Плей-офф учун кураш: Афғонистон-Ўзбекистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳал қилувчи ўйинда сўнгги рақиби Афғонистонни 5:0 ҳисобида мағлуб этди.

7-дақиқада Егор Кримец ҳисобни очди.

42 -дақиқада Воҳид Шодиев ҳисобни 0:2 га етказди.

49-дақиқада Фаррух Сайфиев ҳисобни янада мустаҳкамлади.

86-дақиқада Игорь Сергеев ҳисобни яна биттага оширди.

90+1 дақиқада Воҳид Шодиев яна бир тўпга муаллифлик қилди.

Ўзбекистон энди плей-офф босқичида Саудия Арабистонига қарши тўп суради.

"В" гуруҳининг иккинчи учрашувида Бангладеш Гонг-Конгни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Уч ўйиндан 6 очко тўплашга муваффақ бўлган Бангладеш Ўзбекистон тушган гуруҳдан плей-офф босқичига чиққан иккинчи жамоа бўлди.

Улар кейинги босқичда "А" гуруҳи пешқадами Жанубий Кореяга қарши тўп суришади.

Ўйин тафсилотлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи

“В” гуруҳи саралаш босқич беллашувларининг якуний 3-тур учрашуви Тошкент вақти билан соат 13:00 да бошланди.

Ўзбекистон 1-бўлимдаёқ рақиблари дарвозасини икки бор аниқ нишонга олди.

Қолган уч тўп эса, 2-бўлимда киритилди. Ўзбекистон жуда ҳужумкор ўйин намойиш этди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Гонг-Конг ва Бангладешга қарши бундан аввалги икки учрашувини бир дуранг ва бир ғалаба билан якунлаган.

Жамоа бугунги учрашуви арафасида икки ўйиндан 4 очко жамғарган ҳолда тўплар нисбатидаги фарқ билан ўз гуруҳида пешқадамлик қилаётганди.

Гонг-Конг эса, худди шу ҳисобдаги очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турганди.

Гуруҳда 3-ўринда бораётган Бангладеш шу пайтгача 3 очко жамғаришга муваффақ бўлганди.

Кетма-кет икки бор мағлубиятга учраган Афғонистон ҳисобида бирорта ҳам очко йўқ эди.

Инчеондаги Осиё Ўйинларининг футбол бўйича плей-офф босқич беллашувларига ўз гуруҳида дастлабки икки ўринни эгаллаган миллий терма жамоалар чиқишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Якуний тур учрашуви арафасида қўшни Қирғизистон ҳам плей-офф босқичига чиқиш имкониятини сақлаб турибди

Кеча 21 сентябр куни гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг якуний тур учрашувларини ўтказган “А”, “С” ва “D” гуруҳларидан Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Фаластин, Тожикистон, Ироқ ва Япония аллақачон плей-офф босқичига йўлланмани нақд қилишган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон илк ва ҳозирча сўнгги бор 1994 йилда Осиё Ўйинлари ғолиби бўлган.

Мазкур мусобақада миллий терма жамоалар таркиби асосан 23 ёшли футболчилардан иборат бўлиши тақозо этилади.

Мавжуд тартиб-қоидаларга мувофиқ, уларга фақат ёши 23да юқори уч нафар футболчини ўз сафларига олишга рухсат этилади.

XVII Ёзги Осиё Ўйинлари 14 сентябр куни Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида расман очилган ва 4 октябр куни ўз поёнига етади.

Расмий хабарларга кўра, бу йилги Ўйинларда Ўзбекистон шарафини 296 нафар спортчи спортнинг 32 тури бўйича ҳимоя этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ