Дўппи кийинг "ипаклари тиллодан!"

  • 23 Июн 2014
  • изоҳлар

Эшитдимки, қўқонлик коммунал ишчилар ер қазий туриб 13 кило тилло ғишт топиб олибдию кейин уни ҳукуматга топширибди. Ҳамманинг оғзида ҳозир шу гап. Энди ҳукумат бу тилло топилдиқни нима қилар экан, деб кўпчилик бош қотирмоқда. Мен эса нима демоқчиман!? Шу халқди бир вакили сифатида демоқчиманки, ўша тиллони эритиб толага айлантириш керак, кейин бу толаларни марғилонлик дўппидўзларга бериш керак. Нега дейсизми? Унда сабр билан эшитинг.

Эски танишимни Эски Жўва йўлида учратиб қолдим. Ўзбекчилик, ярим соатлик салом аликдан сўнг муддаосини сўрасам, парик қидириб юрибман, дейди. Бошига қарасам тим қора сочи сирка тушса топиш тугул, қайчи кирмас ҳолда қалин чангалзор.

"Э, йўқ, ўзимга эмас, лицейда ўқийдиган қизимга керак. Кеча туни билан мен, хотиним, қизим уччовимиз бош қотириб, шу ечимга келдик. Яна билмадим, қайтиб боргунимча улар айниб қолмаса агар..." дея танишим мужмалланди.

Қизи бечора касал бўлса керак, кўнглига тегмасин деб секин гаппи айлантирмоқчи эдим, ўзи дардини дастурхон қилди-қўйди.

Ҳозир ҳар каллада ҳар хаёл. Кимдир боласини ҳужжатини кўтариб лицею коллеж эшиги тагида сарсон бўлса, яна кимлардир боласини катта ўқишга киритиш ташвишида. Боланинг ҳужжатини мактабдан олиб коллежга топширишнинг ўзи бир муаммо, ота-онадан тортиб мактаб ўқитувчисигача овора. Навбатни айтмайсизми узунлигини. Лекин яна бир тоифа одамлар борки, уларнинг ташвиши анчайин бошқача, эски танишим ўша тоифадан экан.

Яъни бу тоифа кишиларнинг ташвиши шуки, қизлари ҳижоб ёки рўмол ўрайди. Коллеж ва лицейларда курсдан курсга ўтаётган қизлардан ўқитувчилар тилхат ёздириб олаётган экан. Танишимнинг қизи ҳам шу тахлитда тилхат, ота-онаси эса кафолат хати ёзиб берибди. Яъниким, "қизим сентабр ойидан лицейга ҳижобда келмаслиги кафолатини оламан, акс ҳолда қизимни коллежга ўтказдириб юборилишига розиман," деган маънода. Рўмол ва ҳижоб ўраган қизлар талайгина, уларнинг ҳаммаси ҳозир ташвишда. Энди бизда ҳамма боласини лицейда ўқишини хоҳлайди, коллеждан худо сақласин, дейди, айниқса, қиз болаларга.

Маориф масъуллари шу кунларда қаттиқ бош қотирмоқда экан, икки йўлдан бири танланар эмиш: ёки қизларга рўмолни ияклари тагидан эмас, бўйнилари орқасидан қилиб танғишга рухсат берилади ёки рўмол ва ҳижоб умуман таъқиқланиб, фақат дўппи кийишга изн берилади. Умуман олганда, дўппи масаласи ҳам ҳали аниқ бўлмай, балки ҳеч бир бош кийимига рухсат берилмаслиги ҳам мумкин эмиш. Устозлардан бири ҳижобли қизларни йиғиб, қайси бирига бўлса ҳам тайёр туринглар, яна дуода бўлинглар, деганмиш.

Танишимнинг айтишича, қизи ўқишда устозлари ва дугоналари билан бу масалани муҳокама қилиб, агар ҳаммаси таъқиқланса, парик кийиш энг мақбул йўл бўлади, чунки узун сочли парик бош ва бўйинни ёпиб туради, дея ўзларича бир ечимга келибди. Бироқ бу ечимнинг ҳам бир локини бўлиб, у ҳам бўлса, аслида ҳижобдан мақсад қиз боланинг кўзга ташланмай юриши бўлса, парик аксинча, ҳамманинг диққат-эътиборини тортадику, деган мулоҳаза экан.

Энди танишим бир парик топиб, қизига кийдириб кўрмоқчи эмиш, қани нима гап бўлади? Рости гап, бу масалага мен ҳам дарров қизиқиб қолдим. Дарҳол таниш-билишлардан суриштириб кўрувдим, ҳижоб ва рўмолларни дўппига алмаштириш варианти ҳақиқатга яқинроқ деган хабар топдим. Тўғрида, кўчалардаги катта реклом суратларида ҳам қиз болалар чиройли марғилон дўппиларда тасвирланади. Энди шу қизларни, айниқса шаҳарлик талаба қизларни дўппига қизиқтиришнинг бир йўли унинг ялтироқ зар иплари ўрнига ҳақиқий тилло ипаклардан фойдаланиш.

Ҳазиллашаётганим йўқ, ана "Айфон" деган телефоннинг тилло суви югуртирилгани бор экан, бизда энг казо-казолар, прокурору мелисалар кўтариб юрибди ҳозир.

Таклифим шуки, аввал бошда айтганимдек, марғилон дўппиларнинг ипаклари тиллодан бўлса, барча талаба қизлар талашиб кияди. Маорифдаги масъулларнинг ҳам, ота-оналарнинг ва ниҳоят қиз бечораларнинг ҳам бош оғриғи камаяди. Беш-олти йил аввал "Дўппи тикдим ипаклари тиллодан" деган қўшиқ хит бўлувди, орзуга айб йўқ, бу энди ҳақиқатга айланиб кетса ажаб эмас.

Ҳа шунақа гаплар. Эски танишим бозорнинг тепа қисмига йўл олди, мен эса заргарлик дўкони томон шошдим, ахир таклифим қуруқ бўлмасин, 13 кило тиллодан қанча узунликдаги тилло ипак олиш мумкин, шуни билиб олишим керакку.