Артур Григорян: ‘Худодан Русланнинг ғалабасини сўраб қоламан’

Фото муаллифлик ҳуқуқи ruslan chagaev

Мураббийси бу ҳақда ўзбекистонлик номдор боксчининг жаҳон чемпионлиги учун жангги олдидан Би-би-си Ўзбек Хизматига Грознийдан берган суҳбатида билдирди.

Руслан Чагаев пуэрто-рикалик рақиби Фрес Окендога қарши бугун 6 июл куни рингга чиқади.

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида мунтазам жаҳон чемпионлиги камари учун жанг Чеченистон пойтахти Грознийдаги “Аҳмат Арена”сида бўлиб ўтади ва маҳаллий вақт билан кеч соат 23:00 да бошланади.

Якшанба кунги жанг аслида 7 июн кунига режаланган, аммо рақиб томоннинг тайёргарлик учун кўпроқ вақт сўраши боис, бир ойга кечиктирилганди.

Ўз вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев эса, худди ўша арафада Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида “жангнинг кечиктирилиши ўзининг тайёргарлигига ҳеч бир маънода таъсир қилолмаслиги ва ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат ғалаба учун рингга тушишини” айтганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, пуэрто-рикалик 41 ёшли Фрес Окендо профессионал боксдаги карьерасини Русландан тўрт йил олдин бошлаган ва ундан беш ёш катта.

Окендо 1997 йилдан буён профессионал рингда 43 та жанг ўтказган ва шунинг 37 тасида ғалаба қозонган.

Жорий пайтда NABA ва WBA Fedelatin камарлари соҳиби саналса-да, рақиби Русландан фарқли тарзда шу пайтгача ўз таснифи ва вазни тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритолмаган.

Ҳозирда WBA Intercontinental ва PABA камарлари соҳиби бўлган Руслан Чагаев эса, биз билан сўнгги суҳбатида бўлажак рақиби ўзини заррача чўчитмаётгани, жангини жанговар кайфиятда ўтказишини алоҳида таъкидлаганди.

Якшанба кунги жанг олдидан боксчиларнинг вазнларини ўлчаш маросими кеча шанба куни Грознийда бўлиб ўтди.

Image caption 'Худодан Русланнинг қўли баланд келишини сўраб қоламан', - дейди мураббийси Артур Григорян

Ўз вақтида дунёнинг энг номдор боксчиларидан бири бўлган ўзбекистонлик мураббийси Артур Григоряннинг айтишича ҳам, Руслан жаҳон чемпионлиги учун жангга юз фоиз шай:

Артур Григорян: Энг аввало шуни айтишим керакки, ўзим ҳам, Руслан ҳам собиқ жаҳон чемпионларимиз. Шу боис ҳам, Руслан яна жаҳон чемпиони бўлиб, дунёга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатса, бошим кўкларга етарди. Руслан тайёргарликнинг барча босқичидан ўтди. Жисмоний бўладими ва ёки спарринг ҳамкорлар билан ишлаш, машғулотларимиз пайтида ҳаммасини олий даражада адо этди. Мен фақат мураббийси бўлганим учун бу гапларни айтаётганим йўқ. Рост гапни айтиш ҳар доим қуруқ мақтовдан афзал бўлиб келган. Ҳақиқатан ҳам Руслан бўлажак жанггига ҳар томонлама тайёр. Мен уни бундай формада кўрмаганимга анча бўлганди. Руслан ҳозир ҳам ёш ва ҳам руҳий жиҳатдан энг расо бир даражага етган. Шу боис ҳам, тайёргарлигини аъло, деб баҳолаган бўлардим. Руслан энди буни жанг пайтида ҳам кўрсата олса, бўлди. Унинг бўлажак жангига қанчалик ҳозир эканини ана шу жанг кўрсатади.

Би-би-си: Ҳам донгдор боксчи ва ҳам тажрибали мураббий сифатида Руслан Чагаевнинг бўлажак жангдаги рақиби пуэрто-риколик боксчи Фрес Окендонинг кучини қандай баҳолайсиз? У якшанба куни нималарга қодир бўларкин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи livefight.com

Артур Григорян: Фрес Окендога келсак, ўз карьерасида уч бор мағлубиятга учраган. Уларнинг ҳар уччаласи ҳам жаҳон чемпионлиги камари учун бўлган. Номдор боксчиларга қарши рингга тушганига қарамай, уларга фақат очколар ҳисобида ютқазган. Яъни на-да нокаутга учраган ва на-да рақибларининг яққол устунлиги билан мағлуб бўлган. Биз Руслан билан бирга унинг жанглари туширилган видеоёзувларни ҳам кўрдик. Жуда жиддий, ҳаракатчан, Русландан бўйи бироз баландроқ...Аммо бизнинг тактикамиз ҳар қандай рақибга мўлжалланган. Шунинг учун ҳам, тутган йўлимиз, танлаган тактикамиз тўғри деб ўйлайман. Энг асосийси, Руслан бўлажак жанггида ўзини машғулотлар пайтидагидек кўрсатса бўлди, ғалаба у томонида бўлишига шубҳа йўқ.

Би-би-си: Артур ака, Руслан Чагаев жаҳон чемпионлиги учун жангини аслида 7 июн куни ўтказиши керак эди. Аммо рақиб томоннинг сўрови билан бир ойга кечиктирилганди. Эртанги жанггида Русланга бунинг бирор бир таъсири бўлиши мумкинми?

Артур Григорян: Ҳа, саволингиз жуда ўринли бўлди. Спортда бунақа ҳолатлар учрайди. Аммо бу - Руслан учун янгилик эмас. Бунақа ҳолатларга аллақачон кўникиб кетган. Русланнинг боксчилик карьераси давомида жангги энг сўнггига келиб, қандайдир сабаблар билан бекор қилинган ҳоллар биринчи бор юз бераётгани йўқ. Тўғри, бунга ўхшаш воқеалар боксчига руҳан зарба бериши мумкин. Лекин мен сизга айтмоқчи бўлган энг муҳим гапим шуки, Руслан бунақа йўллар билан "белини букиш" мумкин бўлган боксчи эмас. Мен сизга буни мураббий сифатида айтаяпман. Чунки мен шунча кечмишларидан кейин ҳам, машғулотлар чоғида Русланнинг жангларга қандай тайёрланиши, ўзини руҳан мослаши, интизоми, фикрлашини кузатиб бораман. Шунинг учун ҳам, сизга қатъий ишонч билан айта оламанки, Руслан якшанба кунги жанггига 100 фоиз шай. Худодан Русланнинг қўли баланд келишини сўраб қоламан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ruslan chagaev

Би-би-си: Мураббийси Артур Григоряннинг айтишича, Русланнинг якшанба кунги жангги билан Ўзбекистон байроғини яна бир бор юқорига кўтариш ниятидалар.

Ўзбекистонлик номдор боксчи ҳам Би-би-си Ўзбек Хизматига берган сўнгги суҳбатларида рингга Ўзбекистон байроғи остида тушажагини билдирганди.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, профессионал карьерасида илк бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.

Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик номдор боксчи шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган.

Аммо орадан икки йил ўтиб, украиналик номдор боксчи, ўша пайтда профессионал бокснинг WBO, WBA ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони бўлган Владимир Кличкога енгилиб, мунтазам чемпионлик унвонидан маҳрум бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Руслан Чагаев сўнгги бор 2011 йилда жаҳон чемпионлиги камари учун рингга чиққан, аммо жангини россиялик боксчи Александр Поветкинга бой берганди.

Айни ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, Руслан Чагаев сўнгги икки йилда ўтказган ҳар беш рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

Жорий пайтда ўзбекистонлик таниқли боксчи WBA рейтингида 3-ўринни эгаллаб турибди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, 2012 йилдан буён ўз жангларини эркин агент мақомида ўтказиб келаётган Руслан ўтган йилдан бери Чеченистоннинг Аҳмат Ҳожи Қодиров номидаги бокс клубини намоён этади.

Ўзбекистонлик номдор боксчининг профессионал боксдаги жаъми жангларининг сони ҳозир 35 тага етган бўлса, шундан 32 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасида дуранг натижа қайд этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ