Вадим Абрамов: ‘Олмония эмас, Аргентина чемпион бўлади’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тошкентдан таниқли мураббийнинг айтишича, Бразилияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финалига бир-биридан заррача қолишмайдиган икки жамоа чиққан.

Аммо, Вадим Абрамовга кўра, шунда ҳам, Аргентина ғолиб чиқади.

Мезбон Бразилия, Голландия, Испания, Франция ва Италия каби кўпчилик чемпион бўлишини башорат қилган миллий терма жамоалар эса, аллақачон жаҳон чемпионати билан хайрлашишган.

Кеча чоршанба куни поёнига етган ярим финал беллашувлари ортидан Олмония ва Аргентинанинг 13 июл куни ягона кубок учун кураш олиб бориши маълум бўлди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, уч карра жаҳон чемпиони бўлган Олмония учун биринчиликнинг финал учрашувлари ёт эмас.

Агар, терма жамоанинг 1982 йилдан буёнги натижаларига назар ташланса, бу – олмонларнинг саккизинчи бор финал учрашувида тўп суришлари бўлади.

Аммо, анчайин тажрибали рақибларидан фарқли тарзда, жаҳон футболи юлдузи Мессининг Аргентинаси 1990 йилдан буён илк бор бу каби шарафга нойил бўлиб турибди.

Жамоа ҳисобидаги иккита кубогидан сўнггиси афсонавий футболчиси Марадона бошчилигида 1986 йилда қўлга киритилган.

Бўлажак рақиблар бундан аввал айнан 1986 ва 1990 йилларда жаҳон чемпионатининг финалида бир-бирларига қарши тўп суришган.

Биринчи учрашув Аргентина, орадан тўрт йил ўтиб бўлиб ўтгани эса, Олмониянинг фойдасига ҳал бўлган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати ярим финал беллашувлари ортидан, Вадим Абрамов билан боғланиб, энг аввало бу йилги финалчилар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди:

Вадим Абрамов: Бу йилги жаҳон чемпионатининг финалига айнан Олмония ва Аргентина чиққани мен учун сюрприз бўлгани йўқ. Мен сиз билан қилган суҳбатларимизнинг бирида Аргентина жаҳон чемпиони бўлади, финалга эса, айнан шу икки миллий терма жамоа чиқади, дегандим. Худди шу сабабдан ҳам, шундай бўлишини кутгандим. Лекин, гапнинг тўғриси, ярим финал учрашувларида ҳисоб бундай бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Футбол шуниси билан ҳам ажойиб. Яъни, футболда одам тасаввур қилмаган нарсалар юз беради.

Би-би-си: Энди, финал учрашувининг ўзига келсак. Бу икки миллий терма жамоа орасидаги ўйин, сизнингча, қанчалик қизиқарли бўлади? Ва сиз нима учун айнан Аргентина ғолиб чиқади, деб ишонаяпсиз?

Вадим Абрамов: Менимча, финал учрашуви худди Аргентина ва Голландия ўртасидаги ярим финал беллашувига ўхшаб кетади. Ва унда Аргентина ғалаба қозонади. Чунки, назаримда, Аргентина аввалбошдан ақлли футбол намойиш этиб келмоқда. Тўғри, бу борада Олмония ҳам бўлажак рақибларидан заррача қолишмайди. Ҳозир олмонларнинг фалсафаси бироз ўзгарган. Испаниялик номдор мураббий Пеп Гвардиоланинг “Бавария”га ўтиши Олмония миллий терма жамоасининг ўйин услубига таъсир этмай қолмаган. Чунки терма жамоа асосини айнан “Бавария”да тўп сурувчи футболчилар ташкил этишади. Демоқчиманки, “Барса”нинг ўйнаш усули ҳам улар учун фойдадан холи бўлмаган. Менимча, финалда куч жиҳатдан бир-бирига тенг иккита миллий терма жамоа тўп суради. Лекин Олмониянинг Мессиси йўқ. Финал учрашувида эса, ўйин тақдирини айнан Мессига ўхшаш ўйинчилар ҳал қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Би-би-си: Наҳотки, Олмониядек Оврўпо ва дунёнинг энг олд жамоаларидан бири учун Мессини иҳоталаб қўйиш қийин бўлса Вадим ака?...

Вадим Абрамов: Албатта иҳоталаб қўйиш мумкин. Лекин бунинг учун муайян бир вақт кетади. Устига устак, бундан Олмония миллий терма жамоасининг тактикаси ҳам зиён чекиши мумкин. Бошқа томондан, бутун диққат-эътиборнинг Мессига қаратилишидан Аргентина миллий терма жамоасининг бошқа юлдуз футболчилари, жумладан, Игуаин ва Агуэро фойдаланиб қолишлари, финал учрашуви тақдирини ҳал қилишлари мумкин.

Би-би-си: Лекин финал учрашувига қадар ўтказган ўйинларини таққослайдиган бўлсак, Олмония ёрқинроқ, қизиқарлироқ ва кучлироқ футбол намойиш этмадими, Вадим ака?..

Вадим Абрамов: Тўғри, бироқ финал учрашуви фақат битта ўйиндан иборат бўлади. Шунинг учун ҳам унда ҳамма нарса юз бериши мумкин. Дейлик, ким мезбон Бразилия Олмониядан 1:7 ҳисобида мағлубиятга учрайди, деб ўйлаганди?!. Бошқа томондан, биринчилик арафасида кўпчилик айнан Бразилия чемпион бўлишини башорат қилганди. Жумладан, дунёнинг энг номдор мураббийларидан бири бўлган Жозе Моуриньо ҳам. Лекин Олмония уларни яксон қилиб ташлади. Менимча, финал учрашувининг натижаси ўйиннинг қандай тус олишига боғлиқ бўлади. Қай бир миллий терма жамоа уришидан қатъиназар, ўйиннинг йўналишини биринчи киритилган тўп ҳал қилади. Агар, 1-бўлимда ҳисоб очилмаса, иккинчи таймда жамоалар жуда эҳтиёт бўлиб ўйнашга ҳаракат қилишади. Бу эса, футболчиларни чеклаб қўяди. Ҳамма пенальтилар сериясини кутишга тушади. Аргентина эса, ўтказган олти учрашувидан тўрттасида ўз дарвозасидан бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормаган. Ҳимояда жуда ишонч билан ўйнайди. Жамоа нима исташини жуда яхши билади. Менимча, айнан Аргентина бу йилги жаҳон чемпиони бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Би-би-си: Демак, финал учрашувида ҳам Аргентина миллий терма жамоасига ишқибозлик қиласиз?

Вадим Абрамов: Ҳа, Аргентина миллий терма жамоасига. Чунки мен аввалбошдан айнан худди шу жамоа жаҳон чемпиони бўлади, деб айтиб келаяпман. Қилган башоратим қанчалик тўғри чиқишини билиш учун ҳам, финал учрашувида Аргентинага ишқибозлик қиламан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ