Инчонда ҳижоб можароси

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳижобда ўйнашларига изн берилмагани боис, баскетбол бўйича Қатар хотин-қизлар терма жамоаси Осиё Ўйинларини тарк этган.

Хабарларга кўра, Мўғулистонга қарши ўйин олдидан, улардан ҳижобларини ечиб қўйишларини талаб қилишган.

Аммо қатарлик баскетболчилар бундан бўйин тортишган ва мусобақалардан чиқиб кетишга қарор қилишган.

Халқаро баскетбол тартиб-қоидаларига мувофиқ, ўйинчиларнинг бош кийим ва турли соч безакларида бўлишлари ман этилади.

Аён бўлишича, қатарлик баскетболчилар аввалига Непалга қарши навбатдаги ўйинларигача истиснолар бўлар, деб умид қилишган.

Аммо, бунинг нишоналари кўринмагач, қатъий бир қарорга келишган.

Бу - Инчонда давом этаётган XVII Ёзги Осиё Ўйинларида ҳижоб билан боғлиқ кузатилаётган илк можародир.

Бошқа спорт турларида муслима спортчиларнинг ҳижобда беллашишларига ҳозирча бирор бир тўсқинлик кўрилмаган.

Дейлик, эронлик оғир атлетикачи аёллар ниқобларида бемалол беллашиб, ҳатто, Ўйинларнинг бронза медалини ҳам қўлга киритишган.

Тақиқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Халқаро Баскетбол Уюшмаси шу ой бошида ҳижоб масаласини муҳокама этган.

Икки йил давомида муслима баскетболчиларга қай бир бош кийими мос келишини аниқлашга ҳам қарор қилган.

Аммо тақиқнинг ўзи ҳалиям бекор қилинмаган.

Сўнгги янгилик Осиё Олимпия Кенгашини ҳам беэътибор қолдирмаган.

Кенгаш бу хусусда махсус баёнот билан чиқиб, "спортчиларнинг ҳуқуқлари устивор масала бўлиши керак"лигини таъкидлаган.

Қатарлик баскетболчилардан бири Амалнинг айтишича, Ўйинлар арафасида ўзларига ҳижобда бемалол ўйнашлари мумкинлигини айтишган.

"Агар, мулозимлар ўз қарорларини ўзгартиришмаса, биз бу Осиё Ўйинларидаги бирор бир баҳсда иштирок этмаймиз", - дейди у.

Осиё Ўйинлари ҳар тўрт йилда бир ўтказилади.

Унда қитъанинг 45 давлатидан 9.000 дан ортиқ спортчи 36 спорт кураш тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Ҳижоб

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Спорт оламида муслима спортчиларнинг ҳижоблари билан боғлиқ бу каби можаролар илк бор кузатилаётган йўқ.

Дейлик, фақат, ўтган йилга келиб, ФИФА ҳам аёл ва ҳам эркак футболчиларга диний бош кийимларида тўп суришга расман рухсат берганди.

Яқин йилларгача, қай бир дин вакиллари бўлмасин, эркак ва аёл футболчиларга бу иш қонунан ман этилганди.

2007 йилдан буён эса, жароҳат олишлари хавфи борлиги айтилиб, ФИФА томонидан, ҳатто, муслима футболчиларнинг ҳижобда майдонга тушишлари расман тақиқланганди ҳам.

Эслатиб ўтиш жоиз, биргина шу тақиқнинг ўзи Африка ва Осиё Футбол Конфедерациялари раҳбарлари қолиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳам эътиборини тортган ва улар Футбол Уюшмалари Халқаро Федерациясини уни бекор қилишга ошкора даъват этиб чиқишганди.

Улардан ташқари, дунёда энг нуфузлиларидан бири саналувчи Англия премьерлигасида тўп сурувчи қатор футболчилар ҳам бу уч халқаро ташкилотга хайрихоҳ эканликларини билдиришганди.

Футбол Уюшмалари Халқаро Федерацияси буларнинг барчаси ортидан, 2012 йилда икки йиллик синов муддати белгилаган ва алал-оқибат бу хусусда ижобий тўхтамга келганди.

Ҳозир футболдан ташқари, енгил атлетика, регби, қиличбозлик, воллейбол ва таэквондо мусобақаларида муслима спортчиларнинг ҳижобда беллашишларига рухсат берилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ