган. У ўзининг илк ҳакамлиги учун бор-йўғи 5.7 балл олишга муваффақ бўлган, холос.

Равшан Эрматовнинг ҳакамлиги олқишланган халқаро интернет нашрларидаги бу каби чиқишлар ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг эътиборларидан ҳам четда қолмаган.

Улар турли ижтимоий мулоқот тармоқларида бу хусусда ўз фикрларини изҳор этишаркан, бирлари “Равшан Эрматов энди жаҳон чемпионатининг финал учрашувини ҳам бошқарса керак”, деб башорат қилган бўлишса, бошқалари Осиё қитъаси вакиллари шаънини муносиб ҳимоя қилаётганини учун уни мақташган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Равшан Эрматов бу галгиси билан кетма-кет иккинчи бор жаҳон чемпионатида бутун собиқ Шўролар Иттифоқини намоён этаётган ягона ҳакам бўлади.

Унинг Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатидаги ҳакамлик маҳорати ҳам катта олқишларга сазовар бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ