Осиё Кубоги 2015: Австралия Ўзбекистоннинг рақиби билан куч синашмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Иштирокчи миллий терма жамоалар январ ойига режаланган турнир арафасида ўртоқлик учрашувлари ўтказишга зўр беришаркан, мезбон Австралия бу гал Саудия Арабистонига қарши майдонга тушмоқчи.

Хабарларга кўра, Австралиянинг Ўзбекистоннинг гуруҳдош рақибига қарши ўртоқлик учрашуви 8 сентябр куни Лондонда бўлиб ўтади.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Австралия футбол бўйича бу йилги жаҳон чемпионатининг иштирокчиси ҳам саналади.

"Соккероуз"лар Япония, Жанубий Корея ва Эрон билан бирга Бразилияда Осиё қитъасини намоён этган тўртта миллий терма жамоадан бири бўлишганди.

Австралия жаҳон биринчилигининг гуруҳ босқичидан ортга қайтган эса-да, Ҳолландияга қарши матонатли ўйини билан кўпчилик футбол мутахассисларининг эътирофига сабаб бўлганди.

Устига устак, Саудия Арабистонига қарши ўртоқлик учрашувидан тўрт кун ўтиб, улар сўнгги жаҳон чемпионати чорак финалчиси Бельгия билан ҳам куч синашиб кўришмоқчи.

Ҳолландия ва Бельгия эса, Оврўпонинг кўзга кўринган миллий терма жамоаларидан саналишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистоннинг гуруҳ босқичидаги рақиби Саудия Арабистонига қарши ўйини - Австралиянинг бўлажак Осиё Кубоги арафасида ўтказаётган бешинчи халқаро ўртоқлик учрашуви бўлади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Австралия 2011 йил Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида Ўзбекистонни ўз тарихида илк бор финалга чиқиш бахтидан мосуво этган миллий терма жамоа бўлади.

Аммо, ўша йилги кубокка асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилганига қарамай, Австралия финал учрашувида Японияга енгилиб, иккинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлган.

Япония эса, тўрт карра Осиё чемпионига айланиб, қитъада ўзига хос рекорд ўрнатганди.

Қайд этиш лозим, Ўзбекистон, барибир, футбол бўйича Осиё Кубоги мусобақаларида қайд этган тарихий натижа ҳам айнан ўша йилга тўғри келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон ўшанда ўз тарихида илк бор Осиё Кубогининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлган, ҳақли равишда қитъанинг энг кучли тўртта миллий терма жамоасидан бирига айланганди.

Хабарларга кўра, бу гал Бош мураббийси Миржалол Қосимов бошчилигидаги миллий терма жамоа Австралиядаги турнир арафасида Озарбайжон, Иордания, Янги Зеландия, Қатар, Баҳрайн ва Бирлашган Араб Амирликларига қарши қатор ўртоқлик учрашувлари ўтказишни режалаган.

Ўзбекистоннинг Озарбайжонга қарши илк халқаро ўртоқлик учрашуви 20 август куни Бокуда бўлиб ўтиши режаланган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Австралия ҳам октябр ойида Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарга қарши яна иккита ўртоқлик учрашуви ўтказмоқчи.

2015 йилги Осиё Кубогига муддатидан илгари йўлланмани қўлга киритган Ўзбекистон ягона кубок учун курашини "В" гуруҳида бошлайди ва кейинги босқичга чиқиш учун Саудия Арабистони, Хитой ҳамда Шимолий Кореяга қарши кураш олиб боради.

Футбол бўйича 16-Осиё Кубоги ўйинлари 9 январ куни Австралияда старт олади ва кубок соҳиби 31 январ куни маълум бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ