‘Оврўпонинг энг зўр футболчиси’ – Криштиану Рональду

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Португалия, “Реал”(Мадрид) ва жаҳон футболи юлдузи УЕФА таснифидаги ушбу нуфузли мақомни қўлга киритиб, қолган икки рақиби: Мануэль Нойер ва Арьен Роббенни доғда қолдирди.

Бу – амалдаги “Жаҳоннинг энг қойилмақом ўйинчиси” бўлган Рональдунинг илк бор ушбу шарафга нойил, деб топилиши бўлади.

УЕФА таснифида бу йилги “Оврўпонинг энг зўр футболчиси”ни 54 журналистдан иборат ҳайъат аниқлаб берди.

Аён бўлишича, Криштиану Рональду испан қироллик жамоасининг сўнгги мавсумда Оврўпо Чемпионлари чемпионлигини қўлга киритишида қўшган мислсиз ҳиссаси билан журналистларнинг меҳрларини қозонган.

Рональду, “Ушбу мукофотдан боши осмонга етгани, бунинг учун жамоадошларига алоҳида раҳмат айтиши шартлиги, чунки уларнинг кўмагисиз бу каби мақомларни фақат тушда кўриш мумкинлиги”ни айтган.

Рональду

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Яқинда эса, Американинг нуфузли “Тайм” журнали Португалия футболи юлдузини “Дунёнинг 100 та энг қудратли инсони” рўйхатига киритганди.

Португалиялик сара ҳужумчи бугун футболга бефарқ бўлмаган аксарият томонидан ҳақли равишда жаҳондаги иккита энг зўр ўйинчидан биттаси деб тан олинади.

Криштиану Рональдо 2009 йилда дунёдаги энг қиммат биринчи футболчи сифатида ҳам тарихга кирган.

Испаниянинг наҳанг "Реал"(Мадрид) жамоаси уни Англиянинг қизил иблисларидан ўша пайтда рекорд - 80 миллион АҚШ долларига сотиб олганди.

Криштиану Рональдо бир боланинг отаси ва россиялик машҳур модел Ирина Шейк билан юради.

Португалиялик футбол юлдузи ўзининг Ғазо Бўлгасидаги хайрияпарварлик ишлари билан ҳам араб дунёсида анча ном чиқарган.

Собиқ жамоадоши ва ҳозирда Лондоннинг "Арсенал" клуби ўйинчиси Месут Ўзил яқинда берган суҳбатида Криштиану Рональдога "Қуръони Карим" сураларини ўргатгани ҳақида ҳам айтиб ўтганди.

Рональду ва Ўзбекистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Рональдунинг “Реал”(Мадрид) жамоаси катта сондаги ўзбекистонлик футбол ишқибозлари жон куйдириб мухлислик қиладиган саноқли хорижий клублардан бўлади.

Маҳаллий футбол ишқибозлари бу жамоа иштирокидаги ўйинларни деярли қолдирмай кузатиб боришади.

Испания Ла Лигасидаги пичоққа илингудек ҳеч бир хабар ҳам Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган бирор бир нашр эътиборидан четда қолмайди.

Айни ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Рональду Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Васийлик кенгаши раиси бўлган Фонд Форумнинг таклифи билан 2009 йилда Тошкентга ҳам келган.

Худди ўша пайтда Фонд Форум юлдуз футболчи билан ҳамкорликка оид меморандум имзолашга ҳам муваффақ бўлгани айтилганди.

Сўнгги хабар Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган қатор интернет нашрларида ҳам маҳаллий ишқибозларининг қизғин муносабатларига сабаб бўлган.

Ўз фикрлари билан ўртоқлашган аксарият Рональду, “Реал”(Мадрид) ва бир-бирларини сўнгги янгилик билан табриклаган.

Криштиану бу йил ушбу мақомга энг лойиқ футболчи бўлганини исботлашга уринган.

Аммо қолдирилган фикрлар орасида, “Шу баъзи комментларни ўқиб ҳайрон қоламан-да, кимлардир шу номга ўзи эришгандек хурсанд бўлса, кимлардир шу номга ўзи эришолмагандек хафа бўлади-я, футбол фақат Рональду билан Мессидан иборат эмас-ку, шуларсиз ҳам мазза қилиб футбол кўрса бўлади-ку”, - деган мазмундагилари ҳам, саноқли бўлса-да, учрайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ