Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Баҳодир Қўчқоров: 'Равшан, Абдуҳамид, ҳаммамизнинг юзимиз ёруғ'

Фото муаллифлик ҳуқуқи ffkr.kg

Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадасининг аъзоси, ўшлик ён қанот ҳаками ўзлари жаҳон рекордини янгилаган Бразилиядаги жаҳон чемпионатидаги фаолиятларига бир сўз билан ана шундай баҳо берди.

Улар бу йилги жаҳон чемпионатида бир чорак финали дохил тўртта учрашувга ҳакамлик қилишган ва сўнгги икки биринчиликда бошқарган ўйинлари сонини 9 тага етказиб, янги жаҳон рекордини ўрнатишганди.

Бразилиядаги жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов ёрдамчилари Абдуҳамидулло Расулов ва Баҳодир Қўчқоровлар билан бирга ишлаганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Бразилияда эришган бу каби оламшумул ютуқларига баҳо бераркан, Баҳодир Қўчқоров ўзлари учун энг муҳими рекорддан ҳам кўра, ўйинни сифатли ўтказиш бўлганини айтади.

"Биринчидан, биз Бразилияга рекорд қўйгани борганимиз йўқ. Биз у ерга тўрт йил тайёргарлик кўрган ФИФА ҳаками сифатида бордик. Бу - бизнинг хаёлимизда ҳам йўқ эди. Уни кейинчалик айтишди, рекорд, бошқа деб. Қисқаси, рекорд бўлибди, биз хурсандмиз. Аммо энг асосийси - ўйинни хатосиз ўтказиш. Худога шукр, бизда унақа нарса бўлмади. Шунинг учун ҳам, мен бундан хурсандман. Буни бугун матбуот анжумани чоғида ҳам айтдим. Юзимиз ёруғ", - дейди суҳбатдошимиз.

Улар Бразилияда тўрттадан учрашувни бошқарган учта ҳакамлар (Аргентина ва Италия) бригадасидан биттаси бўлишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи www.uff.com

Улар кеча чоршанба куни Бразилиядан ўз она Ватанларига қайтишган, Тошкент, Бишкек ва Ўшда катта тантаналар билан кутиб олинишганди.

Букмекерлик идоралари эса, сўнггига қадар бу йилги жаҳон чемпионатининг финал учрашувини бошқаришда Равшан Эрматовнинг имкониятларини қолган барча ҳакамларникидан юқори баҳолашаётганди.

Алал-оқибат Олмония ва Аргентина ўртасидаги янги жаҳон чемпионини аниқлаб берган ўйинга италиялик Никола Риццоли бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи тайин этилган ва бу турли интернет нашрларида, гўёки, Аргентина томонининг норозилиги туфайли, Равшан Эрматов бридагаси бундай имкониятдан мосувo қолганига оид гап-сўзларга ҳам сабаб бўлганди.

Баҳодир Қўчқоров эса, Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида бу - мутлақ ФИФА Ҳакамлар қўмитаси ихтиёридаги иш эканини таъкидлайди.

"90 та ҳакам бўлса, уларнинг ҳаммаси уйидан жаҳон чемпионатининг очилиш, финал учрашувида ишлаш, ўйинларни яхши ўтказишни ният қилиб чиқиб кетган. Қолгани пешанадан. Буни ҳакамлар қўмитаси ҳал қилади. Биз худди аскар сифатида ишлаймиз. Бизга мана бу ўйинда ишлайсизлар деб айтади, формани оламиз, чиқиб кетамиз. Русларда, "буйруқ бажарилади, муҳокама этилмайди", - деган гап бор. Никола ўйинни зўр ўтказди, финал чиройли ўтди. Биз уни ўйиндан кейин табриклаб, сўнгра самолётга ўтириб, ортга қайтдик", - дейди суҳбатдошимиз.

Гўёки, Аргентина томонининг норозилиги билан боғлиқ гап-сўзларга тўхталаркан, Баҳодир Қўчқоров, "бунақа хабарни биринчи марта эшитиб турганини" айтади.

"Бунақа нарсани мен ўқиганим йўқ. Бунақа хабар қаёқдан келибди ўзи. Ундан кейин, қандай қилиб жамоалар келиб, бу бизга ёқади, униси ёқмайди дейди. Бунақасини биринчи марта эшитишим. Устига устак, футбол бўйича жаҳон чемпионатида. Ҳатто, бизнинг миллий чемпионатда ҳам ҳакам тайинландими, жамоа сардори ёки мураббийси келиб, уни олиб ташла, мана буниси менга ёқади, буниси ёқмайди, деб айтолмайди. Бунақа нарса регламентда ҳам йўқ. Мен биринчи марта эшитишим бунақа нарсани", - дейди у.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Баҳодир Қўчқоров сўнгги икки жаҳон чемпионатида ҳам Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадасида ён қанот ҳаками бўлиб ишлаган.

"Мен учун ҳар икки жаҳон чемпионатидаги ўйинлар ҳам жиддий эди. Ҳакам, агар, майдонга ўйинни осон ёки енгил деб билиб, чиқадиган бўлса, у адашган бўлади", - деркан, суҳбатдошимиз Бразилиядаги жаҳон чемпионати ҳам ўзига ҳар томонлама ёққанини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"ФИФА ҳаммасини жуда яхши ташкиллаштирган, самолёт, меҳмонхоналар, кутиб олишлар, одамларнинг оқибати, кўчадаги, стадиондаги муносабатлари, майдонларнинг аҳволи, йўллар, нақлиёти, овқатлари, ..умуман гап йўқ, эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада эди".

Суҳбатдошимизнинг энг сўнгида айтишича, ҳозирги бирламчи режалари дам олиш.

Кейин эса, яна тайёргарликка киришамиз, олдинда қатор қитъа миқёсдаги ўйинлар турибди, чақиришса, борамиз, ҳаёт кетаяпти, тайёргарлигимизни кўраверамиз, дейди у киши.

Шу йилнинг 12 июн куни Бразилияда старт олган футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионати ўтган якшанба куни поёнига етган ва ғолиблик дунёнинг 32 миллий терма жамоаси орасидан Олмонияга насиб этганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02