Вадим Абрамов: 'Ўзбекистон камида финалга чиқиши керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи lokomotiv.uz

Мезбон Австралия дохил қитъанинг энг кучли жамоалари, албатта, ўзлари янги чемпион бўлишларини даъво қилаётган бир манзарада Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ Бош мураббийи ана шундай ишончни изҳор этди.

Жамоа айнан Вадим Абрамов бошчилиги остида Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида тарихий натижа қайд этган ва илк бор турнирнинг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлган.

Ўшанда "Ўлим" гуруҳига тушгани айтилган Ўзбекистон ўзининг ҳужумкор ўйинлари билан нафақат финалда тўп суриш, балки Осиё Кубогини қўлга киритишга ҳам ҳақли равишда даъвогарлик қилганди.

Улар ўйинларнинг очилиш учрашувида мезбон Қатарни, кейин бойвачча Қувайтни енгиб, Осиё Кубогида катта тажрибага эга Хитой билан дуранг ҳисобига эришишга муваффақ бўлишганди.

Жамоа уч ўйиндан 7 очко тўплаб, ўз гуруҳидан пешқадам мавқеъда чорак финалга чиққан ва ярим финал учун бўлган курашда Иорданияни ҳам мағлуб этганди.

Аммо ярим финал беллашувини Австралияга 0:6 ҳисобида бой бераркан, Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Осиё Кубогининг финал босқичига чиқиш имкониятини йўққа чиқарганди.

Финал учрашувида австралиялик рақибларини 0:1 ҳисобида мағлуб этган Япония эса, тўртинчи бор Осиё чемпионига айланганди.

Агар, футболга ихтисослашган турли интернет нашрларида қолдираётган фикрларига таянилса, ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг аксарияти ҳам ўз жамоаларидан бу йил Осиё чемпионлигини кутишмоқда.

Шундай экан, собиқ Бош мураббийи Вадим Абрамов ўз ишончи сабабини нималар билан изоҳлайди?

Би-би-си Ўзбек Хизмати 9 январ куни Австралияда старт олажак 2015 йилги Осиё Кубоги олдидан ҳозир клуби билан Дубайда бўлган номдор мураббийни суҳбатга тортди:

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Вадим Абрамов: Нормал рақиблар. Менимча, миллий терма жамоа уларни енгиб ўтиб, кейинги босқичга чиқиши шарт. Тўғри, рақиблари ҳам бўлажак "жанг"га шай бўлиши табиий. Аммо шундоққина Осиё Кубоги арафасида Саудия Арабистони ва Шимолий Кореянинг Бош мураббийлари ўзгарди. Бу каби ҳоллар эса, доимо ўз сўзини айтмай қолмайди. Мана, ўзим охирги учрашувларини кўрдим, Саудия Арабистони аввалгидек кучли ўйин кўрсатаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам, жамоа кейинги босқичга чиқиши шарт, назаримда.

Би-би-си: Миллий терма жамоа кейинги босқичга чиқиши шарт, деркансиз, шахсан ўзингиз собиқ Бош мураббийси сифатида ўзбекистонлик футболчиларнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз? Улар бунга қодирми?

Вадим Абрамов: Миллий терма жамоа таркиби рисоладагидек. Асосий гап уларнинг турнирга қанчалик жиддий ҳозирлик кўрганликларида. Буни эса, мана, бўлажак ўйинлар кўрсатади. Яъни, кимнинг қандай тайёргарлик кўргани бутун турнир давомида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам, ҳаммасини ўйинлар кўрсатади. Миллий терма жамоанинг ўзига келсак, футболчиларнинг потенциали, имконияти жуда яхши. Жамоа аввалгига қараганда ҳам кучайган. Шу боис ҳам, улар камида финалда тўп суришлари керак.

Би-би-си: Сизнинг назарингизда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси финалга чиқолади? Яъни бунинг учун салоҳияти, имконияти ва куч етади?

Вадим Абрамов: Ҳа, сўзсиз. Юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, жамоада жуда яхши футболчилар йиғилган. Мен бунга шубҳа ҳам қилмайман. Улар финалга чиқишлари лозим.

Би-би-си: Вадим ака, мураббий сифатида Осиё Кубоги беллашувлари ва иштирокчилари ҳам сизга яхши таниш, маълум. Шундай экан, бу йил янги Осиё чемпиони ким бўлади?

Вадим Абрамов: Менимча, асосий даъвогарлар рўйхати ўша-ўша...фақат, уларнинг таркибига бу йил Қатар ҳам қўшилган, деган бўлардим. Қолганлари яна ўша Япония, Австралия, Жанубий Корея...Жумладан, юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон ҳам кубокка даъвогарлардан бири.

Би-би-си: Вадим ака, бошқа томондан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси кейинги босқичда Жанубий Корея ёки мезбон Австралияга қарши тўп суриши эҳтимоли юқори. Шундай экан, буёғига нима деган бўлардингиз?

Вадим Абрамов: Ҳаммаси миллий терма жамоанинг гуруҳда қандай ўйин кўрсатишига боғлиқ бўлади. Аввал гуруҳдан кейинги босқичга чиқишлари керак. Қолгани ундан кейин маълум бўлади.

Би-би-си: Вадим ака, энг сўнггида Ўзбекистон миллий терма жамоасига тилакларингиз?..

Вадим Абрамов: Уларнинг ўзлари ҳам бутун масъулиятни ҳис этишади. Осиё Кубогида яхши ўйин кўрсатиш учун ҳозирлик кўришган. Шундай экан, шунга яраша муносиб ўйин кўрсатишади. Мен уларга худди шуни тилаб қоламан. Яна уларга омад ёр бўлсин, дейман. Менимча, кўп нарса биринчи ўйинга боғлиқ бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ